БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД. Иқбол Мирзо
таваллуд топган кундир. Тун бўйи муносиб туҳфа қидирдим, кўз ўнгимдан дунёнинг бор дурри акбарлари, лаълу забаржадлари, олтину кумушлари… ўтди. Ниҳояда, Сиз учун энг арзимас, мен учун яккаю ягона бўлган… жонимни ҳадя қилишга қарор қилдим. Бу – йўл четида ётган оддий тош қатори беқадр бўлса-да, Сизнинг бармоқларингизда Кўҳинур бўлиб жило топишига зарра гумоним йўқ. Шу тош – Олмос бутунлай сизники:
Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма,
Қондур жигарим, хоҳ инон, хоҳ инонма! 9
Қизларнинг қийқириқ аралаш табрикларидан қулоққинам қоматга келди. Эҳ-е, туғилган кунда бундан ҳам ортиқ совға, бундан ҳам оташин табрик бўлиши мумкинми? Еттинчи осмонга учиб кетдим: “Ассалому алайкум! Раҳмат эътибор, ҳурмат ва табрик-шеър учун, ўзингизга ҳам Жума айёми муборак бўлсин”, деб хат юбордим. “Бу ўзбек филологиясида ўқийдиган толибанинг жавоби эмас”, деган нома қайтди. Сал ўтиб қўнғироқ қилиб яна қутлади. Пешиндан кейин университетга келишини айтиб, “Унгача СМСимга жавоб кутаман”, деб таъкидлади.
Чиройли шеърий жавоб топиш мақсадида курсдошларнинг ён дафтарию телефон хотирасини титкилаб чиқдик. Ва ниҳоят ҳаммамизга бир шеър маъқул бўлди:
О, илк муҳаббатим, илиқ муҳаббат,
Тотли туйғуларга тўлиқ муҳаббат!
Баҳор қуёшидай иссиқ бўлгин-у,
Баҳор ҳавосидай ўзгарма фақат! 10
Дарс тугашини интизор кутдим. Назаримда, бир ярим соатлик сабоқ юз эллик йил чўзилгандек туйилди.
Ниҳоят, дорилфунун чорраҳасида учрашдик. У минг андиша билан:
– Табрик орқали сиздан розилик олмоқчийдим, қўлингизни сўрагандим, – деди. Мен кулиб:
– Жавобимни ёзиб юбордим, – дедим.
У эса эшитилар-эшитилмас товушда:
– Розимисиз? – деб пичирлади. Мен елка қисдим. Олмос, – Сиз иккиланиб тураверинг, мен эса бугун юрагимни совға қиламан сизга, уни асраб-авайлаб юра оласизми? – деб чўнтагидан битта узукчани олиб қўлимга тутди.
Каҳрабодай тўқ-сариқ тилла узукча… Ўртасида майин яшил рангли кўзчаси нурланиб турибди.
Узукка қараб кулиб туравердим.
– Олмасангиз хафа бўламан, мендан эсдалик, – деди.
Ҳар қандай қиз юрак ҳовучлаб кутадиган изҳори дил воқеаси бунчалик тез содир бўлади деб ўйламагандим, довдираб қолдим.
– Қўрқяпман, – дедим шивирлаб. Негадир кўзимга ёш келди. Олмос ҳайрон бўлиб:
– Нимадан? – деб сўради.
– Билмайман, – елка қисдим…
– Олинг, ҳеч нимадан қўрқманг, мен ўлгунча, умрбод, абадий ёнингизда бўламан, – деди у ҳаяжондан қўллари қалтираб…
Узукни олдим. Бироқ тақишга ҳаддим сиғмади. У:
– Тақинг, – деб оёқ тираб туриб олди.
– Кейинроқ, – дедим оҳиста…
– Ҳозирча шу, камига қарздорман, қолгани тўйда, – деди у овози бўғилиб.
– Раҳмат, – дедим. Лекин, менимча, овозим чиқмади…
Шу турганча иккаламиз ҳам жим бўлиб қолдик.
Бироз айланган бўлдигу Олмос ётоқхонага, мен Шоира опамникига қайтдим.
Шу
9
Лутфийдан.
10
Ҳалима Худойбердиевадан