Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров
баҳс этармиз.
Бизлар Каттақўрғонга кириб, биродарларимизни яқинлаштуруб, яраштирдук. Сўзимизни рад қилмаганлари учун ташаккур этамиз. 8 апрелда Самарқанд мавзейида Бухорода воқеа булгап қора хабарни эшитдук. 9-нчида Тошканд «краевой съезди»га бордук. Бир-икки кундан сўнгра съезд мажлисида руслардан баъзиси Бухоро ҳодиса ражъиясига Самарқанддан борган депутатлар сабаб бўлди, Самарқанддан ўз ихтиёрлари ила бордилар, деб минбардан сўйлади. Камина Маҳмудхўжа туруб, минбар юқоридаги сўзларни муфассалан сўйладим. Андаги уврупойи йўлдошларимиз ва Самарқанд ижроия қўмитасининг раиси Аранский жанобларини шоҳид кўрсатиб, хасмни мулзам ва сукут этуб, ўзумдан ва рафиқларимдан дафъи туҳмат этдим. Бухоро уламо ва умаросидан баъзиларининг бу фармон олийдан норозиликлари сабабини бироз баён этдим. Лозим бўлса, бошқа бир мақола ила мўътабар «Ҳуррият» қориларига-да баён қилинур. Самарқанд. Маҳмудхўжа Беҳбудий».
Устод Беҳбудийнинг матонатга тўлиқ бу сўзларини ўқиб ўтириб, ҳазратнинг қатъият ва синмас ирода чақнаган донишманд кўзларини кўргим келди. «Мунтазирман!» – деган беҳад шижоатли овози қулоғимда янграб турди. Лекин юртнинг нури илоҳийси акс этган бу беҳад суюкли дийдорни энди ким кўра биларкин?
Устодга тенгдош ва ҳаммаслак, ҳамқур бўлган буюк Жовиднинг ҳасратли бир сатрини эсладим. У ўз буюк устози ва муаллими Муҳаммад Taғи Сидқийни соғиниб, соғинчнинг шиддатини шундай ифодалаган экан:
Урайим билир, ман билирам, бир-да билир ypaйим…
АДИБЛАР ГУЛШАНИ
БАДИАЛАР
ФАЗЛ. ФАСОҲАТ. ЗАКОВАТ
Олти-етти яшар болалик чоғлари қаттол уруш йилларига тўғри келган, уруш туфайли барча одам боласи қисматига тушиши мумкин бўлган машъум айрилиқлар, талафотлар, азоб-уқубатларни мурғак бошларидан кечирган, масъум юракларини уруш ваҳималари тилкалаган, эзган ва худди пўлаланган анор ҳуққачасидай қилиб қўйган кишилар тинчлик, эминлик, фаровонлик, нисбатан тўқчилик даврида ўсган, суяги қотган одамлардан доимо ҳар бир жиҳатда, ҳар бир ҳодисотда фарқланиб турадилар. Улар ҳеч қачон ҳеч бир кимсанинг ҳақини емайдилар, ҳеч қачон ҳеч бир кимсага зиён-заҳмат етказмайдилар: кишиларнинг эрки, ихтиёри, қарашлари, ўзлигини бурмайдилар, дахл қилмайдилар, аксинча, ҳамиша ўзгаларга ҳақ берадилар, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қаттиқ ҳимоя қиладилар. Қўллари доим эзилган, қийналганларнинг бошини силашга, уларнинг оғирини енгил қилишга, етим ҳолини сўрашга чоғланган…
Уруш ва ундан кейинги турли ҳаёт қаттиқчиликларини кўравериб улар чиниқиб, метиндай бўлиб кетиш ўрнига табиатлари ҳаддан зиёд юмшоқ, ҳалим, ўта назокатли бўлиб қолганлар. Шу билан бирга улар ҳаётий қарашлари ва принципларида жуда собит, барқарор кишилардир. Уларнинг ҳаёт бўронларига собит туришлари феъллари, хаттиҳаракатларининг юмшоқ, майин назокати билан сира келишмаётганга, булар ўзаро бир-бирларига жуда зид келиб уларни ҳамиша қийнаётган, ҳамиша йўл