Бургут тоғда улғаяди 1-китоб. Нуриддин Исмоилов
у. Аёл энгашиб Моҳирўйнинг юзидан ўпиб қўйди, сўнг жўмракни бураб, сув қайноқ бўлишини кута бошлади. Шариллаб оқаётган сувда энди буғ пайдо бўлганида, тўсатдан хонага амалдор келиб қолди.
– Нима қилаяпсан?! – дея ўдағайлади у хотинига.
– Менми… менми? – дея довдираб қолди Зулайҳо. – Иш… буюрган ишингизни қилаяпман.
Хотинининг довдираб қолганидан Турғун Ғаниевичнинг кўнглига шубҳа оралади.
– Нега иссиқ сувга совуғидан аралаштирмадинг?
– Аралаштирмоқчийдим… Анақа… Иссиқ сув келгунча уйқу босибди, – деди Зулайҳо кўзини олиб қочиб.
– Бошқа нарса босиб қолмадими, ишқилиб? Бўл тез, совуқ сувни оч, ҳамма ёқни ҳаммом қиворибсан-ку!
Зулайҳо шоша-пиша эрининг айтганини бажарди-да, Моҳирўйга қаради. У ҳеч нарсани билмасдан қип-яланғоч ҳолда ётарди. Амалдор эса уялмасдан унга термулиб турарди.
– Уят бўлади-я, – деди бироз ўзига келган Зулайҳо.
– Фақат юзини ювсанг бўлди, кейин менга тезда егулик тайёрлаб бер, ароқ олиб келишни эсингдан чиқарма! – дея амалдор ювиниш хонасидан нари кетди.
Аёл режаси амалга ошмай қолганидан унчалик ҳам куйинмади. Чунки бу режа фавқулодда миясига келиб қолган, ҳали унчалик ҳам пишмаган эди. Бироқ бунақа қулай вазият ҳар доим ҳам бўлавермасди.
Моҳирўй дадаси калтаклашни тўхтатганида ҳали ҳуши ўзида эди. Шу боис, эр-хотиннинг гапларини тўлалигича эшитди. Шундан кейингина ҳушидан кетди.
Юзига муздай сув теккач, у кўзини очди. Боши карахт эди, шунинг учун дабдурустдан нима бўлаётганлигини англаёлмади. Унинг кўз очганини кўрган Зулайҳо баттар хўмрайди.
– Ўзингга келдингми? – деди у қўпол овозда.
– Ойи, – деди синиқ овозда Моҳирўй, – менга нима бўлди?
– Нима бўлганлигини эртага гаплашамиз, ўрнингдан туроласанми, сени бу ерга олиб келгунимча белим чиқиб кетай деди. Ҳеч иш қилмаганлигингдан оғирлашиб кетибсан, – деди аёл ва Моҳирўйнинг ўрнидан туришига кўмаклашган киши бўлиб қўлидан тортди. У қизнинг жароҳатланган жойидан чанг солиб ушлаб олганлиги сабабли Моҳирўй инграб юборди.
– Мушукнинг орқаси яра бўпти, унга нима даво бўпти, шунга шунчами? Қийинчилик кўрмагансан-да, сал нарсага дод-вой соласан! – дея жеркиган аёл унинг қўлидан қаттиқроқ тортди.
– Ой-и-и! – дея бақириб юборди Моҳирўй. – Қўйинг, ўзим тураман.
– Ҳе, нозик ойим…
Зулайҳо шу заҳоти Моҳирўйнинг қўлини қўйиб юборди-да, эри буюрган ишни бажаришга кетди.
Ўрнидан базўр туриб олган қиз секин-аста қадам босиб ётоғига борди ва каравотига чўзилди.
Эртасига эрталаб Тўйчи қўнғироқ қилди. Бу пайтда амалдор ишга кетган, Зулайҳо эса энди уйқудан уйғонган эди. Ўзига таниш овозни эшитган аёлнинг юзига табассум югурди.
– Шахсий чеваримнинг ишлари қалай, янги-янги кўйлакларни ижод қилаяптими? – деди Тўйчини эркалаб.
– Анавинга одам топиб қўйдим, – дея бирдан мақсадга ўтди Тўйчи.
– Дарров ишдан гапирасан-а, сал бундай одамни эркалатиш, кўнглини кўтаришни билмайсан, – деди