Туҳфа. Литагент Синдаров К.О. Selfpub
section>
КОМИЛ СИНДАРОВ
ТУҲФА
ВАТАН КУТАДИ
Чиқиб қолиб нодонлик ғолиб,
Узоқларга кетсанг бош олиб,
Дўстинг ҳайрон, ноилож ёринг,
Бўлганида аҳволинг ғариб.
Юраклари шодликка тўлиб,
Йўлларингга интизор бўлиб,
Кутса битта Ватан кутади –
Қўлларингга гуллар тутади.
Бахтинг қўлдан кетса бехосдан,
Гуноҳларга ботсанг нохосдан,
Бошгинангни уриб тошларга,
Нажот кутма асло нокасдан.
Нима фойда ёт паноҳингдан,
Тавба қилсанг бор гуноҳингдан,
Ўтса битта Ватан ўтади –
Сенга имкон дастин тутади.
Кўзларингда қотганда намлар,
Ўз домига олганда ғамлар,
Омад қуши учиб бошингдан,
Келганида энг оғир дамлар.
Оналарча силаб бошингни,
Қалқиб турган кўзда ёшингни,
Артса битта Ватан артади –
Сени ўйлаб ташвиш тортади.
Қафас бўлмас булбулга ошён,
Дайди итда бўлмағай макон,
Мол-дунё деб юртдан кечганлар,
Бой бўлару бўлолмас инсон.
Юртдан изла даъво дардингга,
Энг сўнгги дам, дўстим қадрингга,
Етса битта Ватан етади –
Сенга ёрдам қўлин тутади.
Тақдир сени айласа афгор,
Бўлганингда ширин сўзга зор,
Бошинг узра қора қузғунлар,
Айланганда такрор ва такрор.
Қузғунларнинг юлиб патларин,
Ҳар кун сенга соғинч хатларин,
Битса битта Ватан битади –
Ғаминг ўйлаб қонлар ютади.
Товонингга кирса тиконлар,
Йўлларингдан чиқса илонлар,
Чор атрофинг ўраб пешма-пеш,
Қийноқларга солса чаёнлар.
Малҳам бўлиб оғриқ жойингга,
Поёндозинг бўлиб пойингга,
Ётса битта Ватан ётади –
Беватанлар билмам нетади?
ҚИШЛОҒИМНИ СОҒИНАМАН
Ғам домига ботганимда,
Ҳолу беҳол ётганимда,
Жабру алам тортганимда,
Қишлоғимни соғинаман.
Дилим қўмсар қирларини,
Қирда қолган сирларини,
Оқсоқолу пирларини,
Қишлоғимни соғинаман.
Кунда тутар хўп хумори,
Адирлари, чаманзори,
Хуш ифорли бедазори,
Қишлоғимни соғинаман.
Кўз ўнгимда сурувлари,
Дала – даштнинг сулувлари,
Тонгни безар қировлари,
Қишлоғимни соғинаман.
Сутдек тиниқ булоқлари,
Ёддан чиқмас мароқлари,
Ўртаганда сўроқлари,
Қишлоғимни соғинаман.
Соддагина одамлари,
Тоғни безар бодомлари,
Ёшлигим гўзал дамлари,
Қишлоғимни соғинаман.
Осмон тўла юлдузлари,
Ерга меҳмон кундузлари,
Барчинойи, Қундузлари,
Қишлоғимни соғинаман.
Онам ёпган ширин кулча,
Сўридаги кўҳна шолча,
Бобом эккан қирмиз олча,
Қишлоғимни соғинаман.
Юрагимда ҳамон ёди,
Димоғимда ялпиз ҳиди,
Исириқнинг хушбуй дуди,
Қишлоғимни соғинаман.
Дунё кезиб, топдим нени,
Бир йўқотиб, топдим уни,
Тушларимда чорлар мени,
Қишлоғимни соғинаман.
Ўз уйимда ўзим меҳмон,
Қайтмоғимга борми имкон?
Юрагимда пинҳон армон,
Қишлоғимни соғинаман.
Умрим ҳисоб этсам агар,
Фойда истаб, топдим зарар,
Мен қўнимсиз бир дарбадар,
Қишлоғимни соғинаман.
Умр бўйи қийноқдаги,
Фарзандиман фироқдаги,
Тупроғидан йироқдаги,
Қишлоғимни соғинаман.
ЖИЗЗАХИМ
Тоғ деса – тоғ, чамани бор, чўли бор,
Дарёси бор, воҳаси бор, кўли бор,
Халқи содда, вале олтин