Рақамли қалъа. Дэн Браун

Рақамли қалъа - Дэн Браун


Скачать книгу
билмайди, лекин чироқлар ёруғи пастлаб, спектаклнинг иккинчи қисми бошланаётганидан дарак берганда, йигит сапчиб ўрнидан туриб кетди. У ҳаммасини тушунганди. Сьюзан хабарни кодлаш учун оддийгина қилиб ҳар бир ҳарфни алифбо бўйича ўзидан битта олдингисига алмаштириб қўйганди. Кодни ечиш учун Беккер шунчаки ҳарфларни ўзидан кейин келадигани билан алиштириши кифоя эди. Яъни хатдаги «a»ни «б»га, «б»ни эса «в»га айлантириб ўқиш керак эди. Ўзининг натижасидан ёш боладек қувониб кетган Девид ҳаяжонланиб, қизнинг мактубини охиригача ўқиди:

      СИЗ МEНГА ЁҚАСИЗ

      Кўз олдида намоён бўлган муҳаббат изҳори йигитга битмас-туганмас қувонч бағишлади. Шоша-пиша қўли қалтираб, жавоб хатини ёзди ва Сьюзанга тутқазди:

      РДМ ФЯЛ ЛДМВЯ ЕПЯРЯМ

      Ёзувни ўқиган Сьюзаннинг юзига табассум югурди. Уни кузатаркан, Беккер энтикиб кетди; у ўспирин йигитча эмас, балки эс-хушини йиғиб олган ўттиз беш ёшли ақли расо эркак эди, лекин, шунга қарамай, Сьюзан ҳақида ўйлаганида юраги қафасидан чиққудек бўлиб, потирлаб урарди. Беккерни умри давомида ҳеч қайси аёл ўзига бунчалик ром этмаганди. Сьюзаннинг нафис қомати, сип-силлиқ бадани, дуркун кўкракларига қараб туриб, унинг қачондир, узоқ ўтмишда бесўнақай ўспирин бўлганига ишонгиси келмасди, баъзан қизга ҳазиллашиб, «сен амалий математика ва сонлар назарияси бўйича докторлик унвонига эга мен учратган ягона модельерсан», деб таъкидларди.

      Икки йил бир-бирини қувиб ўтиб кетди… Бу вақт давомида Девид ҳам, Сьюзан ҳам бир-бирига шундай боғланиб қолган эдики, келгуси ҳаётларининг бир лаҳзасини ҳам айро тасаввур қилишолмасди.

      Кунлардан бир куни Девид қизни дам олиш кунларини мароқли ўтказиш учун тоғ сайрига таклиф этди. Шимолий Каролинанинг Смоки Маунтин тоғлари Сьюзанга жуда ёқди, ўзига ҳос услубга эга «Баҳайбат тош» меҳмонхонасидаги хонада ҳарир пеньюарга ўралиб, деразадан ташқаридаги пурвиқор тоғларнинг кечки гўзаллигига ошуфта бўлиб турган бир вақтда Девид яқинлашиб, қизни елкасидан қучди, унинг кўзларига тикилганича деди:

      – Менга турмушга чиқасанми?

      Расмиятчиликларни унча хушламайдиган Девиднинг қўлида узук йўқ эди, умуман, бу муҳим ҳам эмасди. Кутилмаган, бироқ ўта ёқимли бу таклифдан Сьюзаннинг кўзлари чақнаб кетди ва жавоб тариқасида йигитнинг лабига лабини босди. Эҳтирос билан узоқ ўпишишди. Шу алфозда Беккер қизни даст кўтариб, камин ёнида тўшалган чойшабга ётқизди, унинг нозик баданини кийимлардан бирма-бир халос этди, устига эгилиб, қулоғига секин шивирлади: «Мен бу бўсаларингни розилик белгиси сифатида қабул қиламан, жоним». Сьюзан бахтдан сархушланиб, йигитнинг қайноқ оғушига сингиб кетди. Олдинда уларни эҳтиросларга йўғрилган узун тун кутарди…

      Ўша унутилмас кечага шу бугун роппа-роса олти ой тўлганди. Ва айнан бугун икки йиллик муносабатлари давомида биринчи марта ўрталарида тушунмовчилик юзага келганди.

      Тўртинчи боб

      Крипто эшиги очилиб, чийиллаган товуш чиқарди, Сьюзан ўзига келди ва хаёлларини бир четга йиғиштириб, ичкарига қадам ташлади. Махсус компьютер унинг кирганини қайд этиб, овоз берди. Гарчи Сьюзан Криптода


Скачать книгу