АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - Сирожиддин Саййид


Скачать книгу
қанча риёзат.

      Бир тилло занжир учун

      Юракларинг бўлар хун.

      Ташвишларинг, дардларинг –

      Сенинг умр дафтаринг.

      Ғийбатлар ҳам тўқийсан,

      Бир-бирингни чўқийсан.

      Лекин қачон, эй инсон,

      Битта китоб ўқийсан?!

2006

      СУҚРОТ АЙТАДИКИ…

      Суқрот айтадики: – Бино бўлурсан,

      Дунёга қўшилиб дунё бўлурсан.

      Ўсиб, камол топиб, вояга етиб,

      Бир йигит бўлурсан – барно бўлурсан.

      Бир гўзал, нозанин қизга уйланиб,

      Балки саодатда танҳо бўлурсан.

      Ғам чекма, хотининг ёмон чиқса гар –

      Файласуф бўлурсан, доно бўлурсан.

2006

      “ТОШКЕНТ ОҚШОМИ”ГА

      Устоз Ғафур Ғулом дуоси билан

      Парвозин бошлаган уйғоқ газетам.

      Сен борсан – қалбимнинг туғроси баланд,

      Асло якун топмас менинг қасидам.

      Элнинг ховотиру оғриқларидан

      Юпанч, тасаллидай бунёдга келдинг.

      Машъум зилзиланинг ёриқларидан

      Оқ атиргул бўлиб дунёга келдинг.

      Ярми вайрон уйнинг эшигин излаб,

      Шитирлаб хушхабар келтирган ўзинг.

      Жажжи чақалоқнинг бешигин сийпаб,

      Салқин саболарни елдирган ўзинг.

      У пайтлар биз ҳали ёш бола эдик,

      Завқу орзуларга лиммо-лим юрак.

      Томларда югурган гуллола эдик,

      Гўзал оқшомлардан бергансан дарак.

      Ҳали “Маҳаллада дув-дув гап” – ҳаёт,

      Ўлмас Лутфихоним ая сиймоси.

      Шундадир дилларга нур берган баёт,

      Шундадир меҳрнинг асл кимёси.

      Оддий темирчининг оталик тафти

      Етгайдир дунёнинг болаларига.

      Бунда чизиқлари оналар кафтин

      Уланган қуёшнинг толаларига.

      Мен баҳордан қолган қалдирғоч эдим,

      Қалдирғоч қайдадир қишламоғи шарт.

      Қалдирғоч, айниқса ёш шоир бўлса,

      Энг аввал “Оқшом”да ишламоғи шарт!

      Тошкент қизларининг кўйлакларида

      Бир сатрдан шеърим, шодлигим қолган.

      Ҳар бир саҳифангнинг йўлакларида

      Муҳаббатим қолган, ёшлигим қолган.

      Азиз устозларга мен қўйиб ихлос,

      Ранжу заҳматларин кўргандим бунда.

      Ҳаётнинг шафқатсиз кўзларига рост,

      Тик қараб яшашни ўргандим бунда.

      “Мотамсаро она” қошида у кун

      Бир кемтик нондайин турганларим бор.

      Анҳор бўйларида ёр суйиб гулгун,

      Эрка шоирингдай юрганларим бор.

      Бунда ҳар бир ниҳол келинчак бўлгай,

      Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг.

      Кўприклар эврилиб келажак бўлгай,

      Оламга остонам – пойтахтим менинг.

      Устувар қўрғонсан – чин дўстларингу

      Кексаю ёшларнинг тилакларида.

      Эзгулик аркасин устунларию

      Турналари билан лайлакларида.

      Фақат кўнгиллардан таралсин ёлқин,

      Бағринг бутун бўлсин, яро бўлмасин.

      Оқсарой мисоли мунаввар қолгин,

      Оқшоминг ҳеч қачон қаро бўлмасин.

2006

      ЯХШИЛИК

      Яхшилик


Скачать книгу