Ҳақиқат талабгоримиз. Карим Бахриев
– Нажмиддин Кубро деганлар:
Чун нест зи ҳар чи нест жуз бод ба даст,
Чун ҳаст ба ҳар чи ҳаст нуқсону шикаст.
Пиндор, ки ҳаст ҳар чи дар олам нест,
Ангор, ки нест ҳар чи дар олам ҳаст.
Ҳар неки гўё йўқ шамол каби кўринмас зинҳор,
Ҳар неки гўё бор омонатдир, емрилар абгор.
Кўргин, ҳар нимаки оламда бор охири йўқдир,
Билгин, ҳар нимаки оламда йўқ – аслида бор, бор.
Бу Аллоҳни ва руҳни ҳақиқий борлиқ деб ҳисобловчи, бу кўриниб турган дунёни – ёлғон, нариги тириклар ҳали кўрмаган дунёни чин дунё билгувчи донишманд аждодларимиз тасаввуф таълимотининг муқаддас мафкурасидир. Унга кўра, бизга бор бўлиб туюлган нарсалар аслида йўқдир (йўқолгувчидир), чунки улар яралгандир ва комил эмасдир, улар ҳаракатда, ўзгаришда, демакки, охири емирилиш ва йўқолишдадир. Туғилган нарса ўлади. Кўкарган нарса қурийди. Бошланган нарса охирлайди. Ибтидоси бор нарсанинг интиҳоси ҳам бор.
Аллоҳ Биру Бордир. Унинг ибтидоси йўқдир ва шунинг учун интиҳоси ҳам йўқдир. Оми кўзига йўқ бўлиб туюладиган Аллоҳ, руҳ худди шамол кўринмагандек кўринмаса-да, аммо бордир, комилдир ва собитдир. Дарахтни шамол тебратади, аммо ўзи кўринмайди. Биз шамолни кўрмасак-да, дарахтнинг тебранганини кўриб, шамолнинг борлигига иқрор бўламиз. Аммо шамолни яратиб қўйган Аллоҳни кўрмаганимиз учун гоҳи гумроҳлик билан унинг борлигига шубҳа қиламиз. Аллоҳ, ўзинг кечиргин! Яратган буюкдир! Яратган покдир! Яратилганлар Яратганнинг қошида ожиздирлар. Аждодларимиз иймони, жумладан, Алишер Навоий эътиқоди шундан далолатдир.
Дунёда кўриниб турган, сезилиб турган, бор нарса абадий эмасдир. Кўринмаётган руҳ абадийдир. Бор йўқдир, йўқ бордир. Миллиард йиллик юлдузлар бир куни келиб бир лаҳзага ҳозиргина ёнгандек йилт этиб ўчади, қоронғуликка, йўқликка чўкади. Коинотни ўраган бўшлиқ, қоронғулик, йўқлик абадийдир. Борлиқ ўткинчидир. Йўқлик абадийдир.
Миллион йиллик тоғлар, залворли чўққилар емрилади. Улар юракларга солган салобат, виқор абадийдир. Ёнаётган гулханлар ўчади, уларнинг дилдаги тафти абадийдир. Маъшуқасига термулиб турган ошиқ ва ошиғи назаридан қизариб бораётган маъшуқа ўткинчидир, фақат улар туйган эҳтирос, улар чеккан хижолат абадийдир, қайдадир кезиб юрадир. Зеро, муҳаббатнинг манзили қалбдир, инсон ўлгач, танни қабристонга қўядилар, қалб боқийлик сари кетадир…
Ҳамма яратилганлар фонийдир. Яратган боқийдир. Бу ўзини фано аҳли деб билган, ҳатто форсий ғазалларига «Фоний» тахаллусини қўйган Алишер Навоий эътиқодидир. Шайх ал-Колободий истилоҳ этадилаки: «Фано – бу барча насибалардан (лаззатлардан) узилишдир. Ҳақ унинг барча тасарруфини эгаллаб олади ва фақат Аллоҳ ишқи билан чегараланиб қолади. Унинг барча омиллари Аллоҳга топширилиб, бошқа барча лаззатли нарсалардан тийилиб қолади. Бу исматдир. Бунинг маъноси Аллоҳнинг: «Мен унинг қулоғи ва кўзи бўламан», деган сўзидир. Бунда киши ўзи фикр қилган Аллоҳга овора бўлиб, бошқа нарсалардан фоний бўлади ва ундан нарсаларни яхши ёки ёмон деб ажратиш хусусияти кетади. Омир