Афсун. Наргиз Асадова
тинчлантириш учун уйланишга ваъда берганини, аслида, бу ишни умуман қилмаслигини, Лисбетнинг «олий ирқ вакилига» турмушга чиқишни орзу қилиши ҳам гуноҳ, уятсизлик эканини ва ниҳоят у ўзи тарафдан бир инглиз қизи билан оила қурганини тушунтирди. Лисбет эса бунинг ақлга зид экани, йигит уни муҳаббатига ишонтиргани, ҳатто бекасининг ўзи ҳам йигитнинг қайтишига ишонтирганини эслатди.
– Наҳотки, сиз ҳам мени алдаган бўлсангиз, – сўради у андуҳ билан.
– Қизим, сени фақат юпатиш учунгина шундай дегандим, холос.
– Демак, ёлғон гапирибсиз-да, – тўлқинланиб кетди қиз, – икковингиз ҳам мени алдабсиз.
Аёл шунчаки, бош ирғаб қўя қолди. Лисбет ҳам анчагина жим турди-да, шахд билан югуриб насронийлар қишлоғидан чиқиб кетди ва кўп ўтмай Ҳимолай аёлларининг кийимида, иркитга ботган ҳолда кириб келди. У тоғлик аёлларга хос тарзда бир томонга туширилган кокилларини қора ип билан боғлаб олганди. Фақатгина бурнига булоқа тақмаган эди, холос.
– Мен яна ўз эътиқодимга, халқим ёнига қайтаман, – деди у. – Энди Лисбет йўқ. Фақат қария Жаде ва қишлоқи Сононинг қизи қолди, холос. Сиз инглизлар ҳаммангиз ёлғончисиз! Сизларни кўргани кўзим йўқ.
Роҳибнинг хотини эс-ҳушини бир жойга тўплаб олганида Лисбет аллақачон унинг ҳузуридан ғойиб бўлганди. У айтганини қилди: яна ўз қабиладошлари, ўз аждодларининг маъбудалари қошига қайтди, масиҳийлар қишлоғига бошқа қадам қўймади.
У ўз халқини чин қалбдан севарди, унинг ана шу муҳаббати алдоқчи инглизга бўлган ёввойи интилишларидан устун чиқди. У тез орада бир пайтлар қизни роса савалаган ўтинчи йигитга турмушга чиқди ва қариб-чиригунча бахтиёр ҳаёт кечирди.
РАБИНДРАНАТ ТАГОР
(1861 – 1941)
ҲИНДИСТОН
Ҳинд шоири ва ёзувчиси, жамоат арбоби Рабиндранат Тагор 1861 йил 7 май куни Калкутта шаҳрида дунёга келади. Илк шеърий тўплами «Оқшом қўшиқлари» номи билан чоп этилган. Адибнинг «Табиат интиқоми», «Тонгги қўшиқлар», «Суратлар ва қўшиқлар», «Бибҳа соҳили», «Донишманд ража», «Браҳма Самаж» каби бир қанча пьеса, тарихий романларида зулм ва адолатсизлик қораланган. «Хотира», «Фарзанд», «Паром», «Гора» романи, «Қасос» драмаси, «Почта», «Консерватизм қалъаси» пьесаларида эса Ҳиндистондаги барча миллат вакилларини, табақа ва диний мазҳаб кишиларни озодлик учун курашга, бу курашда ягона иттифоққа бирлашишга даъват этган. Тагор ижоди ҳозирги ҳинд ва бенгал адабий тилининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Тагорнинг «Ҳалокат» романи асосида тайёрланган «Ганг дарёсининг қизи» драмаси ёзувчини янада машҳурликка олиб чиққан. Тагор 1913 йилда халқаро Нобель мукофотига лойиқ топилган. Ёзувчи 1941 йилда вафот этган.
Ҳинд тилидан Амир ФАЙЗУЛЛА таржимаси
АКА ВА УКА
Катта овсин бу гал ҳам шундай гапларни «кийиб» кетдики, бечора Росмани ер ёрилмади, ерга кирмади. Унинг ҳар бир сўзи юрагига наштардай ботиб, заҳардай куйдирди.
Овсинининг ҳамма иддаолари, аслида, қайниси Радҳамукундга – Росманининг эрига аталган эди. Бироқ кечки