Ёлғонлар шаҳри. Рамита Наваи
Ота-онасига ўхшаб унинг ўзи ҳам актёрлик ахлоқи бузуқлар касби, деб ҳисобласа-да, баъзан ана шундай бемаъни хаёлларга берилади. Танаффусда қизлар сўнгги миш-мишларни муҳокама қилишди. Улар диний жиҳатдан ижозат берилган сериалларни кўради. Бу сериалларда соқоли қириб олинган эронликлар ёвуз одамлар сифатида тасвирланади. Исмлари ҳам қадимий форсча: Куруш ва Дариуш. Ижобий қаҳрамонлар эса соқол қўйган, исмлари ҳам исломий. Ўқувчиларнинг қарийб ярмининг уйида сунъий йўлдошга уланган телевизор бор. Улар Руперт Мёрдок қисман эгалик қиладиган, Дубайнинг “Фарси1” каналида кўрсатиладиган Лотин Америка сериалларига муккасидан кетган. Бутун Эроннинг сунъий йўлдош антенналари ликопчалари босган – Теҳрондан тортиб чекка қишлоқларгача, уйларнинг томида уларни кўриш мумкин. Бундай антенналар диндорларнинг ҳам, дунёвий одамларнинг ҳам уйида бор. Ҳатто ҳукумат вакили Эронда 4.5 миллион хонадон ана шундай антеннага уланганини маълум қилди. Сумайянинг отаси эса хорижий телеканалларни кераксиз ва исломга зид, исрофгарлик деб ҳисобларди. Унинг бу фикрини ўзгартиришнинг ҳеч иложи йўқ эди.
Соат 2 да, дарслар тугашидан бироз олдин барча қизларни мактаб мудирасининг хонасига йиғишди. Мудирани итўрдак деб аташарди, чунки унинг жаҳлдор юзи бульдогникига ўхшар, юрганида эса ўрдакка ўхшаб лапанглар эди.
– Тоҳира Азимий ўғил бола билан номақбул муносабатда бўлгани учун мактабдан ҳайдалди, – бўкирди итўрдак.
Қизлар “вой” деб юборди. Тоҳира ўша воқеадан сўнг мактабга келмаётганини ҳамма биларди, аммо авваллари ҳеч ким мактабдан ҳайдалмаганди. Итўрдак қизларни тинчитишига беш дақиқа кетди. У катта думбаларини селкиллатиб хона бўйлаб юриб, қизларга камтарлик, Худо, ота-онани алдамаслик ва сунъий йўлдош телевидение тарбияни бузаётгани ҳақида ваъз ўқиди. Тоҳира Азимийнинг қизлик иффати бутунлиги, у ота-онасига деярли ёлғон гапирмаслиги ёки унинг уйида ҳеч қачон сунъий йўлдошли антенна бўлмагани эсга ҳам олинмас эди. Муҳими шуки, у ўғил боланинг уйидан чиқиб кетаётганида қўлга тушгани ва бу вақтда боланинг ота-онаси ташқарида бўлгани Тоҳирани енгилтак деб аташга етарли эди. Энди унинг муаллимлари, синфдошлари ва маҳалла-кўй уни шундай атарди. Боз устига, Тоҳира Азимий хушрўй қиз эди. Ҳижоб ҳам, пардоз-андоз қилмаслиги ҳам унинг бу гўзаллигини беркита олмасди.
Итўрдак гапларини тез тугатди. Иштаҳани қитиқловчи селли шашликнинг деразадан кираётган ҳиди ва очлик ҳисси унинг диний ваъзига нуқта қўйди. Қизлар мактаб дарвозасидан отилиб чиқиб кетди.
– У ғирт жанда8, – деди Мансура. Жанда, яъни енгилтак деган сўз унинг оғзидан кутилмаганда чиқиб кетди. – Буни кўзидан ҳам билса бўлади. Қадам ташлашидан ҳам. Хонасида бир талай қизил рўмол йиғиб қўйган, ўзим кўрганман. Буларнинг бари унинг кимлигини айтиб турибди.
Қизлар Мансуранинг гапини тасдиқлагандай бош ирғади.
– Унинг хаёли бузуқ. Битта дафтари тўла уятсиз суратлар эди, эслайсизларми? – деди Наргиз Тоҳиранинг
8
Жанда – фоҳиша, енгилтак.