Муҳаббат йўлида. Закирджан Халмухаммад-оглы Фуркат
дарди ҳижронинг бўлубдур мубтало Фурқат,
Чу қумри доимо йиғлаб, деюр фарёду вовайло.
«Эй, баёзи караминг берди чаманларға сафо…»
Эй, баёзи караминг берди чаманларға сафо,
Қадди мавзунинг хаёли сарв илкиға асо.
Мақдаминг ташрифидин, эй, навбаҳор ижод шўх,
Очди гулшан ҳар гулининг баргидин дасти дуо.
Чарх майдониға сурдинг тунд, эй, чобуксувор,
Етмасун пойи самандинг наълиға гарди қазо.
Чашми мардум рухларинг миръотидин касб этти нур,
Дил кўзи айлар анинг-чун хоки пойинг тўтиё.
Жуз хати лаълинг мени дилхастага манзур эмас,
Хизр зулматдин кетурса, боқмағум оби бақо.
Май ичиб тонг отқуча, рашк айлабон хуноби ғам,
Ғайр ила соғар чекиб ҳар қайда сен, эй, дилрабо.
Азми бозор айладинг ҳар су боқиб танноз ўлуб,
Неча юз минг аҳли дониш бўлди ақлидин жудо.
Пойбўсинг орзусида ҳамиша жон чекиб,
Ўлтурур доим йўлингда Фурқатий бедасту по.
«Эй малоҳат гулшанида андалиби хуш наво…»
Эй малоҳат гулшанида андалиби хуш наво,
Вей, фатонат иқтидорида Фалотундин расо.
Оразингдин хира моҳу офтоби ховарий,
Гарданинг байзолиғидин тийрадур субҳи сафо.
Сафҳаи рухсоринг авроқида хатлар ёзилан,
Мисраи баржастаси мазмунидур во-ҳасрато.
Жилва савдоси билан кулбам сари қилғил хиром,
Мақдаминг тупроғидур жон дийдасиға тўтиё.
Мушки анбар бўйи кўнглумни паришон айлади,
Кош келтурса шамими сунбулунг боди сабо.
Қосидеким еткурур кўйинг фазосидин хабар.
Сонурам билфавр келди ҳудҳуди шаҳри Сабо.
Кулбаи эҳзонда доим зор Фурқат интизор,
Кўз уйин ашкида ғалтон ашкидин бедасту по.
«Ийди рухсоринг кўруб бўлди ҳама қурбон санга…»
Ийди рухсоринг кўруб бўлди ҳама қурбон санга,
На эмиш бир жон фидойинг, айлагай минг жон санга.
Бисмил ижод айлади қотил кўзинг бир йўл боқиб,
Қон ила оғушта айлаб кўрсатур юз жон санга.
Дастаи райҳон узоринг, хатти бир гулдур юзинг,
Андалиби мастдек ушшоқлар нолон санга.
Рашҳаи нолам Масиҳоға етар ҳар кечаси,
Мунча фазли савт бермиш ҳазрати Раҳмон санга.
Одам ичра кўрмадим сендек пари рухсорни,
Жаннат ул-аълода таҳсин айлади ғилмон санга.
Қайси бир боғи Эрамни булбули хушхонисен,
Ё магар Довуддин мерос бу илҳон санга.
Хол эмасдур сафҳаи ҳуснунгда мушкин нуқталар,
Хатти лаълинг ёзди мисраъ хомаи Яздон санга.
Асрасун ҳосид кўзидин ҳазрати Қаҳҳор эгам,
Айласун юз пора душман бор эрур чандон санга.
Номуносиблар юзиға очмағил ҳаргиз басар,
На равоким, ўлса манзури назар бир он санга.
Қил карам Фурқат қулунгға ушбу журмидин ўтуб,
Бир мувашшаҳ айлади густаҳ ўлуб жонон санга.