БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД. Иқбол Мирзо
одамдан ҳам қўрқадими киши? Дада-ку ахир! Юзлари оппоқ, қош ва киприклар узун-узун, тим қора. Бурни тик, қиррадор, лаблари қаттиқ қимтилгану, кулгига мойил…
Бобом раҳматли “Жон узилар чоғи мўмин одамга жаннат боғчалари кўрсатилади. Марҳумнинг табассуми шундан далолат”, дегани эсимга тушди. Илоё, жойингиз фирдавс чаманзорида бўлсин, дадажоним!..
Дадамнинг талабалик суратларини, альбомларини кўп кўрганман, ҳозир худди ўша ёшлигига қайтиб қолгандек ётибди. Тикилиб туриб:
– Дадажон, бемаврид кетиб қолдингиз, – деб юрагимдан ўтказиб турган эдим, акам:
– Кўп термулма, майит безовта бўлмасин, – деб юзларини ёпиб қўйди.
“Майит” деган сўз миямга оғриқ берди. Дадам… майит… марҳум…
Амаким қайтиб кириб, деворга суяниб ўтирди. Аҳён-аҳён “Ҳа, акажоним-а!” деб қўяр, бу нолиш озурда дилимни баттар вайрон қиларди.
Вақт ярим кечадан оғган бўлса-да, дадамнинг синфдошлари, яқин ўртоқлари тўп-тўп бўлиб келаверди. Ўн чоғли одам хобгоҳга кириб видолашиб чиқди. Хонада амаким ва акам қолдик. Амаким:
– Бор, Бону, ётиб дамингни ол, эртага сенга кўп куч керак бўлади, дадангни ёнида биз қоламиз, – деди.
– Йўқ, дадам охирги кун меҳмоним ахир, – деб унамадим.
Тонг оқариб кела бошлади.
Ғассол келгач, мени чиқариб юборишди. Дадамни охирги бор кўрганим шу бўлди.
Таомилга кўра эркаклар овоз олишди… Иккинчи томондан аёллар… Бошим айланиб, кўзим тиниб кетди. Нима бўлганда ҳам келим-кетим вақтида одамлар орасида бўлиш керак экан.
Негалигини билмайману, ҳеч додлаб, бақириб йиғлай олмадим. Ичикиб, унсиз йиғлайман. Бу йиғи ҳисобга ўтмас экан. Қишлоқнинг кайвониси келиб:
– Овоз олиб йиғланг, одамлар айб қилади, – деб қулоғимга пичирлаб кетди. Уриниб кўрдим. Эплолмадим. Аммам келиб:
– Нега овоз чиқармаяпсан? Акам сени ҳаммадан кўп яхши кўрарди, овоз қўйиб йиғла, – деди. Ҳеч нима демадим. Биқинимдан қаттиқ бураб чимчилаб олди, – овоз чиқариб йиғла-е, одамлар айб қилади!
Астағфируллоҳ, жинни бўлганми булар, мени йиғимни кўриш учун келишганми нима бало! Эй художоним, фаросат бер бандаларингга, деб ичимда яна калима ўгиравердим.
Бир вақт деразадан тобутни олиб чиқишди. Олдинда акам… тўнни сириб белбоғ боғлаган, бошида дўппи, кўзлари қизариб, шишиб кетган… кейин амаки-тоғалар…
Тобутни ҳовлига қўйиб жаноза ўқишди.
Юрагим қон бўлиб оқиб тушди…
Атрофга қарадим, ҳовлида оёқ қўядиган жой йўқ… Тобутга етиб олиш иложсиз, елкалардан-елкаларга ўтиб, қайиқдек чайқалиб боряпти… Шунда телбаларча дод солиб, фарёд кўтарибман:
– Мен шўрликни кимга ишониб ташлаб кетяпсиз, дадажон!
…Кўзимни очсам, тепамда онам, холамлар, опам, акам туришибди.
– Эртага дадамга бегойи жума, тур, Бонужон, бунча ухладинг, – деди опам.
– Дадамни қабрга ким қўйди? – сўрадим. Акам:
– Мен қўйдим, ўзим қўйдим, – деди…
Ҳа, ўғил ана шу кунга керак экан-да… Оталар шунинг учун ўғил фарзанд сўраркан-да, деб ўйладим.
– Ҳай,