Фаренгейт бўйича 451º. Рэй Брэдбери
сўриб олиб, ташқарига чиқариб ташлар эди. У зулматни ҳам сўриб олдимикин? Йиллар давомида тўпланган заҳарни ҳам сўраётганмикан? Машина ора-сира тўхтаб-тўхтаб, жим сўришда давом этарди. Унинг кўзи бор эди. Машинани ишлатаётган ҳиссиз юзли одам оптик шлемни кийиб олиб, машинанинг кўзига инсон руҳида нималар кўринаётганини айтиб бериши мумкин эди. Бироқ у жим эди. У қараб турган бўлса-да, машинанинг кўзи кўраётганларни кўрмасди. Бутун амалиёт ҳовлида хандақ қазиш ишларини эслатарди. Тўшакда ётган аёл шунчаки улар дуч келган қалин мармар қатлами эди. Нима бўлганда ҳам, давом этиш, бўшлиқни сўриб олиш ва илонни яна ҳам ичкари киритиш лозим.
Санитар тамаки тутатиб турар, иккинчи машина ҳам ишлар эди.
Иккинчи машинани шериги каби юзида ҳеч қандай ифода бўлмаган, қизғиш-жигарранг либос кийган киши ишлатарди. Бу машина танадан қонни сўриб олиб, унга янги қон ва зардоб қуярди.
– Бирйўла иккаласини тозалашга тўғри келади, – деди қимир этмай ётган Милдред олдида турган санитар. – Қонни тозаламасангиз, ошқозонни тозалашнинг ўзи бефойда. Қонда бу нарсани қолдирсангиз, у мияга етиб бориб, мингикки минг марта зарба беради ва қарабсизки, мия таслим бўлиб, шунчаки ўчиб қолади.
– Бас қилинг, – деди Монтэг.
– Айтдим-қўйдим-да, – жавоб берди санитар.
– Тугатдингизми? – сўради Монтэг.
Улар машиналарини йиғиштирди.
– Ҳа, тугатдик.
Унинг жаҳли санитарларга умуман таъсир қилмади. Улар тамаки тутатишар, тутун бурунларига, кўзларига кирар, лекин улар на бурунларини тортар ва на кўзларини юмардилар.
– Сиздан эллик доллар.
– Биринчидан, нега унинг аҳволи яхши бўлади, деб айтмаяпсиз?
– Албатта, у отдай бўлиб кетади. Ундаги ҳамма ёмон нарсалар мана бу қутида. Энди унга зиён етказа олмайди. Айтганимдек, эски қонни сўриб олиб, янгисига алмаштирдик. Энди ҳаммаси яхши бўлади.
– Лекин сизлар врач эмассизлар-ку. Нега врач юборишмади?
– Врач? – санитар тамакисини лабининг у четидан бу четига олди. – Бир кунда бундай чақирувлардан тўққиз-ўнтасига борамиз. Кейинги йилларда бундай чақирувлар шунчалик кўпайдики, махсус машина яратишга тўғри келди. Тўғри, ундаги янгилик биргина оптик линза, холос. Қолганлари аввалдан маълум нарсалар. Бу ерда врачнинг кераги йўқ. Икки техник ярим соатда ҳамма ишни бажариб ташлайди. Энди эса кетишимиз керак, – шундай деб улар ташқарига йўл олдилар. – Ҳозиргина янги чақирув олдик. Бу ердан ўн кварталча нарида яна бир киши бир қути уйқу дори ичиб юборибди. Яна керак бўлиб қолсак, қўнғироқ қиларсиз. Унга тинчлик керак. Унга тетиклаштирувчи дори юбордик. Уйғонганда қорни жуда оч бўлади. Хайр.
Шундай деб, лабларига тамакини маҳкам қистирган, юзлари маънисиз, қарашлари илон каби совуқ одамлар хонани тарк этишди. Улар қўлида машина ва шлангларини, суюқ тушкунлик ҳамда номсиз яна бир қуйқани кўтариб олгандилар.
Монтэг стулга ҳорғин чўкди ва тўшакда ётган аёлга назар ташлади. Энди унинг юзи хотиржам, кўзлари юмуқ эди. Қўлларини чўзиб,