1985. Энтони Бёрджесс
ҳақидаги энг яхши эртакларнинг ибтидоси каби – ҳаммамизга таниш оламга ёвузларча ғайритаби ий, қўрқинчли ва ақл бовар қилмас кучлар ташланди. Бошланишига инглизча апрель об-ҳавоси. Серзарда шамол қуёшни эрмак қилади. Чорраҳаларда донадор тўзонларнинг уюрмаси. Путурдан кетган шаҳар узоқ давом этган урушнинг якуни арафасида. Мунғайган кўп қаватли уйлар, қайнатилган карам ва даҳлизлардаги эскирган шолчалар ҳиди.
Ё, худойим, бу кулгилими?
Эски мюзик-холлардаги руҳ сингари кулгили. Ҳажвийлик ҳаддан ташқари яққол кўзга ташланади. “1984”ни бор бўйича баҳолаш учун 1948 йилда қандай ҳаёт тарзи ҳукм сурганлигини ёдга олиш керак. 1949 йил – айнан шу йили китоб чиқди. Кимдир менга Оруэлл асарни “1948” деб номламоқчи бўлганини айтганди. Лекин бу амалга ошмади.
Сиз илк тақризларни эслай оласизми?
Ҳа, уларнинг салмоқли қисмида илиқ ва мақтовли фикрлар билдирилган эди. Фақатгина Бертран Рассел унинг кам учровчи фалсафий роман эканлигини фаҳмлаган. Қолганлар эса қайнатилган карам, увада шолчалар жаноб Оруэллга тоталитаризмни ишонарли тасвирлашда қўл келганлиги ҳақида ёзишди. Қисман бу тўғри: аслида, Оруэлл қашшоқ ва абгор ҳажвчи шоир сифатида танилган эди. “Париж ва Лондонда сариқ чақасиз”, “Уиган бандаргоҳига йўл” – булар кабаре12 учун жуда ажойиб скетч13лар. Ишчилар синфи ошхоналари Оруэллга ҳар доим яхши ғоялар берган: қизил дарахт рангидек ўткир бир финжон чой, “Халқаро янгиликлар”даги оламшумул қотиллик, картошка ва балиқ, ифлосланган қувурлар. У 1948 йилдаги муҳитни жуда ҳам яхши илғади. Иш кунларидаги ҳорғинлик, муҳтожлик ва рутубат. Уларда фожиавий ҳеч нарса йўқ. Ўша кезларда барча фожиавийлик фашистларнинг концлагерларида жамланган эди. Рус лагерларида ҳам. Лекин, улар ҳақида ўйлаш мумкин эмасди. Бинобарин, сенинг ўз қайғу ва бахтсизликларинг кулгили эди.
Сиз фожиавий бўлмаган, ҳажвий бирор нарса сўзлаб бера оласизми?
Реал ҳаётдан эмас, санъатдан бўла қолсин. Келинг, сизга мен Оруэллнинг 1948 йил ҳақидаги китобини ўқиганим 1949 йил ҳақида гапириб берай. Уруш тўрт йил илгари тугаган ва бизга хавф-хатар етишмаяпти – бомбаларнинг портлаши масалан. Агар сенга даҳшатли хавф таҳдид солаётган бўлса, муҳтожликка кўникиш мумкин. Лекин энди бизга қашшоқлик уруш давридагидан ёмонроқ туюлмоқда ва аҳвол ҳафта ўтган сайин оғирлашиб бораётгандек. Бериладиган тузланган гўштнинг улуши икки бўлакка қисқарди. Ойига бир дона тухум берадилар. Аксарият ҳолларда у ҳам палағда. Қайнатилган карам британча парҳезнинг хушхўр асосига айланди. Сигаретни-ку, излаб ҳам тополмайсиз. Устара учун тиғ бозорлардан йўқолди. Ёдимда, бир ҳикоя шундай сўзлар билан бошланарди: “Бу янги олинган устара тиғининг эллик тўртинчи куни эди” – мана бу ҳақиқий ҳажвия. Ниҳоят, немис бомбалари ҳар ерда кўринарди. Улар ҳосил қилган чуқурларда қоқиўт ва самбитгуллар шодон ўсишмоқда. Буларнинг бари Оруэллда бор.
Сиз айтмоқчисизки, “1984” бор-йўғи Лондоннинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги комик манзарасими?
Умуман, ҳа. Биргина Катта Оғани олайлик. Сиз
12
Кабаре – буржуа мамлакатларида эстрада қаҳвахонаси ёки кичик ресторан.
13
Скетч – кичик ҳажвий пьеса тури.