ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров
ўтганда Самиғ ҳам, қотил ҳам дорихонадан аллақачон чиқиб кетишган.
– Тўғри, кампир кўрган «малла соч» мижозлардан бўлса керак, – Умид ҳамкасбини қўллаб-қувватлади. – У ҳам кампир қатори дори олишга кирган ва бироз кутиб, чиқиб кетган.
– Майли, ҳозирча шунақа хулосага келиб турайлик, лекин Мухторжон, – деди гуруҳ раҳбари изқуварга қараб, – «мала соч»нинг шахсини аниқлаш, онахоннинг кўрсатмаларини текшириш чораларини кўриш лозим. Чиқмаган жондан умид.
– Есть! – деди Мухтор ён дафтарига нималарнидир қайд қила туриб.
Пешиндан сўнг терговчилар ишни Луқмоннинг хотини – тўладан келган бўлса-да, чаққонгина, хатти-ҳаракати ўзига ярашиқлик, қирқларни қоралаган бўлса-да, оппоқ юзларига зарра ажин тушмаган, бошдан оёқ қора кийиниб олган Азиза Шариповани сўроқ қилишдан бошладилар. Одатий расмиятчиликлардан сўнг Санжарбек аёлга таъзия изҳор қилди, ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
– Луқмон ака билан севишиб турмуш қурганмисизлар? – терговчи атайлаб сўроқни ноодатий саволдан бошлади.
Аёл бундай саволни кутмаган шекилли, шошиб қолди, «Бунинг ишга нима алоқаси бор экан?» деган хаёлга бориб, бир муддат нима деб жавоб беришини билмай жим турди.
– Эрингиз билан қандай танишгансиз? – аниқлик киритди терговчи.
– Фармацевтика институтида бирга ўқиганмиз, – ийманибгина гап бошлади Азиза. – У киши учинчи, мен биринчи «курс»да ўқирдим. Кутубхонада танишиб қолганмиз. Бир йилча учрашиб, синашиб юрдик. Кейин совчилар… Луқмон акам институтни битириши билан тўйимиз бўлди. Қайнота-қайнонам узоқ йиллар муқаддам ичкилик туфайли ажрашиб кетишган экан. Қайнонам ёш пайти бир ўғил, бир қиз билан бева қолиб кетган, якка ўзи уларни катта қилиб, оёққа қўйган экан. Қайинсинглим турмушга чиқиб кетгач, эрим онаси билан ёлғиз яшаб келган. Мен келин бўлиб тушгач, учовмиз бирга яшай бошладик. Тез орада эрим тоғаси ёрдамида дорихонага ишга кириб кетди. Қайнонам ёшлигида эридан кўп таёқ егани сабабли анча касалманд, доимий парваришга муҳтож бўлиб қолганди. У кишига қараш учун ўқишни ташлашга мажбур бўлдим. Бир йилга етар-етмай қайнонам Аллоҳнинг даргоҳига кетди. Кейин ўғлим Дониёржон туғилди, кейин Фарангиз қизим… Хуллас, ўқишни давом эттира олмадим. Эрим раҳматли ҳар сафар ўқишдан гап очсам «Ишлаганингда қанча топардинг, ўша ойликни мен сенга бериб тураман, сен болаларга қара», дерди. Бунақа ишлар бўп кетишини билмаган-да…
– Эрингиз дорихонада бир ўзи ишларкан-а? – Санжарбек олдиндан тайёрлаб қўйган саволларни беришни бошлади.
– Ҳа, бир ўзи ишларди. Бўш пайтида Дониёр ёрдам бериб турарди. Ҳар замонда Фарангиз ҳам бориб, қарашиб турарди. «Провизор»ликка Таня деган опани ишга олганди. Лекин у дорихонада иш камлиги учун кўпинча ишга чиқмасди. Эрим ҳаммасини бир ўзи эпларди.
– Луқмон ака дорихонани кимдан, қачон сотиб олганди?
– Дорихона раҳматли тоғаси Билол Сайфиевичники эди. У киши собиқ иттифоқ даврида узоқ йиллар шаҳар дорихоналар бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган. Хўжайиним шу инсоннинг кўмагида ўқишга кирган, ишга жойлашган. У кишининг дорихоналари