АСАРЛАР (I жилд). Сирожиддин Саййид
– тутунлар.
Саҳрода карвонни талайди
Қуюнлар. Қуюнлар. Қуюнлар.
Булар тепалармас, дўнгликлар эмас,
Кўмилган туялар, туялар…
КУНДАЖУВОЗ. КЕЧ КУЗ
Чуқурликда жойлашган қишлоқ,
Атрофда – қоялар, қоялар.
Кузнинг чуқур кўзларидай – ўчган ўчоқлар
Боқарлар, боқарлар, боқарлар.
Ҳовлилар тубсиз бир сукунатга ғарқ,
Деразалар боқар пастдан тепага.
Очиқ қолган қозонлар боқар,
Боқади кимнингдир яғир телпаги.
Хазонлар қоплаган кўрпача, ёстиқ.
Дўмбира. Жойнамоз. Носқовоқ.
Обдастада икки кунлик сув…
Юракка ўйилар чуқур бир қўрқув.
Чўққиларга тегиниб ногоҳ
Ой чинни лаганин шунда синдирар.
Бу чуқур тунларнинг бағрида,
Чуқур-чуқур хумлар қаърида
Ялтирар қоп-қора шиннилар.
САРАТОН
Тун-кун очиқ турган дарвоза,
Девор ёнидаги сўлгин қайрағоч.
Тезаклар, бўш оғилхоналар,
Бўш охурлар,
Эски бостирма.
Сувсиз қовжираётган бедазор,
Занг босаётган кетмон,
Қуруқ ариқлар,
Шувоқлари кўчган пахса уй.
Қуруқ ҳовли,
Бўм-бўш пақирлар.
Юракни куйдирар бу жизғанак куй.
НИЯТ
Ҳижронларга бас келиб,
Дош бериб фироқларга,
Бир-бировга дил тутиб,
Аҳду паймон боғлаган
Ошиқлар тўйи куни мен йўл олиб тоғларга,
Энг гўзал шаршарани келтиргайман совғага.
ТУН
Шаҳарларнинг темир-бетон саҳроларида
Кафтларимда қақроқ истаклар,
Бораяпман мен –
Қўлларингнинг гулханин ўйлаб,
Қўмсаб салқин жилғаларин кокилларингнинг.
«Йўлни олиб ташлама, адир…»
Йўлни олиб ташлама, адир!
Қўйгин, ёлғизгина мўйсафид
Юриб бораверсин у йўлдан.
Қўйгин ёлғизгина юк машинаси
У йўлни чангитиб турсин,
Олиб ташлама!
Ёзнинг ўшал саратонида
Шу кўл қирғоғида турар эдим мен.
“Хайр, болалигим!” дедим,
Адирга боқдим,
Қирғоқ ўпирилди,
Шўнғидим кўлга.
Кейин
Дазмолланган шимдай
Текисланди йиллар.
Оғриқлар қизлар каби
Кўксимга бош қўйдилар.
Кейин кўл қуриди,
Менинг “Хайр”имни
Эшитган балиқлар нобуд бўлдилар.
“Бир марта берилган, – дедим, – бу ҳаёт”.
Кўп намчил соғинчлар кечди бошимдан:
Ёмғирли, қор босган соғинчлар…
Энди кўл қуриган,
Мўйсафид ҳам йўқ.
Фақат йўлни олиб қол, адир!
Қўйгин, ёлғизгина юк машинаси
У йўлни чангитиб турсин,
Олиб ташлама!
Қўйгин, чангиб турсин сўнгги соғинчим.
«Сен йиғладинг…»
Сен