Яшил кеча. Рашод Нури Гунтекин
энг олдинда боражагига онт ичди.
Зуҳту афанди таъсирчан нутқ сўзлар, гоҳ жумлалари билан, гоҳ оҳанги билан тўпланганларнинг бир қисмини йиғлатар эди.
Бу нутқдан кейин зиёфат тугади, таклиф қилинганлар шом азонидан сўнг шаҳар маҳкамасининг қаршисидаги жомеда ўқилажак мавлудга такрор тўпланмоқ ниятида вақтинчалик тарқалишди.
Шоҳин афандининг биринчи кечаси жуда ёмон ўтди. Фикрларида ғариб бир тартибсизлик, ичида ноаниқ қўрқувлар, ҳаяжонлар бор эди. Тўхтовсиз равишда бир-бирига қоришиб кетган тушлар кўрди ва бир неча марта чўчиб уйғонди. Аъзойи бадани терга ботган эди. Юраги қаттиқ-қаттиқ урар, қулоқларига гоҳ мавлуднинг бошқа бир дунёдан келаётгандай узоқ ва таъсирчан оҳанги, гоҳ Жобир бейнинг кучли товуши эшитиларди.
– Тағин эски касалим қайталаётган бўлмасин, – дея қўрқди.
Аммо эрталаб қуёш чиққунча бу ваҳималар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди.
– Мен олим ҳам, сиёсат одами ҳам эмасман, – деди у ухлаб турганидан кейин, – бўлгани бир бошланғич мактаб ўқитувчисиман… Энди менга нима кераклигини, нима қилажагимни яхши биламан. Бу ерлардан уч-беш фикрдош ўртоқ топиб олсам ва истаганим, ўйлаганимдан бир авлод етиштиролсам ишлар ўз-ўзидан тузалади… Гарчи бу нарсани амалга ошириш учун талайгина вақт керак бўлса ҳам, нима қиламиз, кутамиз-да. Зотан ақлларни ўзгартирмай туриб, идора этишни ўзгартириш кутилган натижага олиб келмайди. Ёмон боғдан ҳосил олмоқ учун бир дунё меҳнат сарф этамиз. Янги бир авлод етиштирмоқ учун беш, ўн йил кутамиз, нима, бу кўпми? Менинг сиёсатим бор-йўғи мактабимни ҳимоя қилмоқ ва ўзимдай тушуниб ишлайдиган ҳур фикрли ўртоқлар ҳамда ўринбосарлар тайёрлаб бермоқдан иборатдир… Қани, кўрайлик, Шоҳин домла, сиз нималарга қодир экансиз… Бобонгиз гарчи яшил қўшин душмани бўлишингизни истамасди, аммо онангиз сизни бугун учун туққанди.
V
Кундузлари мактабида банд, оқшомлари алламаҳалгача кафеларда, муаллимлар уйида ўтар, кейин ётишга кетарди. Вақти-вақти билан Дорулмуаллиминда бўлганидек, энди ҳам Сариовада уни бегоналик ғуссалари эзмас, атрофидаги манзараларга кўникиб, одамлар билан тез орада олди-берди қила бошлаганди.
Бир ҳафта ичида қасабанинг қирқ йиллик ҳамшаҳари бўлиб кетганди.
Шошма-шошарлик билан тағин янглиш бир нарса қилиб қўйишдан қўрққани учунми кўп эҳтиёткорлик кўрсатар, ҳар кимсага содда тилда гапиришга, иложи борича унинг кўнглида яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қиларди.
Домлалар, унинг салласини улоқтирган бир эски мадраса талабаси бўлганлигидан хабар топганди, аввалига унга бир оз ҳайрат билан қарашганди. Ҳатто баъзилари очиқдан-очиқ унга душманлик қила бошлаган эдилар. Аммо у, софта руҳини кўп яхши билгани учун улардаги ишончсизликни осонгина йўқ қилишга муваффақ бўлганди.
Домлалар ўз қуролларини бу қадар яхши қўллаган бу фесли кишига қарши ғайриихтиёрий бир ҳурмат ҳис этишга бошлагандилар, ҳатто ораларида унга қандайдир бир мавқе ҳам бергандилар. Кўринишдан