Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
га тутиб ясалганлигини, учинчи бирлари эса кўзимиздан сал узоқ кетмаёқ гирдобга тушиб, гирдоб ичра пирилдоқдай айланаётганлигини, йўловчилар ичра бебошлик, тартибсизлик, ваҳима қўзғалаëтганини, ёзувчи капитанимиз эса ўз қаҳрамон – йўловчиларини гапга кўндиролмаётганини, уларнинг бошини қовуштиролмаётганини кўрамиз. Булар ғоявий-бадиий «энергия инқирози»га учраган кемаларки, улардан сўнгги, беҳол, мижғов садолар келмоқда…
Бизнинг бугунги розамиз кечаги йўлидан шарт бурилиб, бошқа йўлдан кетаëтган наср эмас. Ёки у ўтилган йўллардан буткул воз кечиб, тамомила янги йўллар дан бораëтган, адабиётга янги йуллар таклиф қилаётган наср ҳам эмас.
Бизнинг насримиз ўз тажриба мактабига эга, ўзига хос сифат ва ўзига хос қиёфа орттирган наср.
Лекин бу билан биз фақат эски йўллардан бормоқдамиз, вақт, замон, макон зўр тарихий ўзгаришларга дучор бўлган эса-да, биз ўз бадиий воситаларимизни кашфиётлар қилмадик, умид билан янги йўллар солмадик, деган хато ва бир ёқлама қарашни такрорламокчи эмасмиз.
Шунга чуқур аминмизки, биз ҳаёт ва маданият тарихи синовидан ўтган тамойилларга қанчалар содиқ бўлсак, шу садоқатимиз даражасида новатор ҳам бўламиз.
Кечаги насримизни ўтган йилларимиз насрига солиштирганда биз мавзулар, мавзуларнинг бадиий ечимида муштарак тенденциялар мавжудлигини кўрамиз.
Шароф Рашидовнинг «Бўрондан кучли», Пиримқул Қодировнинг «Эрк», Ҳамид Ғуломнинг «Машъал», Мирмуҳсиннинг «Дегрез ўғли», Одил Ёқубовнинг «Бир фельетон қиссаси», Асқад Мухторнинг «Давр менинг тақдиримда», Саид Аҳмаднинг «Уфқ», Ўлмас Умарбековнинг «Одам бўлиш қийин» романларида қаҳрамонлар – оддий кишилар. Лекин бу оддий кишилар ўзларида давр ва жамиятнинг хусусиятларини жамлаштирганлар.
«Ғолиблар» романи дейилганда, киши кўз ўнгига дарров ажойиб, топилмас қиз Ойқиз келади. Олтинсой деган номи шоирона тоғ қишлоғида етишган бу қиз роман бошлариданоқ бизга чинакам жасорат кўрсатиш иштиёқи билан яшаётган бир қаҳрамон каби кўринади. Қизнинг асл табиатида жасоратга мойиллик, унга чанқоқлик ҳукмрон. Тўғрироғи, жасорат унинг қонида мавжуд; қиз ёшлик чоғларида бургут болалари билан ўйнагиси келади. Тоғларда чинакам бургут билан тўқнаш келганида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди, агар бургут унга ташланиб қолгудай бўлса, ўзини қандай ҳимоя этажагини чамалайди. Яъни Ойқиз матонат кўрсатиш палласи келганда, нима қилишини билмай довдираб қоладиган одамлар тоифасидан эмас. У жасур ва кўзлаган ишининг уддасидан чиқадиган, мақсад сари тик ва оғишмай интиладиган одамлардан.
Ойқизнинг табиатида жасорат билан эгачи яна бир ажойиб фазилат бор: у шоира ҳам. Шеър ёзадиган эмас, йўқ, она юрти табиатининг китобини шоирона кўз билан ўқийдиган, шоирона қалб билан англайдиган, шоирона кўрадиган она юрт гўзаллигига дид билан шайдо шоиралардан. Ундаги бу шайдолик ҳам ёшликдан қонига сингган. Шунинг учун ҳам у табиат билан сўзлашганда бу ғоятда мароқли эшитилади. У қушларга қарата:
«– Сизларни севаман, қушлар… севаман. Сизларга ҳавасим келади. Чунки ҳар куни қуёш билан ҳаммадан олдин учрашасизлар. Эҳтимол, шунинг учун ҳам чиройли, кучли, мағрур ва довюраксизлар?!
У бошини қуйи солди ва Олтинсойга назар ташлаб, оғир нафас олди:
– Эҳ, қушлар, қушлар! Сизлар ҳеч нарсани тушунмайсизлар!.. – у сакраб пастга тушди. Отнинг айилини салгина бўшатди-да, оғзидан сўлиғини чиқариб, ўтга қўйди.
– Бор, ўтла. Боя мендан хафа бўлдинг шекилли? – Ойқиз Бойчибарнинг пешанаси ва ёлини силаб эркалади. Бор ўтла, – деди у яна». Ойқиз табиатидаги мана шу шоирона эркинлик, она табиатга ундошлик, оламни кенг тушуниш унда тарбияланган инсонийлик туйғусидан туғилган. Ва бу туйғу унинг барча хатти-ҳаракатларига ҳам сингиб кетган.
У ҳатто ҳаётий қийинчиликлар олдида, бирон чигал муаммони ечишга эҳтиёж туғилган кезларда, хаёлини безовта ўйлар кемирган чоғларда ҳам баъзан табиатдан мадад кутгандай, у билан маслаҳатлашгандай бўлади. Ойқиз гўзал тоғ бағридаги қоя тошга суяниб, юрагини ўртаган муаммоларга жавоб қидиришни севади. Шунда гўё она ер унга тўғри йўл топишида кўмаклашиб юборгандай ва шу билан ўз фарзандининг бошини силагандай бўлади.
Ойқиз ўз феъли, табиатини ҳам она табиатга қиёсан, гўё табиат олдида синоқдан ўтказиб оладиганлардан. У тоғ юлғунига қараб хаёл сураркан, кўнглидан шундай ўйлар кечади: «Бу юлғун – темирдек қаттиқ ва мустаҳкам тонг юлғуни, – ўйлади Ойқиз, бизнинг тоғларимизда нимаики мавжуд бўлса, ҳаммаси қаттиқ, мустаҳкам. Шундай эмасми?» Ойқиз инсон сифатида ўзида мана шундай букилмас ирода, ғайрат, матонат каби хислатларни тарбиялашга интилади. Шароф Рашидовнинг «Ғолиблар» романи воқеалари бир тоғ қишлоғида кечса-да, лекин у бутун юртда бўлаётган, бўлиб турган мазмундор ҳодисаларга мос жаранглайди. Уларнинг узвий қисмидек англанади.
Даврни акс эттиришда ғоят ёрқин бўёқлар Ойбекнинг «Улуғ йўл» романига ҳам хосдир. «Улуғ йўл»ни ўқиганда аср бошидаги рус инқилоблари арафасидаги Туркистон ҳаёти тасвирлари жонланади. Ёзувчи романда ўзбек халқининг турли-туман ижтимоий табақаларини ва уларга мансуб одамларнинг турмуши, равиш-рафторини эпик бир кенглик билан тасвирлаб беради. Бундоқ қараганда, бир томонда очлик, йўқсиллик, хор-зорлик, иккинчи томонда эса кимхобларга бурканган,