Адабиёт- миллат виждони. Нўъмон Рахимжонов
чидайди, – қўшилди учинчиси.
Бу гапларни эшитмаганга олиб, йўлда давом этдим.
Улар ортимдан эргашдилар. Ёмон бир нарса бўлишини юрагим сезди, лекин билдирмадим. Тақдиримда борини кўраман. Яшашнинг ҳам қизиғи йўққа ўхшайди ўзи.
Балки ҳаётимни тўғри қуролмагандирман.
– Шошилманг, – деган овоз келди ортимдан.
– Бошлиқнинг хонасига кирдингизми?
– Кирдим.
– Кўрдингизми?
– Кўрдим.
"Нимани", деб сўрамадим. Зеро, фойдаси ҳам йўқ. Ортимдан келаётган бандалар ҳиссиётдан бутунлай маҳрум.
– Ўнгга юринг! – деган буйруқ бўлди орқадан.
Ҳукм қатъий, босиқ ва аниқ, аммо бўйсунмадим, ўзимни эшитмаганга олдим. Балки қочиб қутуларман деган хаёлга бордим, аммо қочиш режаси миямда ҳали пишиб етилмаганди.
– Ўнгга!
– Тўғрига кетаверса ҳам майли, барибир ўша ерга боради.
– Майли, тўғрига!
– Икки ўн беш – бир ўттиз.
Улар ўзларининг гапларига ичакузилди бўлиб кулишди. Бу гапнинг нимаси қизиқ туюлди экан, англамадим. Балки мени қўйдек олдиларига солиб ҳайдаб боришаётгани учун кулишаётгандир. "Қўйдек" уларга тааллуқлими ёки менгами? Яна мантиқий силлогизм. Ундан кўра қочиб қутулишни ўйлашим керак.
IV
Ортимга бир қараб олдиму бор кучим билан югура кетдим. Узоқ югурдим. Бахтга қарши йўл тобора юқорилаб борарди. Нафасим оғзимга тиқилиб, ҳарсиллаб қолдим ва нима бўлса ҳам қир ортига ўтиб олишни мўлжалладим. Қир устига чиқарканман, мувозанатимни сақлаб туролмай мункиб кетдим. Қир орти тик қиялик. Шу қадар тик эдики, гоҳи-гоҳида майда ғўрашакли тошлар ўз-ўзидан "шиқир-шиқир" этиб пастликка томон силжирди. Тутиб қолай десам бирорта бута ёки тош йўқ. Оёғим тойиб кетиб ортим билан ўтириб қолдим ва ўзимни тўхтатолмай пастга томон сирпаниб кета бошладим. Кейин дўстаман ётиб бутун вужудим билан ерга қапишдим, қизил ғўрашакли шағални қучоқладим. Бармоқларимни чангак қилиб ерга ботиришга уриндим; тиззам, иягим ва ерга тираш мумкин бўлган барча аъзоларимни сафарбар этиб ўзимни тўхтатишга уриниб кўрдим, қайта-қайта уриндим, бўлмади. Орқам билан ётиб товонимни тирадим. Фойдаси йўқ, пастликка – Аспалатисофилинга томон шиддат ила кетиб борардим. Тез орада шимимнинг орқаси йиртилганини пайқадим, аммо ўрнимдан туролмадим. Оёқ остида ва ҳамма жойда тупроқ ҳам эмас, сополга ўхшаш, аллақандай, нўхат катталигидаги тошсимон ғўрашаклар туришга сира имкон бермасди. Йиқила-сурина ортимга ўгирилиб қарадим. Қир устида етти киши турганини кўрдим, ўша лаҳзада санаб улгурмаган бўлсам-да, пастга томон тойғаниб бора туриб ҳисобини чиқардим. Ҳалиги учаласи ёнма-ён туришар, ўртада бошлиқ ва унинг ёнида яна икки киши. Бири аёл… демак, олтита экан.
– Қайт! Қайт!
Овоз менга нотаниш эди, лекин ички бир ҳиссиёт билан бошлиқнинг ўзи чорлаётганини англадим.
Ёнбағир тобора нишаблашиб борарди. Энди ўзимни тўхтатиб қолишдан тамом умидимни уздим. Оёқ тирашим, панжаларим билан ғўрашак ерни чангаллашим, ортимни ерга маҳкамроқ босишимдан заррача наф йўқ. Қияликнинг охири кўринмасди. Мени қутқазувчи куч бу дунёда йўқлигини билсам-да,