МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
бирон кун, бирон дақиқа бўлмаган десам муболаға эмас. Бу алла менинг барча қўшиқларимни аллалаб улғайтирди. У мисоли ёстиқ, чарчасам бошимни қўйиб дам оладиган, у мисоли от, дунё бўйлаб сафаримга йўлдош бўладиган, у мисоли булоқ, чанқоғимни ҳамиша қондирадиган. У шундай уйки, меҳр билан бағрига оладиган ва бу меҳрини олисларда ҳам соғиниб эслайдиган.
Аммо мен Шукумга ҳам ўхшаб қолишни истамайман. У соғлом ва бақувват бўлиб улғайса ҳам онаси сутини қўмсаб туради, вақти-вақти билан эмиш учун онасининг кўкрагига ёпишади. Бундайлар ҳақида шундай дейишади: «Ўзи ҳўкиздай бўлса ҳам бузоқчалик ақли йўқ».
Ўз вақтида биз ҳар нарсага анкета тўлдириш кераклигига кўникиб қолгандик. Ўтган йилларимда тўлдирган анкеталаримнинг саноғига етиб бўлмайди. Аммо ҳеч бир анкетада Ватанни қанчалик севасан, деган саволни учратмаганман. Албатта, бундан одамлар Ватанни севишмайдими, деган маънони келтириб чиқарманг.
Менинг фикри ожизимча, анкетага «Иттифоқ фуқаросиман» деб ёзиш билан кифояланиб бўлмайди, чиндан ҳам фуқаро бўлиш керак, «партия аъзосиман» деб ёзиш билан кифояланиб бўлмайди, чиндан ҳам партия аъзоси бўлиш керак, ёки «она тилим – авар тили» деб ёзиш билан кифояланиб бўлмайди, чиндан ҳам она тили авар тили бўлиши керак ва у бу сўзларни ҳамма жойда мағрур айта билиши шарт.
Қайдан келаётган бўлсангиз ҳам уйимда меҳмон бўлинг, ўз қўшиқларингизни тақдим этинг. Менинг ака-укамдай, опа-синглимдай бемалол уйимга келинг, барчангизга юрагимдан жой топилади.
Агар тоғлик илгари замонда Хунзах овулига қайтишда ўзга миллатга мансуб аёлни отига мингаштириб келса, бу уят ҳисобланган. Уни овул оқсоқоллари ўртага олиб койишган. Ҳозир бундай ҳолатларга кексалар ҳам, ёшлар ҳам кўникиб қолишган. Ҳа, энди авар йигитининг бошқа миллат вакилига уйланиши уят эмас. Эндиликда битта никоҳ, севишиб қурилмаган никоҳгина қораланади.
Чиндан ҳам гулдастада ҳар хил гул бўлса чиройли кўринади. Осмонда қанча юлдуз кўп бўлса, шунча чиройли. Камалак ҳам дунёнинг барча рангларини мужассам этгани учун гўзал товланади.
Мен Африкада жуда ажойиб гулни кўргандим. Унинг ҳар бир гулбарги ўзгача рангда, ҳар бир гулбаргининг ўзига хос ҳиди ва ўз номи бор. Қисқаси, битта новдада битта гулдаста, шу билан бирга у битта гул.
Истардимки, менинг аварлар тўғрисидаги китобим ўша гулга ўхшаса, ҳар бир ўқувчи ундан ўзига ёқимли ифорни туйса, ўзига ёққан рангни кўра олса.
ХУЛЛАС, мен китобим қандай бўлишини батафсил баён этаяпман. Мисоли кубачинлик уста ихтиёрида ҳамма нарса бор: олтин, кумуш, қирққич асбоб, тешгич, болғача, нақш андазаси ва ҳоказолар.
Энди устанинг олтин қўллари қачондир мўъжиза яратади. Менинг ихтиёримда ҳам ҳамма нарса бор: она тилим, ҳаёт тажрибаси, одамлар қиёфаси ва феъл-атвори, тарихий тараққиётни англаш, адолат тарозиси, она табиат, отам хотиралари… Олтин ёмби қўлимда. Аммо қўлларим олтинми? Истеъдодим, малакам етарлими?
Қандай қилсам, қўшиғимни сизга худди кафтдагидай тутқиза оламан? Қандай қилсам, қўшиғимни худди булбул куйидай тинглайсиз? Қандай қилсам, қўшиқларим севги мисол огоҳлантириб ўтирмасдан юрагингиздан жой олади?
Яна ва яна ижод столимдаги ёзган қораламаларимни саралашга тушаман…
ДЕЙДИЛАР: