АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар. Джеймс Клир

АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар - Джеймс Клир


Скачать книгу
title>Менинг ҳикоям

      10-синфни битираётган кунимизда бейсбол таёқчаси юзимга кучли зарб билан урилган. Синфдошим тўпни уриш учун таёқчани қаттиқ силтаганда, таёқча унинг қўлидан сирғалиб чиқиб тўғри мен томонга учиб келди ва пешонамга урилди. Ўша зарб еган онимни ҳанузгача эслай олмайман.

      Таёқча юзимга куч билан урилганидан у бурнимни мажақлаб ташлади. Зарба таъсирида миямдаги юмшоқ тўқималар бош суягимнинг ички деворига куч билан урилди. Натижада бошимда шишлар пайдо бўла бошлади. Бир сония ичида бурним синди, бош суягим бир неча жойдан дарз кетди, иккала кўз косам ҳам дабдала бўлганди.

      Кўзимни очганимда одамлар менга хавотир билан қараб турар, баъзилар эса ёрдамга чақириб югуриб юрар эди. Уст-бошимга қараб кийимимдаги қизил доғларга кўзим тушди. Синфдошларимдан бири футболкасини ечиб, менга узатди. Мен у билан синган бурнимдан оқаётган қонни тўхтатмоқчи бўлдим. Зарбадан эсанкираб қолганим сабабли жароҳатим нақадар хавфли эканини англамас эдим.

      Ўқитувчим елкамдан ушлаб олди ва мени ҳамширанинг хонасига олиб кетди. Биз узоқ йўл юриб спорт майдончасидан ўтдик, сўнг тепаликдан пастга тушдик ва мактаб биносига бордик. Нотаниш қўллар у ер-бу еримдан тутиб, тик туриб юришимга ёрдам берарди. Шошилмасдан, секин юрардик. Ҳар бир сония ғанимат экани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади.

      Ниҳоят, ҳамширанинг хонасига етиб бордик ва у мени текшириш учун қатор саволлар берди.

      – Ҳозир нечанчи йил?

      – 1998, – дея жавоб бердим. Aслида, ўшанда 2002 йил эди.

      – AҚШ президенти ким?

      – Билл Клинтон, – дедим мен. Тўғри жавоб Жорж Буш эди.

      – Онангизнинг исми нима?

      – Ҳалиги… – дея ўйланиб қолдим. Орадан 10 сония ўтди.

      Кейин эса ўз онамнинг исмини эслаш учун 10 сония кетганига парво қилмагандек, “Патти” деб жавоб қайтардим.

      Бу эсимда қолган охирги савол бўлди. Миямдаги шишлар тез кўпаяётганди. Мен унга ортиқ бардош бера олмадим ва тез ёрдам машинаси етиб келгунча ҳушдан кетиб қолдим. Тез орада мени яқин атрофдаги шифохонага олиб боришди.

      Шифохонага қабул қилишганидан сўнг танам ишлашдан тўхташни бошлади. Нафас олиш ва ютиниш ҳам қийинлашди. Ҳаётимда биринчи марта тутқаноқ тутди. Сўнг умуман нафас ололмай қолдим. Шифокорлар мени кислород билан таъминлашга уринаётган пайтда мени бу шифохонада даволаш учун етарли ускуналар йўқлигига кўзи етди. Улар мени Цинциннатидаги каттароқ шифохонага жўнатиш учун вертолёт чақирди.

      Мени тез ёрдам хонасидан ташқарига, кейин эса йўлнинг нариги бетида турган вертолётга олиб боришди. Бир ҳамшира аравачани ўнқир-чўнқир йўлдан итарар, бошқаси эса қўлидаги қопча билан менга сунъий нафас берарди. Шифохонага эндигина етиб келган онам вертолётга тирмашиб чиқиб, ёнимга ўтириб олди. Парвоз пайтида у қўлимни ушлаб кетарди. Мен эса ҳушсиз ва мустақил нафас ололмай ётардим. Худди шу пайтда отам укам ва синглимга қараб туриш ва уларни бўлган воқеадан бохабар қилиш учун уйга шошарди. У саккизинчи синфда ўқийдиган синглимнинг битирув маросимига қатнаша олмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилар экан, кўз ёшларини тўхтата олмасди. Укаларимни қариндошларимиз қўлига топширгач, онамнинг ёнида бўлиш учун у ҳам Цинциннатига йўл олди.

      Шифохона томига қўнганимиздан сўнг йигирмага яқин шифокор ва ҳамшира қўниш майдончасига югуриб келди ва мени травматология бўлимига олиб кетди. Бу вақтга келиб миямдаги шиш шу қадар кучайиб кетгандики, талвасалар тўхтамасдан бир-бирига уланиб кетарди. Синган суякларимни дарҳол тиклаш керак эди, аммо мен операцияга ярамасдим. Учинчи куни ҳамон давом этган навбатдаги талвасадан кейин мени дори билан сунъий комага туширишди ва сунъий нафас аппаратига улаб қўйишди. Шифохона ота-онамга бегона эмас эди. Ўн йилча аввал уч ёшли синглимда оққон касаллиги аниқланганда ҳам улар шу эшиклардан кирганди. Ўшанда мен беш ёшда, укам эса атиги олти ойлик чақалоқ эди. Синглим икки ярим йил давомида ўсмага қарши кимётерапия олди, унинг орқа мия суюқлиги ҳамда суяк кўмигидан кўп марта намуналар олинди. Ниҳоят, ўтказилган даво чораларидан кейин синглим хурсанд, ўзини яхши ҳис қилган ҳолда ва энг муҳими касалликдан бутунлай фориғ бўлиб, шифохонадан ўз оёқлари билан юриб чиқиб кетди. Энди эса орадан ўн йил ўтар-ўтмас, ота-онам бу ерга бошқа фарзандининг ортидан яна келди.

      Комага тушган пайтим шифохона маъмурияти отаонамга тасалли бериш учун руҳоний ва ижтимоий ходим жўнатди. Руҳоний ўн йил аввал синглимда оққон касаллиги аниқланганда уларга юпанч берган одам бўлиб чиқди.

      Кун тунга алмашар экан, бир гуруҳ қурилмаларгина мени тирик ҳолда сақлаб турарди. Ота-онам тунни шифохонанинг ноқулай ўриндиқларида ўтказди. Ҳолдан тойиб бир муддат мудраб қолса, тез орада хавотирдан яна уйғониб кетар эди. Кейинроқ онам менга бу унинг умридаги энг ёмон кеча бўлганини айтган.

Соғлиғимнинг тикланиши

      Минг шукурки, эртаси куни эрталаб нафас олишим бирмунча тикланди ва шифокорлар мени комадан чиқаришга қарор қилди. Ўзимга келганимда умуман ҳид сезмаётганимни билдим. Буни тасдиқлаш учун ҳамшира мендан бурнимни қоқиш ва олма шарбатини ҳидлаб кўришни сўради. Ҳид сезгим дарҳол тикланди. Aммо бурнимни қоқиш пайтида ҳаво суякнинг синган жойларидан


Скачать книгу