Фаренгейт бўйича 451º. Рэй Брэдбери
инди парчалари эса қора тутун билан бирга гирдоб ҳосил қилиб, ҳавога кўтарилади.
Монтэгнинг юзида аланга тафтидан куйган ва ортга тисарилган одамнинг шафқатсиз табассуми қотиб қолган эди.
У ўт ўчириш бўлимига қайтгач, кўзгудаги аксига қараб мағрур кўз қисиб қўйишини билади. Кейинроқ, уйқуга ётган пайтда ҳам у юзида қотиб қолган ифодани ҳис қилади. Бу ифода эсини таниганидан бери уни тарк этмайди.
У қора қўнғиз рангли дубулғасини ялтиратиб артди ва ўт ўтказмас либоси билан ўз жойига илди. Маза қилиб душ қабул қилди. Сўнг қўлларини чўнтакка солганча ўт ўчириш станциясининг юқори қаватида ҳуштак чалиб юрди ва туйнук орқали пастки қаватга сирғалиб тушди. Сўнгги онда йиқилиб, жароҳат олиши муқаррар бўлиб қолганда, товонлари бетон полга тегиши олдидан қўлларини чўнтагидан чиқариб тилларанг устундан тутиб қолди.
Кўчага чиққанида тун чўккан, атрофда ҳеч ким йўқ эди. У метро томон йўл олди. Мойланган труба орқали овозсиз ҳаракатланувчи ҳаво поезди илиқ шамол пуфлаб, шаҳар четига олиб чиқувчи қаймоқранг эскалатор олдида эшикларини очди.
Монтэг эскалаторда ҳуштак чалганча тунги сукунат чўккан кўча томон кўтарилди. Шу кетишда у ҳеч нарса тўғрисида ўйламай борарди. Муюлишга яқинлашганда тўсатдан юзига кучли шамол урилгандай ёки кимдир исмини айтиб чақиргандай бўлди ва қадамини секинлатди.
Кейинги пайтларда уйига олиб борадиган йўлдаги бу муюлишга яқинлашганда шу ғала ти туйғуни ҳис қиладиган бўлиб қолди. Кимдир пойлаб тургандек ва унинг қайрилишидан бир лаҳза аввал сояга айланиб уни ўтказиб юбораётгандай эди. Эҳтимол, бурни енгил ис туйгандир, балки, қўллари ва юз териси орқали ўша кўринмас одам ўз тафти билан турган ердаги ҳароратни билинар-билинмас оширганини сезгандир? Буни тушунтириб бера олмасди. Бироқ ҳар сафар муюлишдан қайрилганда йўлакнинг оппоқ плиталарини кўрарди, холос. Фақат бир сафаргина майсазордан нимадир ўтганини кўргандай бўлди. Лекин яхшироқ қарагунича ва бирор сўз айта олгунича, у ғойиб бўлди.
Бугун у шунчалик секинлашдики, деярли тўхтаб қолди. У хаёлан бурчакдан қайрилди ва жуда секин шивирлашни сезди. Бу кимнингдир нафас олаётган овозими? Ёки ҳаво у ерда жимгина кутиб турган киши сабаб тебрандими?
У муюлишдан қайрилди.
Шамол ой ёритган йўлакдан кузги баргларни учирар, рўпарадан келаётган қиз эса йўлакдан қадам ташлаб эмас, сузиб келаётгандек эди. У бошини бироз эгиб, айланиб учаётган барглар туфлисига тегиб ўтаётганини томоша қиларди. Қизнинг юзи нозик ва сутдек оқ, унда ҳар нарсага бўлган беқиёс қизиқувчанлик барқ урарди. Ҳозир эса юзида бироз ҳайрат зоҳир эди. Тим қора кўзлари оламга шундай синчковлик билан боқардики, улардан бирор нарса яширин қолиши маҳол эди. Оппоқ кўйлаги шамолда учиб шивирларди. Монтэгга қизнинг қадамларига ҳамоҳанг қўл ҳаракатлари эшитилгандек туюлди. Қиз бошини кўтариб, қаршисида эркак киши турганини кўрди.
Дарахт шохлари уларнинг бошлари узра барг ёмғири ёғдирарди. Қиз тўхтади. Кўринишидан қиз ортга тисариладигандек эди. Бунинг ўрнига у Монтэгга қаттиқ тикилди. Қизнинг тим қора, ёрқин ва жонли кўзлари Монтэг унга жуда бир ажойиб гап айтгандек порлаб кетди. Бироқ Монтэг шунчаки “Салом” деганди, холос. Либосининг енгига туширилган самандар расмига ва кўксидаги қақнус белгисига қизнинг тикилиб қолганини кўриб, яна тилга кирди:
– Сиз янги қўшнимиз бўлсангиз керак, шундайми?
– Сиз эса… – ниҳоят қиз унинг либосидаги касбининг белгисидан кўз узди, – ўт ўчирувчимисиз? – қизнинг овози пасайиб кетди.
– Буни жуда ғалати айтдингиз.
– Мен… мен буни кўрмай туриб ҳам билган бўлардим, – деди қиз секин.
– Керосин ҳидиданми? – деди Монтэг кулиб. – Хотиним ҳам доим шундан нолийди. Уни ҳеч қачон тозалаб кетказа олмайсан.
– Ҳа, кетказиб бўлмайди, – деди қиз ҳадик билан.
Қимир этмай турган бўлса ҳам, қиз Монтэгга унинг атрофида айланаётгандек, уни енгил силтаётгандек ва чўнтакларини қоқаётгандек туюларди.
– Керосин, – деди Монтэг чўзилиб кетган сукутни бузиб, – мен учун атирдай гап.
– Чиндан ҳам шундайми?
– Албатта. Нега ҳайрон бўляпсиз?
Қиз бироз ўйлаб:
– Билмадим, – деб уйи томон борадиган йўлакка юзланди. – Майлими сиз билан қайтсам? Исмим Кларисса Маклеллан.
– Кларисса. Меники эса Гай Монтэг. Қани, юра қолинг. Бундай кечда бир ўзингиз нима қилиб юрибсиз? Ёшингиз нечада?
Улар илиқ тун шамолида ой нуридан кумушдек товланган йўлакдан кета бошлашди. Атрофдан янги пишган ўрик ва қулупнай иси таралаётганга ўхшади. Монтэг атрофга назар ташлаб, бунинг имкони йўқлигини тушунди. Ахир йил якунига етмоқда.
Ёнида фақатгина қиз кетиб борар ва унинг юзи ой нурида қордек ялтирарди. Қиз унинг саволларини ўйлаётгани ва яхши жавоб ахтараётганини ҳам сезиб турарди.
– Ёшим ўн еттида ва бироз телбароқман, – деди қиз. – Амакимнинг айтишича, бу иккиси доим ёнма-ён юрармиш. У доим: “Агар ёшингни сўрашса, ёшим ўн еттида, ўзим эса савдойиман, деб жавоб бер”, – дейди. Тун – сайр қилиш учун ажойиб вақт-ку. Мен нарсаларни ҳидлашни, уларни томоша қилишни