ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ. Чингиз Абдуллаев
аниқ-таниқ ва эсда қоладиган қиёфада кирарди. Улар ҳатто ўзаро суҳбат ҳам қуришар, аммо ҳар сафар уйғонганда, бу туш бўлиб чиқарди.
У кароватдан турди-да, яна пул ҳақида эслади. Ҳали қанча муаммолар бор. Аллақачон буюртма қилинган навбатдаги мақола ҳақида ҳам ўйлаб кўриш вақти ҳам етди. Муҳаррир Рублевкада яшовчиларнинг маънавий қиёфаси ҳақида ёзишни сўраганди. Ҳозир бу мавзу кимлардадир ашаддий қизиқиш уйғотганди. Бир томондан бутун ҳаётларини уддабуронлик билан ўзгартириб юборган олигархларга ҳавас билан қарашса, бошқа тарафдан ҳамма мафиядан, амалдорлардан, солиқ назоратчиларидан, текширувчилардан, рақобатчиларидан, ҳамкорларидан қўрқиб яшайдиган мамлакатда миллиардер бўлиш қанақа азоблигини кўриб туришарди. Ренат бу мавзуда ёзишни кўпдан ўйлаб юрарди. Аммо қораламалари муҳаррирга унча манзур бўлмади. Чунки уларда янги олигархларнинг ҳавойи сарф-харажатлари ҳақидаги бемаъни миш-мишлар кўпроқ ўрин олганди. Таҳририятга эса аниқ далиллар керак эди. Итларнинг жунини тарашлагичлар, “олтиюзлик” ”Мерседес”лар, яхталар, виллалар, Филиппиндан олиб келинган энгалар ҳақида эса барча газеталар ёзиб улгуришганди.
Ренат ғижимланган галстугини топиб, юзини бужмайтирганча, бўйнига илар экан, ажралишдан кейин ижарага олган бир хонали квартирасига назар солди. Олдинги учхонали квартирасини ажрашган кезларида Лиза билан қизига қолдирганди. У ҳатто собиқ хотинига шунча қийинчилик билан олган уйни бўлишишни таклиф этишни хаёлига ҳам келтирмади. Чунки хотини унинг қизи билан қолаётганди. Бу уйни саксон саккизинчи йилда рўй берган ва бутун Россияни эсанкиратган пулнинг қадрсизланишидан сал ўтгач сотиб олишганди. Умуман, ўша инқироз ўзларига жуда қўл келган бўлса-да, бу ҳақда у ўйламаган экан. Ўша йили онаси қазо қилди. У оғир ётган бўлса-да, бутун кучини жамлаб, ўғлининг тўйида қатнашишга ваъда берганди. Кейинчалик у онасининг тўйидан олти ой олдин ўлиб кетиши мумкинлигини билди. Лекин кампир врачларга ва ҳамма нарса қасдма-қасд тарзда унинг тўйигача яшашга ўзида куч топганди. У жуда ёш пайтида бева қолганига қарамасдан, бошқа эрга тегишни хаёлига ҳам келтирмади. Фақат битта нарсанинг – ўғлининг тўйини кўриш орзуси билан яшади.
Тўй мартда бўлиб ўтди, онаси эса апрелда қазо қилди. У ўша ойни Киевда – қўлида жон бераётган онаси ёнида ўтказди. Кейин яна Киевда бир неча кун қолиб, онасини дафн этди ва квартирасини сотди. Онасининг ўлимидан сўнг ўша уйга бориш ҳаддан ташқари азобли эди. Квартира уч хоналик, каттагина, ёрқин болалик хотираларига тўлган Крещатикдан унча узоқ эмасди. Уй уларга бобоси – онасининг отаси, совет армияси генералидан мерос қолганди. Уни Ренат қирқ минг долларга пуллашга муваффақ бўлди. Бу ўша кезларда Украинада катта пул ҳисоблангани боис савдолашиб ўтирмади. Москвада эса бу пулга марказдан четроқдаги шинамроқ уйдан бир хонали квартира олиш мумкин эди, холос. Тўқсон саккизинчи йилнинг августидаги ўша машҳур дефольт туфайли нархлар тўрт баравар тушиб кетди. Унинг қўлида эса ўттиз