АСАРЛАР (I жилд). Сирожиддин Саййид
–
Қизил ҳарфлар билан календарда
Ёзилмаган «Мотоцикллар куни».
Унга телеграмма юборолмайман,
Шошилинч.
Келгин, деб ёзсам, келмайди.
Самолётга чиқаришмас, ҳаттоки
Умумий вагондан беришмайди жой.
Асли тушларимга отлар кириши,
Тулпорлар кириши шарт эди!
Мени хотирасиз уйқумдан
Уйғотиб юборар туш – мотоцикл:
Қўлларим бир-бирин рул каби
Маҳкам ушлаб олган –
дириллайдилар.
Мен ҳаёт тилайман отларга,
Тулпорларга тилайман ҳаёт,
Мен аёл тилайман тушларга, аёл!
Онаси ёнида бўлмаган
Кимсалар тун бўйи тўйиб чиқишсин
Ул титроқ кафтларнинг иссиқ меҳрига.
Асли тушларимга опам кириши,
Йиғлаши шарт эди бўйнимни қучиб:
«Укажон, бошимни кўтариб
Юролмаяпман – фарзандсизликдан…»
Мен фарзанд тилайман сенга, опажон!
Мабодо туғилса… туғилса агар
Исмини Ҳаёт қўй, Ҳаёт, деб ата!
Фақат мени кечир,
кўрмаганим учун сени тушимда.
Бу мактубим эса «ЯВА» номига,
Улғайгандан кейин ёзяпман уни.
Гўёки йўқолиб кетгай укамнинг
Номига ёзилган мактубдай бу хат.
Балки почтальон ҳам ҳайратланади
Қўлига етаркан конверт,
сўрайди:
– «ЯВА»га? «ЯВА» – бу кимнинг ўғли?..
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
«Қирлар, сиз абадийсиз…»
Қирлар, сиз абадийсиз,
Сиз мангусиз, адирлар!
Мени улғайтиради
Рангин-рангин тақдирлар.
Тақдирлар дардларимга
Камол қўшиб кетарлар.
Сиз оқдингиз, дарёлар,
Харсанглар оқдилар сиз билан.
Йилларнинг соҳилида
Лабларимда фарёдлар.
Лабларимда фарёдлар –
Харсангларнинг ёди,
Тошларнинг ёди.
Йилларим исмини олиб оқдингиз,
Сиз мангусиз, дарёлар!
Бўм-бўшми осмонларим,
Қушларим, кетдингизми?
Энди ёзарларми кўзларим
Осмон варақларига
Исмингизни, қушларим…
Кишнаб ўтдингиз, еллар,
Учар отлар мисол бошимдан.
Қай тулпор номи билан
Исм қўяй мен сизга?
Сизнинг сўзингизман мен,
Еллар, сиз мени айтинг!
Еллар, сиз абадийми?..
БАХТ
Уйланган йигитлар бу йил бунча кўп!
Ҳар бир уйда биттадан келин,
Ҳар бир уйда тўйдан ёдгорлик –
Чимилдиқ ва биттадан келин.
Бундан ташқари:
Ҳар битта ҳовлида биттадан сигир,
Қўшимча қиламан,
Бузоғи ҳам бор.
Куёвлар, келинлар йилида
Бунча кўп сигирларнинг
Кўзлари ёриди,
Бунча кўп!
Барглар пардасини жимгина суриб
Девордан қарайди дўмбоқ олмалар.
Деворнинг остида тарғил ғунажин
Қорнини