Рақамли қалъа. Дэн Браун
Танкадо билан боғланишимиз керак! Бир иложини қилиб уни калитни оммага ошкор этиш фикридан қайтаришимиз зарур. Керак бўлса аукциондаги энг юқори нархдан уч-тўрт баравар кўп миқдорида таклиф киритамиз. Агар истаса, унинг шаънини оқлаб берамиз. Нима лозим бўлса, ҳаммасини қиламиз, шеф. Бошқа иложимиз йўқ!
Стратмор қизнинг гапларини жим тинглади, чуқур нафас олди ва алам билан пичирлади:
– Энди Танкадо билан боғланишга жудаям кеч. Бугун тонгда Севильяда Энзай Танкадонинг жасади топилди.
Саккизинчи боб
Қўшалоқ моторли Learjet 60 самолёти ниҳоят офтобда қизиб ётган учиш йўлкасига қўнди. Деразадан ташқарида ястаниб ётган испан текисликларига қараб ўйга чўмган йигит радиокарнайдан чиққан хириллаган овоздан чўчиб тушди.
– Жаноб Беккер, етиб келдик. Тайёргарлик кўринг.
Беккер эриниб ўрнидан турди, керишди ва жомадонини қидириб атрофга аланглади. Сўнг шошганидан жомадон олишга ҳам улгурмагани ёдига тушди. Беккерга сафар жуда қисқа муддат давом этишини айтишгани сабаб кийим-кечакларини йиғиштириш хаёлига ҳам келмаганди.
Орадан бир неча сония ўтгач, учувчи пайдо бўлди ва самолёт эшигини очди. Беккер стакандаги наъматак шарбатини охиригача сипқориб, костюмини қўлга олганча эшикка отланди.
Чиқаётган маҳали учувчи йигитни тўхтатди, кўкрак чўнтагидан жигарранг конверт олиб, унга тутқазди ва деди:
– Буни сизга етказишга кўрсатма олганман, марҳамат, жаноб.
Беккер бироз ажабланиб, конвертни очди. Унинг ичида бир даста қизғиш банкноталарни кўриб ҳайрати баттар ошди.
– Бу нимаси…?
– Маҳаллий валюта, жаноб, – илтифот билан тушунтирди учувчи.
– Буни биламан, – дудуқланиб гапирди Беккер, – бироқ… жудаям кўп-ку… Менга такси учун пул керак холос, узоғи билан бир неча соат бўламан бу ерда. Бир неча минг долларга арзигулик иш қилишимга ишонмайман.
– Мен фақат буйруқни бажардим, жаноб.
Учувчи шундай дегач, хайрлашгандек бош силкиди ва ўгирилиб, кабинасига равона бўлди.
Беккер бир муддат нима қилишни билмасдан туриб қолди, сўнг учоқ зинасидан пастга йўналди, йўл-йўлакай конвертни чўнтагига солиб қўйди. Пастга тушгач, қўлидаги костюмини елкасига ташлаганча ангарни кесиб ўтиб, терминал томонга юрди. Воқеалар ғалати тарзда кечаётгани йигитнинг юрагига бироз ғулғула солса-да, у хаёлидан шубҳа-гумонларни қувишга ҳаракат қилди. «Узоғи билан бир неча соат бўламан холос бу ерда. Шундан сўнг Сьюзаннинг ёнига қайтаман. Эртагаёқ саёҳатга жўнаб кетамиз». Шу сўзларни ичида тинмай такрорлаб, ўзини овутишга уринаётган йигит олдинда уни нималар кутаётганидан бутунлай бехабар эди.
Тўққизинчи боб
МХА Криптография бўлимининг тизим хавфсизлиги бўйича техник мутахассиси Фил Чатрукян кеча унутиб қолдирган ҳужжатларини олиш учун йўл-йўлакай Криптога кириб ўтмоқчи бўлди. Бўлимга кириб, ўз иш жойи – тизим хавфсизлиги назорати лабораториясига киргач, Фил ички инстинкт билан ишлар жойида эмаслигини ҳис қилди. Трансхабарнинг ички