Муроса илми. Ҳадислар талқини. 2-китоб. Турсуной Содикова
туфлаш балки биргина жазога лойиқдир. Аммо бу муқаддас хазинамизга уқиб-уқмай тил теккизиш, нопок ният билан ёндашиш ё енгил-елпи талқин қилиш гуноҳи азимдир.
Тирикчилик учун, кибр, шуҳрат ёинки ғаразли мақсадда динни ўртага қўймасинлар, тўғрироғи, манфаат йўлида унинг номидан гапирмасинлар, аслида худди шунинг ўзи динсизликдир! Ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз, турли оқимлар туфайли қанча оилалар пароканда бўлди, фарзандлар дилозор сайланди, ота-оналар ер чизиб қолди. Айюҳаннос солиб, оломон йиғиб, бақириб-чақириб ё қоп-қора ҳижобларга бурканиб олиб Аллоҳга сиғинилмайди, ибодат кўз-кўз қилинмайди, у ниҳоятда шахсий, ботиний жараён. Художўйлик борасида бизга етадигани кам. Бобомомоларимиз дин мутлақо тақиқланган пайтларда ҳам дилидаги иймонга суяниб яшаганлар, ошкора мумкин бўлмаса, яширин ибодатда бўлганлар. Тилларида айтолмасалар, дилларида тиловат қилганлар. Ислом динининг сабоқлари одоб-ахлоқимизнинг ўзагига айланиб кетган. Ва бу феъл диний билими бор-йўқлигидан қатъи назар ҳар бир миллатдошимизга қондан ўтадиган меросдир. Орамизда иймони сустлар, ғафлат бандалари, Аллоҳдан ҳар доим ҳам қўрқмайдиганлар учраши мумкин, аммо “худо йўқ” дейдиган кофирлар йўқ деб биламан. Агар кимдир шу сўзни айтиб юборган тақдирда ҳам, юраги увишиб кетиши аниқ, чунки унинг аслиятида, қонида бир овоз тинмай “Буюк Ҳақиқат бор” дея пичирлаб туради.
Иймонли инсон – нурланган макондир. “Дил ба ёр” бўлса, яъни ҳар кимнинг кўксида худоси бўлса, унинг тилидан, қўлидан, феълидан ёмонлик келмас, малоллик келмас. Иймони бор инсоннинг бағрида қишин-ёзин бодом гуллайди, унинг кўзу юзидан атрофга ҳурмат-муҳаббат ёйилади, бармоқларидан нажот тўкилади. Гуноҳкорни кўрганда ҳам нафратланмайди, қарғамайди, “Эҳ, бечора илмсизлик қилибди-да, унга ўргатиш керак, бу ҳолатдан уни тез қутқариш керак” дейди. Мусулмончилик, бу – ҳалимлик, мусулмончилик ёқимтойликдир.
Бир аёл – эски танишим динга жуда берилиб кетди, яхшигина ўқитувчи эди, ишини ташлади. Уйида ҳеч ўтирмайдиган, даврамадавра юрадиган, тинмай қаерларгадир бориб келадиган бўлиб қолди. Бундан ўзи ғоят завқланар, рўбарў келганда “Илмнинг ишқида юрибман-да” дерди кўзлари чарақлаб. Ўғли ҳам ўқишни йиғиштириб, шу йўлга тушди. Биттагина ўғилнинг Аллоҳни танигани яхши бўлди деб, менинг ҳам кўнглим таскин топди. Аммо… шу йигитчага бир куни рўпара келиб қолдим. Сўрашишга тараддудланиб турсам (ахир у эски қадрдонимнинг ўғли, қолаверса, ўзи ҳам кўз ўнгимизда ўсди), кўзининг бир учи билан қия қараб қўйди-да, бошини ғоз тутиб индамай ўтиб кетди. Мен ҳайрон! Кейин иккинчи, учинчи марта ҳам шундай бўлди. Салом бермаса ҳам майли, ранг-тусидаги иддаосини айтмайсизми! Дилим эзилибгина оғриди… Мен-ку индамадим, аммо бир куни онасининг бировга айтаётган изоҳини эшитиб қолдим. “Динимизда бети очиқ аёлга салом беришлик йўқ”, – дерди у. Бу гапни оми одам айтса кечирарли, аммо у йигирма йилдан бери шу илмнинг ичида ғаввос бўлиб юрибдику! Пайғамбаримизнинг айнан шундай деганларига у ҳужжат келтира оладими? Бу қинғир кўзойнакни у нима мақсадда тақди? Бу ўғлон менинг она эканлигимни, ундан қирқ ёш катталигимни ҳисобга