АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар. Джеймс Клир
берувчи сигналлар одатий ҳол бўлиб, кўз ҳам илғамай қола бошлайди. Ошхона токчасидаги ширинликлар, дивандаги телевизор пульти ва чўнтагимиздаги телефон бунга мисол бўла олади. Бу сигналлар билан жавобимиз шу қадар қаттиқ боғланганки, енгиб бўлмас истак худди ўз-ўзидан пайдо бўлгандек туюлади. Шу сабабдан хулқ-атворни ўзгартиришни огоҳликни оширишдан бошлаш зарур.
Янги одатларни самарали яратишдан олдин эскиларини тизгинлаб олишимиз зарур. Бу вазифа бир қарашда осон кўринади. Aслида эса, илдиз отган одатлар онгсиз ва автоматик ҳаракатларга айланишга улгурган. Уни онгли равишда сезмасдан туриб, одатларни яхшилаш имконсиздир. Психолог Карл Юнг айтганидек, “Онгости жараёнларни онглига ўтказмагунимизча улар ҳаётимизни идора қилади ва биз бу ҳолатни тақдир деб атаймиз”.10
Япониянинг темир йўл тизими дунёдаги энг яхшиларидан бири саналади. Aгар йўлингиз тушиб, Токиодаги поездлардан бирига чиқиб қолсангиз, темир йўл кондукторларининг антиқа одатига гувоҳ бўласиз.
Ҳар бир оператор поездни бошқарар экан, турли хил объектларни қўли билан кўрсатиб, буйруқларни баланд овозда айтади. Поезд сигнал чироғига яқинлашаётганда оператор уни қўли билан кўрсатади ва “Сигнал яшил” деб айтади. Поезд ҳар сафар станцияга кириш ёки чиқиш пайтида оператор спидометрни қўли билан кўрсатади ва аниқ тезликни овоз чиқариб айтади. Йўлга чиқиш вақти бўлганда у жадвални кўрсатиб вақтни айтади. Платформада бошқа ходимлар ҳам шунга ўхшаш вазифаларни бажаради. Поезд йўлга отланишидан аввал улар платформа чети бўйлаб қўлларини узатиб, “Ҳаммаси жойида!” дейишади. Ҳар бир деталь қўл билан кўрсатилади ва овоз чиқариб айтилади.11
“Кўрсатиш ва айтиш” деб номланувчи ушбу жараён хатоликларни камайтиришга мўлжалланган хавфсизлик тизимидир. У ғалати туюлиши мумкин, бироқ жуда самарали ишлайди. “Кўрсатиш ва айтиш” тизими хатоларни 85 фоизга, аварияларни эса 30 фоизга камайтиради. Нью-Йорк метрополитени ушбу тизимнинг ўзгартирилган вариантини жорий қилган. Вариант “Фақат кўрсатиш” деб аталади. У ишга тушгандан бери метродаги хатолик 57 фоизга камайган.
“Кўрсатиш ва айтиш” тизими самарадорлигининг сабаби шундаки, у огоҳликни онгости даражадаги одатдан онгли жараёнгача оширади. Операторлар кўзи, қўли, оғзи ва қулоғини ишлатишга мажбур бўлгани сабабли носозликларни анча эртароқ илғай олади.
Менинг рафиқам ҳам шунга ўхшаш усулдан фойдаланади. Ҳар сафар кўчага сайр қилгани чиқиб кетаётганимизда у барча керакли нарсаларини овоз чиқариб айтиб чиқади: “Хўш, калитни олдим, ҳамёнимни олдим, кўзойнагимни олдим, эримни олдим”.
Хатти-ҳаракатларимиз автоматлашиб боргани сари улар ҳақида тобора камроқ онгли ўйлаймиз. Маълум бир ишни бир минг биринчи маротаба қилаётганимизда унинг икир-чикирларини кўздан қочира бошлаймиз. Қилаётган ишимизга шунчалик кўникиб қоламизки, кейинги сафар ҳам худди олдингидек бўлади, деб ҳисоблаймиз ва уни қанчалик шароитга мувофиқ
10
Гарчи Юнгнинг ушбу ибораси машҳур бўлса хам, унинг манбасини топишда қийналдим. Менимча, у қуйидаги парчанинг ўзгартирилган шакли бўлса керак: “Психология қоидаларига кўра ички жараён онгли қабул қилинмаса, у ташқарида намоён бўлиб, тақдир сифатида қабул қилинади. Яъни агар индивид бир бутунлигича қолиб, ички душманидан огоҳ бўлмаса, буни атрофдаги олам бажаришга мажбур бўлиб, икки қарама-қарши паллаларга парчаланиб кетиши керак бўлади”. Қўшимча маълумот учун қаранг: C.G. Jung, Aion: Researches into the Phenomenology of the Self (Princeton, NJ: Princeton University Press, 1959), 71.
11
Японияга борганимда бу усул бир аёлнинг ҳаётини сақлаб қолганига гувоҳ бўлганман. Унинг ўғли эшиклар эндигина ёпилаётганда поездга чиқиб олди. Бу соатига 300 километрдан зиёдроқ тезликда ҳаракатланадиган Япониянинг машҳур Шинкансен поездларидан бири эди. Аёл платформада туриб, ўғлини ушлаб олишга уринган пайтида қўли эшикка қисилиб қолди. Поезд энди йўлга чиқаётан пайтда темир йўл хизматчиларидан бири платформа бўйлаб “кўрсатиш ва айтиш” усулида хавфсизлик текширувини ўтказди. Беш сония ичида у аёлни кўриб, поездни йўлга чиқишдан тўхтатишга муваффақ бўлди. Эшик очилди, кўзларида ёш тўла аёл ўғли томонга югурди, поезд эса бир дақиқадан кейин хавфсиз йўлга чиқди.