Маъсума. Исажон Султон
ҳар бирингизни дуо қилиш менинг бурчимдир. Мен Туркистонни ватан деб билган барча фидойи кишилар қаторида сизларни, бу даврада иштирок этолмаган олис-яқиндаги дўстларимизни, шу кунларда яшаётган ёхуд ҳаёти тугаган тараққийпарварларимизни, хусусан, дўстим Заҳириддин Аъламни дуо қиламан. Молу жонини миллатга фидо қилган мерганчалик Убайдулла Хўжани ва Башарилла Асадиллахўжани, Тошпўлат Норбўтабекни, шайҳантаҳурлик Мунаввар қори афандини, дўстим Абдулла Авлонийни, занжирликдан Муҳаммаджон Пошшохўжа ўғлини, қорёғдидан Каттахўжа Бобохўжани, орқа кўчадан Низомиддин Асомиддинхўжани, Қўқон бекларидан Хайтабек набиралари бўлмиш Комилбек ва Каримбекларни ҳам дуо қиламан. Барчаларига Тангри таоло ўз розилиги ва нусратини берсин! Абдулла қори билан Тўлаган қорининг ишларига ҳам тасанно айтиб дуо қилиб қўйинглар, бу кишилар театру очиб, авомни маърифатга даъват қилмоқдалар. Тўлаган қори, айтинг-чи, томошага халқнинг муносабати қандай бўлди?
– Барча ўта қизиқиш билан томоша қилди, – деб жавоб берди Тўлаган қори. – Бизлар жума ваъзларида ҳар қанча панд-насиҳат қилганимиз бир томон-у, театруда ўзининг аксини кўргани бир томон, денг.
– Барчамиз учун фарз ва вожиб ҳисобланган ишларимиз жуда кўп, – деди Абдувоҳид қори. – Ўтган гал йиғинимизда мактаб кутубхонаси нашриётимизни ва китоб дўконларимизни тараққий эттиришимиз, янги дарсликлар ёзишимиз, зеҳни порлаб турган болаларимизни хорижга таҳсилга юборишимиз ҳақида сўзлашиб, келишиб олган эдик. Беш-ўн йил ичида икки-уч доктор, уч-тўрт адвокат, Давлат думасида оташин нутқлар сўзлаб, Туркистон мусулмонларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган тўрт-беш сиёсатчи арбоб етишса, биз учун катта ютуқ эмасми? Бойларимиз шуни кўзлаб, ўқув-ўқитувга ҳомийлик қилсалар, бу ишлар ҳаққоний ватанпарварлик, асил ғазотдир. Хулласи калом, халқимизни маърифатли қилишга молу жонимизни тикишдан бошқа йўл йўқ. Афсуски, бундай улуғ иш бир қанча кишиларгагина қолди. Агар ўз давлатимиз бўлса эди, бу уринишларимизга ҳожат қолмас, давлат халқ равнақи учун керакли бўлган барча ишларни бажарар, сиз билан биз эса, ўйнаб-кулиб яшар эдик. Начора, барча бу ишларни ёлғиз бошимиз билан қилишга мажбурмиз. Шуни ҳам айтаманки, агар ишлар шу зайл кетадиган бўлса, иншооллоҳ, катта савобларга эга бўлиб, пировардида шаҳидлик мақомига эришсак ҳам ажабмас… Зиё афанди, асрни ўқиб олақолайлик, сўнг янги усул мактаблар, кутубхоналар, дарсликлар ва муаллимларнинг молия тарафини сўзлашиб оламиз.
– Ҳурматли қоримизга бир арзимиз бор эди, – деди Зиё афанди. – Театру фаолиятларимизда Боситхон инимиз жуда ишимизга яради, рухсат берсангиз, гоҳ-гоҳида, зарурат туғилганида хизмат қилиб турсалар?
– Миллат учун, аҳли мўмин учун бўлса, ҳеч қаршилигим йўқ, – деб жавоб қилди Абдувоҳид қори.
Барча дуо қилиб, ўрнидан қўзғалди. Хизматчилар келганларнинг кавушларини артиб-суртиб ярқиратиб, даҳлизга чиройли қилиб тизиб қўйишган экан. Меҳмонлар дастёрларни алқашиб, шу яқин орадаги масжидга йўл олишди.
– Дастурхонни