Молхона. Джордж Оруэлл
учун муаллифлик ҳуқуқи «Asaxiy books» лойиҳасига тегишли бўлиб, «Asaxiy books» рухсатисиз китобни босма, электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.
I БОБ
«Қўрғонча» молхонасидаги мистер Жонс оқшом тушиши билан товуқхонасини тамбалаб қўйди. Бироқ у шу қадар маст эдики, девордаги тешикни беркитиш ёдидан кўтарилди. Орқа эшикни оёғи билан туртиб ёпгач, у қўлида силтаниб турган фонуси ёритган ерларда каловланиб, бироз тентиради. Кейин ошхонадаги бочкадаги пиводан бир стакан сиздириб ичди ва хотини Жонс хоним хуррак отаётган тўшакнинг бир четига кирди.
Ётоқхонада чироқ ўчиши билан молхонада безовта ҳаракатлар бошланди. Кун бўйи ҳайвонлар орасида миш-мишлар тарқалди, гўёки кекса майор, мидлуайтлик мукофотланган ахта чўчқа ўтган кеча ғалати туш кўрибди ва бугун бу ҳақда бошқа жониворларга сўзлаб берар экан. Ҳаммалари, мистер Жонс кўздан батамом ғойиб бўлиши билан, катта омборда кўришишга қарор қилишди. Кекса майор (уни ҳамиша шундай аташарди, ҳолбуки, кўргазмаларга олиб борганда «Уиллингтон Гўзали» деган ном остида намойиш этишарди) молхонада жуда катта ҳурмат-эътиборга сазовор эди. Шунинг учун бу таклифга ҳамма ҳайвонлар рози бўлишди.
Майор аллақачон омбор охиридаги ўзининг пичан ғарамидан қилинган юксак тахтида, тўсинга осилган чироқ остида оломонни кутиб турарди. У ўн икки ёшда бўлиб, охирги пайтларда бўйига эмас, энига кўпроқ кенгайган эди. Барибир, қўрқинч соладиган сўйлоқ тишларига қарамасдан, аввалгидай олижаноб чўчқалигича қолган, кўзларидан донишмандлик ва меҳр нури таралиб турарди. Ҳамма ҳайвонлар тўплангунча, ҳар бири ўз таъбига мос жой топиб ўтиргунча, анча вақт ўтди. Биринчи бўлиб учта кўппак – Блюбелл, Жесси ва Пинчер келди. Унинг ортидан чўчқалар киришди ва тепалик ёнидаги пичан устидан жой олишди. Товуқлар дераза пештахталарига жойлашдилар, кабутарлар потирлашиб, том остидаги тўсинларга тизилишди. Қўйлар ва сигирлар эса дарҳол чўчқаларнинг ёнига ўзларини ташладилар ва пичан чайнашга тушдилар. Боксёр ва Кловер исмли тулпорлар биргаликда келишди. Улар, кенг ва юнгли туёқлари имкон қадар оз жойни эгаллаши учун, эҳтиёткорлик билан, секин ҳаракатланишарди. Кловер ўрта ёшлардаги баланд байтал бўлиб, тўртинчи тойчоғини туққанидан кейин сўлқиллаб қолганди. Боксёрнинг ташқи кўриниши ғайриихтиёрий ҳурматни уйғотарди – яғрини баландлигидан бўйи 6 фут бўлиб, у шу қадар кучли эдики, оддий отларнинг иккитасичалик қувватга эга эди. Унинг башарасини кесиб ўтган оқ чизиқ тулпорга ахмоқона кўриниш берар, ростини айтганда, ўзи ҳам у қадар ақлли эмас эди. Бироқ ўзининг сокин хулқ-атвори ва ғаройиб меҳнатсеварлиги билан ҳаммага ёқар эди. Отлардан сўнг оқ эчки Мюриэл ва эшак Бенжамин келди. У бу молхонада энг кўп яшаган ҳайвон бўлиб, хаддан зиёд расво характери бор эди. У кам гапирар, мабодо гапириб қолса, юзинг-кўзинг демай, шарттакилик қиларди. Масалан, у бир куни Яратган менга сўна-пашшаларни ҳайдаш учун дум берган, аммо пашшалар ҳам, дум ҳам бўлмаса афзал эди, деган. Ҳайвонлар орасида ҳеч қачон кулмаган ва кулмайдиган жонивор ҳам у эди. Нега бундай ғамгин экани ҳақида савол берилганда, у бу дунёда қувонч учун сабаб ҳали йўқлигини айтганди. Шунга қарамасдан, у тулпор Боксёрга боғланиб қолганди; одатда, улар якшанба кунларини боғ ёнидаги мўъжазгина яйловда майсаларни ковшаниб, ёнма-ён ўтказишарди.
Боксёр ва Кловер ёнбошлаб олган заҳоти, омборга онасини йўқотиб қўйган ўрдакчалар подаси ёпирилиб киришди; ҳаяжон билан ғақиллаб, хавфсиз, биров билиб-билмай босиб олмайдиган жой илинжида, у ёндан-бу ёнга югура бошлашди. Байтал Кловернинг узанган оёғи уларга ҳимоя девори бўлиб кўринди, ўрдакчалар бу бошпанага ирғишлаб киришди ва дарҳол уйқуга кетдилар. Ниҳоят омборга, қанд бўлагини қитирлатиб чайнаганча, олифта солланиб, мистер Жонснинг икки ғилдиракли аравасини тортадиган, далли оқ бия Молли кирди. У биринчи қатордан жой олди ва дарҳол тақиб қўйилган қизил тасмачасига эътиборни қаратиш учун оқ ёлларини ўйнай бошлади. Охирида мушук кирди ва одатдагидай, энг иссиқ жойни излаб, у ён-бу ёнга аланглади ҳамда Боксёр ва Кловернинг ўртасига сирғалиб кириб олди. Бу ерда у тинимсиз ағанаб, майорнинг нутқи пайтида миёв-миёвлаб тинмади ва маърузанинг бирорта сўзини ҳам эшитмади.
Орқа эшик ёнидаги таёқ учида ўтирадиган, қўлга ўргатилган қарға Мозусдан бошқа барча жониворлар жам бўлган эди. Ҳамма қулай тарзда жойлашиб олишлари ва сукунат чўкишини кутиб, майор томоғини қирди-да, гап бошлади:
– Ўртоқлар, кеча оқшом менинг ғалати бир туш кўрганимни ҳаммаларингиз эшитган бўлсангиз керак. Бу тушга кейинроқ қайтаман. Энг аввало сизларга, мана, нимани айтишим лозим. Сизлар билан яна узоқ ойлар бирга бўламиз, деб айтолмайман. Куним битяпти. Сезяпманки, сизлар билан ўлимим олдидан йиллар бўйи орттирилган донишмандлик меваларини баҳам кўришим лозим. Мен узоқ умр кечирдим, бир ўзим оғилда ёлғиз ётганимда, мулоҳаза юритиш учун етарли вақтим бўлди. Ўйлайманки, ҳаётнинг моҳиятини замондошларимнинг барчасидан ҳам кўпроқ тушунаман, деб айта оламан. Мана, шуларни сизларга баён қилмоқчиман.
Шундай қилиб, дўстлар, биз ва сизнинг тириклигимиздан нима маъно бор? Келинглар, ҳақиқатнинг юзига тик қарайлик: қисқа ҳаётимизнинг ҳар бир куни хўрликда ва заҳматли меҳнатда ўтади. Туғилганингиздан бошлаб бизга ўлмайдиган даражадагина овқат беришади,