Изхор. Xurshid Do`stmuhammad
янги даврни!
Президент ўзбек тилининг олис тарихига алоҳида урғу берди. Дарҳақиқат, ўзбек тили кеча пайдо бўлган эмас. Тилимиз тарихи халқимизнинг, давлатимизнинг олис тарихига туташиб кетган. Ота-боболаримиз ўз сўзини ўзбек тилида айтган. Достонларимиз, эртакларимиз, мақомларимиз, лапарларимизгача ўзбек тилида куйланган, авлоддан авлодга ўтган. Аждодларимиз қанчадан-қанча зафарли онларни бошидан кечирган бўлса, таассуфлар бўлғайким, қанчадан-қанча истилолар, азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар комига тортилган бўлса, она тилимиз уларнинг ҳеч биридан четда қолган эмас. Курашларга дош берган, сайқал топган, бойиб борган – нафақат сақланган, балки минг йиллик чинор янглиғ қадди-басти, кўрки, маъно-мазмуни, салоҳияти бирон дақиқа ривожланишдан, такомиллашишдан тўхтамаган – ЯШАГАН!
Ўтган юз йиллик Ер курраси аҳолиси, жумладан, ўзбек халқи учун фавқулодда воқеа-ҳодисаларга тўлиб-тошган аср сифатида тарих саҳифаларига битилди. Хусусан, асрнинг сўнгги 10 йиллиги ўнлаб давлатлар, миллионлаб инсонлар, тақдирлар, қисматлар учун рўшнолик воқеалари билан бошланди. Мустақилликнинг ҳаётбахш шамолларидан баҳрамандлик тарихий, сиёсий ва айниқса, миллий-маънавий маънодаги уйғонишни бошлаб берди. Бу палла Ўзбекистонда ғоятда ўзгача кечди: давлат мустақиллиги эълон қилинишидан қарийб икки йил илгари она тилимизга давлат тили мақоми берилди!
Истаганча талқин этилишига изн берадиган воқеа бу! Она тилимизнинг яшовчанлигидан, тарих тўфонлари олдида ўзлигини сақлай олиш қудратидан далолат эди бу воқеа! Шўролар салтанати айни жиловни маҳкам тутган, бирон-бир қардош миллий тилга рўшноликни раво кўрмаган мафкура тазйиқлари остида ўзбек тилимизнинг сиёсий мавқеи қарор топиши уникал воқеа эди! Бу борада, яъни 1989 йилнинг 21 октябрига қадар кунларида кечган машаққатли ва мардонавор кураш босқичларини эндиги авлод вакиллари учун рўй-рост ҳикоя қилиш мавриди келди. Зеро, она тилимизга давлат тили мақоми берилиши ўзбек тили, демакки, ўзбек халқи мустақил яшашга қодирлигидан далолат берувчи муборак ва қутлуғ илк қадам эди!
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига роппа-роса 30 йил тўлди. Эҳ-ҳе-е, озмунча ишларни амалга ошириш мумкин эдими бу даврда?! Газетхонлар кечирсинлару, ҳаётда у ёки бу айбни ўзгалар зиммасига ағдаришдан осони йўқ. Ростини айтадиган бўлсак, мен нима қилдим, дея ўзини кўндаланг саволга тутадиган пайт келди. Янаям аниқроғи, армонлардан тегишли хулоса чиқариб, бугунги дориламон кунларда дўппини ерга олиб қўйиб, орзулардан тиниқ режалар тузиш, АМАЛИЙ ишларга киришиш даврони етди. Кейинги уч йиллик ниҳоятда қисқа фурсатда кўз ўнгимизда маънавият ва маърифат борасида юз бераётган воқеалар шуни кўрсатмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, атоқли адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг очилгани, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбекчалаштириш борасида янги поғоналар забт этилаётгани, хоссатан,