Тирилиш. Лев Толстой

Тирилиш - Лев Толстой


Скачать книгу
байрами кечаси бошидан кечирган эди. Катюшани турли ҳолатда кўп кўрган бўлса ҳам, ҳозир уни эслар экан, ўша дақиқа бошқа ҳамма хотиротларни босиб кетарди. Силлиқ қилиб таралган, ялтираб турган қора сочлари, келишган қадди-қомат ва кўкрагини қучиб олган бурмали оқ кўйлак, қип-қизариб кетган бетлар, уйқусизликдан хумор бўлиб қолган хиёл ғилай қора кўзлар ва, умуман, бутун вужудидаги икки асосий хусусият, яъни фақат Нехлюдовга нисбатангина эмас, – буни ўзи ҳам биларди, – балки дунёдаги одам ва нарсаларнинг ҳаммасига, фақат яхши нарсаларгагина эмас, балки дунёда нимаики бўлса ҳаммасига, ҳатто боя ўпишишган тиланчига нисбатан ҳам барқ урган тоза, пок муҳаббат.

      Нехлюдов қиздаги бу муҳаббатни биларди, чунки у шу кеча ва шу тонг бу муҳаббатни қалбида ҳис этган ва шу муҳаббат туфайли у қиз билан бир тан, бир жон эканини англаган эди.

      Оҳ, қани энди ҳамма нарса ўша кечада уйғонган ҳис билан чекланиб қолган бўлса! «Ҳа, ўша қабиҳ иш Исонинг тирилиш байрамидан кейинги кечада бўлган эди!» – деб ўйларди ҳозир Нехлюдов маслаҳатчилар хонасида, дераза ёнида ўтириб.

      XVI

      Черковдан қайтиб келгач, Нехлюдов аммалари билан ўтириб рўзасини очди, полкда ўрганган одатига кўра дадил бўлиб олмоқ учун ароқ ва вино ичди-да, ўз хонасига кириб кетди, эгнидаги кийими билан ётиб, шу заҳоти ухлаб қолди. Эшикнинг тақиллаганини эшитиб уйғонди. Эшикни тақиллатишидан, Катюша бўлса керак, деб Нехлюдов кўзларини уқалай-уқалай, керишиб қаддини ростлади.

      – Катюша, бу сенмисан? Кирақол, – деди у ўрнидан туриб.

      Қиз эшикни қия очди.

      – Овқатга чақиришяпти, – деди у.

      У ҳамон ўша оқ кўйлакда эди-ю, лекин сочида бант кўринмас эди. Қиз Нехлюдовнинг кўзига қараркан, гўё унга фавқулодда шодиёна бир хабар етказгандек чеҳраси яшнаб кетди.

      – Ҳозир бораман, – деди Нехлюдов сочини тараш учун тароқни қўлига олиб.

      Қиз бир лаҳза туриб қолди. Нехлюдов буни сезди-да, тароқни қўйиб, қиз томон юрди. Лекин у шу заҳоти тезгина бурилиб, енгил ва эпчил қадам ташлаб йўлакдаги пойандоз устида югургилаганча кетди.

      «Эй, аҳмоқ, – деди Нехлюдов ўзига ўзи, – нега уни индамай қўйиб юбордим?»

      Шуни деб, у қизни қувиб, йўлакда етиб олди.

      Қиздан нима исташини ўзи ҳам билмас эди. Назарида, қиз унинг хонасига кирганида, ҳамма қиладиган қандайдир бир ишни қилиш керак эди-ю, лекин у шуни қилмагандек туюлди.

      – Катюша, шошма, – деди у.

      Қиз ўгирилиб қаради.

      – Нима дейсиз? – деди тўхтаб.

      – Ҳеч нарса, фақат…

      Нехлюдов шундай пайтларда бошқалар нима қилишини эслади-да, ўзини ўзи зўрлаб Катюшанинг белидан қучоқлади.

      Қиз тўхтаб, унинг кўзига қаради.

      – Қўйинг, Дмитрий Иванович, олинг қўлингизни, – деди у йиғламоқдан бери бўлиб. Катюша қип-қизариб кетди, сўнгра кучли қўллари билан ўзини қучоқлаб турувчи қўлни олиб ташлади.

      Нехлюдов уни қўйиб юборди, аммо бир дақиқагача кўнгли хижил бўлиб турди, ҳатто ўзидан ўзи нафратланди. У ўзига ишониши керак эди, бироқ у, бу хижолат ва уялиш – юзида акс этган


Скачать книгу