БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД. Иқбол Мирзо
эски йилда қолиб кетсин!
3 январь
Бир маҳал онам ва акамлар тўйдан келишди.
Мен оғилга қайтиб кириб, дорни ечиб олишга улгурмадим. Ҳамманинг ухлашини кутдим… Бу орада мол-қўйга хашак ташлагани кирган акам арқонни кўриб ҳаммасини тушунибди.
Онам иккови талвасага тушиб, ақлдан озгандай фақат битта гапни бетиним такрорлашарди: “Нега? Нима учун? Бизни ўйламадингми? Кейин булар қандай яшайди, бу иснодни қандай кўтаради, демадингми?” каби жавоби шарт бўлмаган саволлар беришар, онам бўйнимдан қучиб, тинмай “Балодан ҳазар-а, худойим ҳушдан айирмасин, ақлдан бегона қилмасин! Шайтон васвасасига учмасин болам”, деб дуо ўқирди…
6 январь
…Суиқасд воқеасини эшитиб ақлдан озай деган Шоира опам Икромиддин акадан рухсат сўраб, мени Тошкентга дерматолог кўригига олиб борди.
Анча овораю сарсонликлардан кейин Марказий шифохонага йўл топдик. Инсон саломатлиги эвазига бизнес қилиб, бола-чақа боқадиган корчалонлар таниқли шифокорларни ўраб олиб, биз каби жовдираб нажот истаб юрганларни қармоққа илинтираркан. Ана шундай ишбилармон учарлардан бири мўмайгина “қўл ҳақи” эвазига Расулов деган профессорга рўпара қилди. Сочлари ипакдек толим-толим нуроний биз билан самимий суҳбатлашди:
– Кўзинг кўрадими, қизим?
– Ҳа.
– Қулоғинг яхши эшитадими?
– Ҳа.
– Овқат еб биласанми, таъмни ажрата оласанми, миянг ишлаб турибдими?
– Ҳа.
Яна савол берди:
– Қаеринг оғрияпти?
Жавоб беролмай бошим эгилди…
Профессор касаллик тарихим билан танишиб чиққач, Шоира опамга қараб:
– Бечорага кўп азоб берибсизлар-да, қуёшга солиш эскилик сарқити, отам замонидаги саводсиз, жоҳил одамларнинг йўриғи бу, – деб уқтирди. Айтишича, касалликни узоқ, босқичма-босқич даволаш керак экан.
– Шунда батамом тузалиб кетадими? – Шоира опамнинг кўзларида умид учқунлади.
Дўхтир қўлларини стол тагидан чиқариб:
– Мана, қаранг, агар бу дардни шифоси топилганида биринчи бўлиб ўзимни даволардим, – деди.
Не кўз билан кўрайки, у кишининг ҳам қўллари худди меникидек эди… Фарқи – унинг териси оқтоб бўлганидан эътибор бериб қарамасангиз унчалик кўзга ташланмайди…
Бу фақат медицина йўли билан тузалишини, тери оқариши модда етишмовчилигидан бўлиб, зарур фермент камайиб кетганда юзага келишини айтди. Жигар фаолиятини қайта тиклаб, доғларни ультранур билан куйдириб даволаш мумкинлигини, лекин барибир бу – кафолатланмаган муолажа эканини таъкидлади…
Ўн икки кун ётиб “кафолатланмаган муолажа” олдим. Яна бошимни қиришди, ҳар кун вакуумга солиб нур билан аввал уч, кейин беш… ва ниҳоят ўн дақиқагача нур билан куйдиришди…
Биринчи бор сочимни Хожа Уббонда олишганида уч кундан кейин оппоқ бўлиб чиқкан эди, бу ерда эса киприкларимгача қиров боғлагандай оқариб кетди…
Беш-олти кун ўтгач, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти, деб шифокорга шикоят қилдим.