Эссенциализм. Грег МакКеон

Эссенциализм - Грег МакКеон


Скачать книгу
ўз ишида шижоат билан ишлайдиган ходим. Унинг битта шиори бор: "Ёрдамингни ҳеч кимдан асло аяма!" Одамлар унинг ёнига бирор юмуш билан ёрдам сўраб келишса, у ўйлаб ўтирмасдан, "Албатта, бажарамиз"– дея жавоб берарди. Унга инсонлардан миннатдорчилик эшитиш, уларнинг оғирини енгил қилиш жуда ёқарди.

      Бахтга қарши, Эммет бир неча ишни ўз бўйнига олганлиги сабабли тезда чарчаб қолаётганди. Ҳамма нарса назоратидан чиқиб кета бошлади. У мижозларнинг кўнглини топиш учун кун давомида тинмай ишлар, аммо унинг ишларида борган сари камчиликлар ва нуқсонлар кўзга ташланарди. Бир қанча вақтдан сўнг унинг қилган ишларига бўлган талаб камайиб кетди.

      Ноқулай аҳволдан ўзини сақлаш учун Эммет "йўқ" сўзидан фойдалана бошлади. Дастлаб, унда жасурлик бироз етишмади. Бирин-кетин мижозлардан буюртмалар қабул қилишга келганда у ўзига "Буюртмани ўз вақтида тугатишга улгура оламанми?"– дея савол берарди. Жавоби "йўқ" бўлса, таклифни ўйлаб ҳам ўтирмасдан рад қиларди. Гарчи мижозлар бундан мамнун бўлишмаган бўлса ҳам улар Эмметни адолатлилиги учун ҳурмат қилишарди.

      Ҳар бир кичик ғалаба Эмметнинг ғайратига ғайрат қўшди. Шундан кейин у буюртмаларни қуйидаги шарт билан қабул қилишни бошлади:

      "Вақтимни ҳамда ўзимда мавжуд бўлган имкониятларимни яхшироқ нарсага сарфлаяпманми?"

      Жавоб "ҳа" бўлмаса, бу таклифдан ҳеч иккиланмай воз кечарди. Бундан унинг айрим мижозлари норози бўлишган бўлса-да, кейинчалик улар Эмметнинг кўплаб рад қилишларига ўрганиб қолишди.

      Ҳайратланарлиси шундаки, бироз муддат ўтгандан сўнг мижозлар Эмметга илгаргидан-да кўпроқ ишонишни бошлашди. У мижозларга шу даражада босиқлик билан муомала қилардики, улар Эмметнинг айтган сўзларига бутунлай ишонч билдира бошладилар. Эмметга доимий мижозлардан буюртма келиб тушгудай бўлса, ишдан унинг кўнгли тўладиган даражада бўлса, у ишни бажонидил қабул қилар ва уни якунламагунча бошқа буюртмаларни қабул қилмасди. Ишлар ўз жойига тушиб кетди. Мижозлар ҳам ундан янада яхши натижалар кута бошлашди.

      Юқорида келтирилган Эммет мисолида биз сизга эссенциализмнинг муҳим бир фундаментал кўринишини кўрсатишга ҳаракат қилдик. Яъники, ўз-ўзингизга ҳамма ишга улгура оламан дейишни ва ҳар бир учраган инсоннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатига "ҳа" деб жавоб беришни тўхтатиш билан сиз ўзингиз учун муҳим деб санаган нарсаларга қай даражада ҳисса қўшишингиз мумкинлигини исботладик.

      Сизчи? Неча марта ўйламасдан "ҳа" деб юборгансиз? Ўзгаларга ёқиш ёки муаммолардан қочиш учун-чи?

      Сизга бир неча саволларим бор: Бир вақтнинг ўзида кўп ва шу билан бирга самарасиз ишларни қилганмисиз? Узоқ муддатли, аммо натижасиз машғулотларни-чи?

      Агар сизнинг жавобингиз, шубҳасиз, "ҳа" бўлса, демак, сиз учун бу муаммоларга ечим бўладиган ягона йўл мавжуд. У ҳам бўлса, эссенциалист бўлишдир.

Эссенциалист йўли

      Дитер Рамс узоқ йиллар Браун компаниясида бош дизайнер бўлиб ишлаган. Унинг шахсий кундалигининг кириш қисмида шундай сўзлар ёзиб қўйилган: "Деярли ҳамма нарса шовқиндир. Фақатгина бир нечтаси муҳим". У ўз олдига бу шовқинлар оралаб асл моҳиятга етишни мақсад қилиб олганди. Мисол учун: компаниядаги 24 ёшли йигитчага овоз ёзиш қурилмаси(граммофон) дизайнини яратиш вазифаси юклатилди. Ўша пайтларда меҳмонхона жиҳозлари билан уйғунлик бахш этиш учун граммофонлар уст қопламаларини дарахт ёғочи билан қоплаш урф бўлган эди. Аммо у ва унинг жамоаси биргаликда ускунанинг асосий қисмини пластик қоплама билан ўрашди. Натижада, шовқин ҳам йўқолди, ускуна ҳам ихчамлашди. Илк бора қўлланган бундай дизайндан баъзилар "буни ким ҳам сотиб олиши мумкин?"– дея таҳликага ҳам тушишди. Лекин гарчи янгича ғояни талқин этиш катта жасорат талаб қилган бўлса-да, бу иш ўзини оқлади. 60-йилларга келиб камхарж усулда яратилган граммофонлар оммалашиб кетди.

      Дитернинг замонавий дизайнерлик қобилиятини немисча учта сўз орқали яққол ифодаласа бўлади: Weniger аber bеssеr ("Оз – соз"). Бу ибора эссенциализм ҳақида юритиладиган фикрларнинг энг маъқулидир.

      Эссенциалист йўли – ҳар доим камроқ, лекин яхшироқ усулларни излашдан иборат. Шу билан бирга, эссенциалист учун ҳал қилувчи рол – интизом.

      Эссенциалист йўли Янги йилга келгуси йилдан бошлаб фақат "йўқ" дейишни режалаштириш ёки почтангизга келган хабарларнинг барчасини ўчириб ташлаш-у ўзингиз учун янги тайм-менежмент тузишдан иборат эмас, балки "Ҳақиқатан, мен вақтимни керакли машғулотга сарфлаяпманми?" – дейишдан иборат.

      Дунёда биз вақтимизни ва имкониятларимизни сарфлайдиган машғулотларимиздан кўра кўпроқ фойдали ишлар мавжудки, улар биз учун керакли ва айни пайтда зарур бўлиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик лозимки, уларнинг барчаси ҳам муҳим эмас! Эссенциалист йўли бизга ўзимизда мавжуд танловларни кўриб чиқиш ва улар ичидан энг мақбулини танлашни ўргатади.

      Эссенциализм бир нечта юмушларни бир вақтнинг ўзида бажаришга ёрдам бермайди, аксинча бизга муқобил вариантларни танлашни ўргатади. Бу дегани "кам натижа учун кам меҳнат" дегани ҳам эмас. Эссенциализм – ўз кучингиз ва вақтингизни сиз учун асосий ва муҳим ишларга сарфлаш, бунинг натижасида максимал самарадорликка эришиш маҳоратидир.

      Эссенциалист ва ноессенциалист


Скачать книгу