БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД. Иқбол Мирзо
чиқиб:
– Биринчи йил келишингизми? – деб сўради.
Мен тасдиқ ишорасини бериб, сиз-чи, десам, у:
– Ҳа-а, мен эски песларданман, ўн икки йилдан бери қатнайман, – деди бамайлихотир.
Чаён чаққандай турган жойимда бир сакраб тушдим.
– Нима?! Ўн икки йил?! – қулоқларимга ишонмай, қайтиб сўрадим.
Аҳволимни кўриб елкамга уриб қўйдию:
– Ҳа, хафа бўлманг, ҳали кўникиб кетасиз, – деди маҳзун жилмайиб.
Сув тўла челагим қудуққа тушиб кетди, суҳбатдошим менга ёрдамлашиб, кейин ўзининг челакларини ҳам тўлдириб, жўнади.
Унинг гаплари миямда қовоғаридек бетиним ғўнғилларди: “эски песлардан…” “ўн икки йил…”
Гангиб, ўтириб қолдим. Қанча қолиб кетганимни билмайман… Хаёлимда биргина савол: мени ҳам пес деб аташадими энди?
Шу чоққача бу касалликни дард деб юраверибман-у, идрок этмаган эканман. Атрофимдагилар ҳам бу сўзни товуш чиқариб айтишмаган экан.
Номининг ўзи дарддан кўра даҳшатлироқ… Ҳайҳот!
Англаган ҳақиқатим – пес бўлган эканим ва бу дард тузалмас, бедаволиги… Дунёдан мутлақо узилиб қолганим, ҳаётим ҳайратланарли даражада арзимаслиги, ночорлигим, бечоралигим…
Саволлар юрак-бағримни тилка-пора қиларди.
Ҳужрага қайтиб, йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолибман, хонадошлар келишсаки, овқат йўқ. Ҳаммаси хафа бўлишди, кейин эркалигимга, янгилигимга йўйишди. Ўзлари шавла пишириб, мени дастурхонга чақиришди, ўрнимдан турмадим. Қаеримга ейман овқатни, нима учун, қайси куним учун?
Тушдан кейин бир аёлдан ўрнимга навбатчилик қилишини сўрадим ва ўзим чиқиб кетдим, узо-оқ-узоқларга, ҳеч кими йўқ жойларга…
Кечга қадар шу аҳволда бесару сомон юрдим. Ҳужрага қайтишга оёғим тортмади…
9 декабрь
Ассалому алайкум. Узр, акажон, кўзимнинг босими азоб беряпти, ёза олмаяпман. Озгина дам берай, кейин ёзаман…
15 декабрь
Оқшом саргардонликдан қайтгач, мозор ёнига келиб ўтирдим…
Гаплашдим, дардлашдим…
Йиғлаб-йиғлаб қабрга бош қўйиб ухлаб қолибман.
Бир маҳал кимдир туртгандай бўлди, кўзимни очиб қарасам, бир мўйсафид чол:
– Жинмисан, шайтонмисан, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ! – деб юзимга қўлчироқ тутиб турибди. Хижолатдан сўз тополмай қолдим.
– Йиғлабсанми, йиғлабсан-а? – деди у энгашиб. Индамадим. – Қўрқмаяпсанми бир ўзинг бу ерда? Вақт алламаҳал…
– Кимдан қўрқай? Бу ерда қўрқадиган одам йўқ-ку, – дедим аламли йиғи аралаш.
– Нима, бу ерларда янгимисан? – сўради қизиқиб. Яна индамадим. – Ҳа, биринчи йил келишинг! Дастлаб шунақа бўлади, хафа бўлма, кўникиб кетасан. Ҳали бу ерга меҳринг уйғониб, кетгинг ҳам келмай қолади. Ҳа, болам-а, бу ердақа тинч жойни топиш амримаҳол. Ҳеч ким сенга тегмайди, озор бермайди, паст назар билан қарамайди, дастурхонидан ажратиб қўймайди. Бу ернинг асл хосияти ана шунда. Бунда ёмон одам йўқ, ҳаммасининг юраги яримта, озурда одамлар. Кеча-кундуз кўнглингга қараб