Бургут тоғда улғаяди 1-китоб. Нуриддин Исмоилов
секин ўрнидан турди-да, чап томонида ухлаб ётган маҳкумни туртиб уйғотди. Бу барзанги эди. Барзанги каравотидан тушгач, унинг қулоғига илон аллаиималар деб шивирлади-да, яна қайтиб каравотига чўзилди. Барзанги овоз чиқармасдан қадам ташлаб борди-да, шеригини уйғотди. Иккаласи алланималарни келишиб олганларидан сўнг, секин Фаррух томонга яқинлаша бошлашди. Фаррух мабодо улар ташланиб қолишса, ён томонини мўлжаллаб турди. Бироқ иккала барзанги ҳам унга ташланмади. Балки, кундуз куни уни обдон элакдан ўтказганлардан бири – Қилтириқнинг ёнига боришди ва унга бироз қараб турганларидан кейин Кобра уйғотган барзанги ёнидан пичоқ чиқарди. Иккинчи барзанги эса, Қилтириқнинг ёстиғини тортиб олиб, унинг юзига босди. Қилтириқ типирчилаб қолганида кўкрагига ханжар санчилди. Яна озгина муддат типирчилаб ётган Қилтириқ тинчиб қолди. Шундан кейин навбат Фарррухнинг ёнидаги маҳбусга етди. У ҳам худди шу усулда ёруғ дунёни тарк этди. Энди барзангилар Фаррухнинг ёнига яқинлашишди. Йигитнинг ичи музлаб кетди. У хиёл кўзини очиб, мабодо ёстиғини тортиб олмоқчи бўлишса, бирдан ўрнидан туриб кетмоққа шайланди. Бироқ барзангилар унинг ёстиғини тортиб олишмади. Иккитасини тинчитган барзанги секинлик билан қонга бўялиб ётган пичоқни Фаррухнинг болиши остига тиқиб кўйди. Бу лаҳза шунчалик ваҳимали кечдики, йигит адойи тамом бўлаёзди.
Ҳамма ишни битирганларидан кейин барзангилар яна жойларига бориб ётишди. Орадан ярим соат ўтгач, уларнинг хурраги эшитила бошлади. Аммо Фаррухнинг уйқуси буткул ўчиб кетган, вужуди дағ-дағ қалтирар эди. Шу алпозда у яна талай муддат ётди. Кейин унинг миясига "Нега улар пичоқни менинг ёстиғим тагига тиқиб қўйишди? – деган ўй келиб, янаям сергакланди. – Бу бекорга бўлмаса керак. Булар бирон нимани мўлжаллашган кўринади. Балки, қилган ишларини менинг бўйнимга ағдармоқчи бўлишгандир? Ҳа, худди шундай қилишмоқчи булар. Агар ҳозироқ бунинг олдини олмасам, қутулмас балога қолиб кетаман". Фаррух секин бошини кўтариб атрофига қаради. Иккита мурдадан бўлак ҳамманинг уйқуси осудалигини кўргач оҳиста ўрнидан туриб, эҳтиёткорлик билан болишининг остидаги пичоқни олди-да, шундоққина тепасидаги каравотда, иккинчи қаватда дунёбехабар бўлиб ётган Майнавознинг кўрпаси тагига тиқиб қўйдию, яна ўрнига чўзилди. Бироз ўтгандан кейин эса тағин ўрнидан туришга тўғри келди. Сабабки, болишида ҳам қон доғи қолганлигига унинг шубҳаси йўқ эди. Болиш худди бояги усулда Қилтириқникига алмаштирилди. Кўнгли бироз хотиржам тортган Фаррух чойшабини ҳам кўрикдан ўтказди. Бахтига, унга қон юқи тегмаган эди.
Эрталаб бирдан ҳамма ёқ тўполон бўлиб кетди. Ўн бештача соқчи йигитлар қўлларида резина таёқча кўтарганларича югуриб киришди. Бурчакка сафланишга улгурган маҳбус улгурди, улгурмагани икки-уч мартадан резина таёқнинг "маза"сини татиб кўришга мажбур бўлди. Албатта, ҳали қамоқхонанинг паст-баландини тушуниб улгурмаган Фаррух ҳам бу насибадан қуруқ қолмади.
Тинтув бошланди. Ҳамма маҳбуснинг тумбочкаларидан тортиб, кўрпа-ёстиқларигача