Қумдаги хотин. Абэ Кобо
мудраб кетди.
7
Эркак занг бвоган арғимчоқнинг ғижирлашидек хўроз қичқириғидан жон ҳолатда, таъби тирриқ бўлиб уйғонди. Ҳозир тонг отгандек туюлса-да, соат миллари 11 у 16 минутни кўрсатарди. Дарҳақиқат, қуёш тушдагидек нур сочиб турибди. Лекин бу ер шунинг учун нимқоронғики, қуёш нурлари ҳали чуқур қаърига етиб келган эмас.
У ўрнидан сапчиб турди, юзи, боши ва кўкрагидан шувиллаб қум тўкилди. Лабининг четлари ва бурнининг ёнларида тер билан қоришиб қотган қум ёпишиб ётарди. Уни кафтининг орқаси билан артиб, кўзларини пириллатганча гарангсиб қолди. Гўё биров мижжаларини ғўдир нарса билан ишқалагандек яллиғлаган кўзларидан тирқираб ёш оқарди. Аммо нам кўзларининг бурчакларига тиқилиб қолган қумни ювиб ташлаш учун ёшларининг ўзи кифоя қилмасди.
Озроқ бўлса ҳам сув олиш учун ерда турган бакнннг олдига борган эди ҳамки, бирдан ўчоқ олдида пишиллаб ухлаб ётган хотинни кўриб қолди. Кўзларининг ачишаётганини унутиб, нафасини ичига ютди.
Хотин шир яланғоч эди.
Кўзини ёш хира қилиб турганидан хотин унга ғирашира, ноаниқ шарпа бўлиб кўринди. У тақир бўйрада чалқанчасига ётар, бошидан ташқари бутун вужудини намойиш қилаётгандек, чап қўли қорнининг қуйисини яшириброқ турар эди. Баданидаги, одатда одамлар яширадиган жойлари кўриниб турар, ҳеч ким очиб юришдан уялмайдиган юзигина сочиқ билан ўралган эди. Албатта, оғзи, бурни, кўзларини қумдан сақлаш учун шундай қилган, аммо, ҳар қалай бундан яланғочлиги яна ҳам яққолроқ кўзга ташланарди.
Бутун баданини юпқагина қум қатлами чулғаган. Қум баъзи жойларни кўздан яшириб, хотинларга хос домашни аниқ кўрсатиб турибди. У худди қум билан ҳал берилган ҳайкалга ўхшарди. Бирдан эркакнинг оғзи сув очди. Аммо у сўлагини ютолмади. Тишлари билан лаблари орасига тиқилиб қолган қум сўлакни ўзига шимиб олиб, бутун оғзи бўйлаб ёйилди. У ерга энгашиб қум аралаш сўлагини тупура бошлади. Аммо қанча тупурмасин, оғзининг ғўдири ҳам, қум ҳам кетмади. Назарида, тишлари орасида узлуксиз равишда янгидан-янги қум зарралари пайдо бўлаётгандек эди.
Бахтига бакка яна лиммо-лим сув тўлиб қолибди. Эркак оғзини чайқаб юзини ювгач, дунёга янги келгандек бўлди. У сувнинг мўъжизавор кучини бу қадар сезмаганди. Қумга ўхшаб сув ҳам минерал, аммо буниси шу қадар тоза, шаффоф, ғайри узвий жисмки, ҳар қандай узвий нарсага қараганда вужуд билан анча осонроқ бирлашиб кетади… Сув томоғидан аста-секин ўтаркан, ўзини тош еб кун кўрадиган ҳайвондек ҳис қилди....
Эркак яна қайтиб келиб, хотинга каради. Аммо унинг яқинига боргиси келмади. Қум гардлари қўнган хотинни томоша қилиш хуш ёқяпти-ю, аммо унга тақалиш унча ёқимли бўлмаса керак.
Кечаси кечирган ҳаяжон ва ғазаби ҳозир, кундуз куни унга ақл бовар қилмайдиган даражада бўлиб туюлди. Ҳангама қилиб берса бўладиган бир талай нарсаларни кўрди. Гўё ҳамма кўрганларини хотирасида пухтароқ сақлаб қолмоқчи бўлгандек атрофга яна бир назар ташлаб, наридан-бери отлана бошлади. Кўйлаги билан шими зил-замбил – уларга бир дунё қум тиқилиб