ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров
ўзларининг бундай хароб аҳволига «жиян»нинг отаси меросидан ҳаволаниб юрганидан аламзада бўлган.
– Ундан чиқди…
– Ҳозирча хулоса қилишга эрта, – Санжарбек ҳамкасбининг сўзини бўлди. – Умиджон, сиз ўша мерос билан боғлиқ ҳужжатларни кўтарсангиз. Кейин «тоға»лар билан гаплашардик.
Умид чиқиб кетгач, гуруҳ раҳбари навбатдаги гувоҳ – Дониёрни сўроқ қилишга киришди.
– Ўша куни кўрганларингизни бир бошидан айтиб берсангиз?
– Биринчи август куни мен ўқишга кириш учун имтиҳон топширдим, – Дониёр маъюс гап бошлади. – Адам мен билан бирга борганди. «Кетаверинг, тестни тугатиб ўзим ишхонангизга бораман», десам, унамади, ташлаб кетишга кўнгли бўлмади, шекилли. Соат учларга яқин имтиҳондан чиқдим. Кейин адам билан ишхонасига бордик. Бироз ишларига қарашдим. Дорихонада мижоз кўп эмасди. Шу сабабли уйга қайтдим, адам ишда қолди, «Кечироқ бораман, имтиҳон топшириб чиққанингни «ювамиз» деди. Уйга келиб, кеч соат етти-етти яримларгача дам олдим. Ойим ош дамлаган экан. Адамнинг келишини кутиб, ошни сузмай турди. Орада бир-икки марта адамга қўнғироқ қилди, аммо телефонни кўтармади. Соат тўққиздан ошганда ойим мени «Аданг негадир телефонни кўтармаяпти, хабар олиб кел-чи!» деб дорихонага юборди. Тўққиз яримларда дорихонага келсам, эшик очиқ экан. Сотув залида ҳеч ким йўқлиги учун лабораторияга ўтдим. Қарасам, адам… кўкрагига пичоқ санчилган ҳолда креслода жонсиз ётибди. Қўрқиб кетиб, бақириб юбордим… Балки ҳали тирикдир, деган ўйда «03»га қўнғироқ қилдим. Ойимни чақирдим. Сал ўтмай докторлар етиб келиб, адамнинг аллақачон вафот этганини тасдиқлашди.
– Дорихонага келганингизда бирор кишига ёки қандайдир шубҳали нарсага кўзингиз тушмадими?
– Йўқ, дорихонада ҳеч ким йўқ экан. Ҳеч қанақа шубҳали нарсани ҳам кўрмадим.
– Кундуз куни имтиҳондан қайтиб, дорихонада бўлган пайтингизда адангизнинг олдига бирорта таниши келганмиди?
– Мижозлар кириб чиқиб туришди, лекин адамнинг олдига танишларидан бирортаси келганини кўрмадим.
– Мана бу буюм сизга танишми? – терговчи тортмадан салафан халтачага солинган пичоқни чиқариб, стол устига қўйди.
– Йўқ… шу пичоқда адамни…
– Ҳа, адангизни кўкрагига санчилган пичоқ шу, – терговчи далилий ашёни қўлига олди, – ўша куни кўргансиз-ку.
– Кўргандим… аммо ҳаяжон босиб, эътибор қилмаган эканман.
– Бу пичоқни аввал ҳам кўрганмидингиз?
– Тушунмадим… қандай қилиб…
– Дорихонада ишлатиб юрилган пичоқми ёки қотил уни ўзи билан олиб келдимикан, демоқчийдим.
– Ҳа… олдин ишхонада уни кўрмаганман. Бунақаси бизда бўлмаган… ўзи билан олиб келган чоғи…
– Адангизнинг синфдоши Самиғ тўғрисида нима дейсиз? – терговчи атайлаб мавҳумроқ савол берди.
– Самиғ акани олдин танимасдим, – деди Дониёр кўзига тушган сочини тўғрилаб, – аммо кейинги пайтда адамни излаб уйга, ишхонага кўп қатнаб қолди. Адамдан сўрасам, ўғли ўқишга кирмоқчи, ҳал бўлмай турибди,