ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ. Чингиз Абдуллаев
ўзга бир олам эди.
3 боб
У бир дақиқалар чамаси тек қотди. Французлар сабр билан унинг ўзига келишини кутишарди. Ҳатто Дима ҳам анг-танг қолиб, бошини чайқашдан нарига ўта олмасди. Унинг калласи ҳам бунақа катта миқдордаги бойликни ўзига сиғдира олмаётганди. Чунки, ўзининг Глущенко ҳақида нималарни ёзганини яхши эсларди. Ўша кимса тўқсонинчи йиллар поёнида Украинада пайдо бўлган янги олигархлардан бири эди. Газеталарнинг таъкидлашича, марҳум бойлик бобида Шарқий Европанинг энг қудратли мулкдорлари сирасига кирадиган медиа-магнат Рабиновичдан ҳам, Украинанинг собиқ президентига куёв бўлмиш Пинчукдан ҳам устун турарди.
– Мен нима қилишим керак? –кутилмаганда сўрди Ринат.
– Меросни олишингиз керак, – жилмайди адвокат сўзининг таъсиридан завқланиб – сизни топиш учун уч ой сарфладик-ку. Ҳеч ким жаноб Глущенокнинг шунақа қариндоши, сиздек ҳақиқий жияни борлигини хаёлига ҳам келтирган эмас.
– Тушунарли,– деди Ринат жимиб қолган Димага кўз қирини ташлаб. У ҳамон нима қилишни била олмай ўтирарди. Иккаласи ҳам ўзини йўқотиб довдираб қолган, аллақачон нонуштани ҳам эсдан чиқариб, ҳозирги вазиятда ўзларини қандай тутишни билолмай гаранг бўлишаётганди.
– Франция қонунларига кўра меросдан катта миқдорда солиқ тўлашингиз лозим,– тушунтирди Леклерк сукунат чўзилиб кетганини сезиб, – бундан ташқари, барча кўчма мулкларни сизнинг номингизга расмийлаштиришимиз керак. Бу узоқ давом этадиган жараён ва бир неча миллионга тушади. Шунча пулингиз борми?
– Бир неча миллион доллар?
У яна Димага қаради, демак, сариқ чақа ҳам ола олмайди. Ҳеч қанақа мерос ҳам тегмайди.
–Менинг ҳеч нарсам йўқ, – деди ҳорғин оҳангда Ринат, – мен солиқларни ҳам, харажатларингизни ҳам толай олмайман. Ўйлашимча, миллион долларим йўқлиги сизларга ҳам яхши маълум.
– Ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, –дарҳол тинчлантирди Плавник, – сизнинг таниқли журналист эканингиздан, ишингизни яхши кўришингизданн хабаримиз бор. Ҳоҳласангиз, ўз касбингиз билан бемалол шуғулланишингиз мумкин. Балки Францияга кўчиб ўтарсиз, бу ҳам сизга ҳавола. Гап шундаки, ҳужжатлар расмийлаштиргунча, сиз меросга тегадиган уйда яшаб турсангиз ҳам бўлади. Марҳумнинг қариндоши сифатида. Ҳаммаси тўла расмийлашгандан сўнг эса ушбу кўчма мулкни нима қилиш ўзингизнинг ихтиёрингизда.
– Тушунарли, -деди Ринат. – Мен у ерга қандай бораман?
–Сизга қандай қулай бўлса шундай боринг, хусусий рейсга буюртма бериб, самолётда учсангиз бўлади. Глущенконинг шахсий самолёти бор эди, лекин сотиб юборган.
– Менинг шахсий самолётим йўқ, – асабийлашди Ринат, назарида уни масхара қилишаётгандек эди.
– Мсье Шарипов, – гапга аралашди бошқа адвокат, – сиз билан тил топишамиз, деган умиддамиз. – У рус тилида жуда ёмон гапирар, фамилияси ҳам кулгили эди Дрюмо. Дрюмо-трюмо…
– Албатта. Фақат, аввал самолёт сотиб олай, бир неча миллион доллар топай кейин… виллани қаерда,