БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД. Иқбол Мирзо

БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД - Иқбол Мирзо


Скачать книгу
чақириб, бир аёл сўроқлаб келганини айтди. Ҳайрон бўлиб чиқдим, йўқловчи билан салом бериб сўрашдим… Аёл Олмоснинг онаси эканлигини, гаплашиб олишимиз зарурлигини айтиб, ташқарига етаклади.

      Спорт майдончасидаги ўриндиқларнинг бирига бориб ўтирдик… Ўртага ноқулай, зил сукунат чўкди. Юрагим биринчи марта қафасга тушган каптар каби потирлар, қош-кўзимдаги нуқсонни яшириш учун ерга қараб, бармоқларимни мушт қилиб беркитиб ўтирардим.

      Аёл биратўла муддаога кўчиб қўяқолди. Яқинда Олмосни уйлантиришларини, тагли-тугли, ўзларига муносиб хонадоннинг қизини сўраб қўйишганини, кеча тўй кунини белгилаб келишганини айтдию бошимдан бир челак муздай сув қуйгандай бўлди… Менинг қарашимдаги савол аломатини пайқаб, норози оҳангда бизникига борган эркак совчилар Олмоснинг домлалари эканини, бу ўзбошимчаликдан оила бехабар ва норозилигини писанда қилди.

      Мазам қочди, кўнглим беҳузур бўлиб, кўзим тинди, еру осмон чайқала бошлади. Энди аёлнинг овози булутлар ортидан, майсалар остидан келарди:

      – Ҳа, қизий, ҳаётни ўйинчоқ билибмидинг? Ҳар кимнинг азалий қисмати бор, уни ўзгартиролмайсан. Ё чиройинг билан тақдир яратмоқчимидинг? Ҳусн ҳам омонат нарса, бугун бор, эрта – йўқ! Тўғри юрганингда юзингга доғ тушмасди, хўпми? Кўзгуга бир қара! Нималигинг эсингдан чиқмасин! Кўрпангга қараб оёқ узат!

      Мени Шоира опамникига дугоналарим олиб келиб ташлашибди. Эртасига бор гапни опамга тўкиб-солдим. Опам ҳам бошимни қучоғига олиб мунчоқ-мунчоқ йиғлади. Шунда… дунёда мени ушлаб турган ягона илинжимдан, биттагина умидимдан ҳам ажралганимни ва… Шоира опамдек қиёматли жигарим борлигини англаб етдим…

* * *

      19 ноябрь

      Вақт ўтган сайин ҳолсизланиб бораётган эдим, асабийлашсам қўлларим қалтираб қоладиган бўлди. Аста-секин бармоқларим ва оёқларим панжалари оқариб кела бошлади…

      Учинчи босқичда ўн кунча ўқигач, Қоровулбозорга пахтага кетдик… Сал-пал юракка шамол теккандай бўлди… Кейин пахта чаноғи қўлимни тилган жойлари оқариб кетди. Сўнгра доғлар ёйилиб, аъзойи баданимга лахтак-лахтак бўлиб тарқалди…

      Бир кун далага отланиб турсам, деканимиз ёнимга келиб:

      – Нега бунақа бўляпти? Бу жиддий касаллик, ота-онангга айт, дўхтирга кўрсатишсин, – деди.

      – Хўп, айтаман, – дедиму, кимга айтишимни, кимдан нажот кутишимни кўз олдимга келтиролмадим.

      Аслида, яқинларимдан йироқ юриш менга маъқул эди, уларнинг ваҳимали куйинчаклиги, шафқати мени зада қилган, айниқса, тўзғиб бораётган чиройим билан онамни об-оташларга ташлашни истамасдим.

* * *

      23 ноябрь

      Касаллик авж олгани сари одамови бўлиб борардим, сабаби аён, ҳамма устимдан кулаётгандек, раҳми келиб, ачиниб қараётганлар ҳам ич-ичидан мамнундек туйилар, хайрият, бу дардга мен чалинмаганман, деб кўксига туфлаётгандек кўринарди.

      Декандан илтимос қилиб, штабда қоладиган, ош-овқатга қарайдиган, супур-сидир билан шуғулланадиган бўлдим. Ишимни талабалар даладан қайтгунча бажариб қўйиб, каравотим жой олган


Скачать книгу