1985. Энтони Бёрджесс
хоҳлаган. Ҳаммамиз буни хоҳлаганмиз. Инглиз социализми 1945 йилда ҳарбий хизматчиларнинг берган овозлари туфайли ғалабага эришган деб айтишганди. Бутун дунёдаги кемалар ва ҳарбий лагерларда Британия ҳарбийларига ўз сайлов ҳуқуқларини амалга оширишларига рухсат бериш учун мураккаб механизм яратилди. Жуда кўпчилик (ҳатто, мендек консерватизм анъаналари руҳида тарбияланганлар ва кейинчалик унга қайтганлар ҳам) ўйламай-нетмай лейбористларга овоз беришди.
Нега?
Уинстон Черчиллнинг ўзи бунга йўл қўйди. Офицерлар таркиби уни яхши кўрарди. Аммо у ўзининг командирлар орасидаги катта таъсир кучидан фойдаланмади. Унда халқ қаҳрамонига хос кўп сифатлар топиларди: ғайритабиийлик, беадаб гапларни айтиш қобилияти ва қўпол ҳазиллар, аслида, ўтган даврга хос аристократик ҳужум бўлса ҳам, лейборист етакчилардан фарқли равишда нутқ услубининг халқоналиги. У брендлар ва сигаралардан кўп миқдорда фойдалана оларди. Аммо ҳарбий қисмларга ташриф чоғида сигара чекиш, у томонидан ўйламай қилинган иш эди. Орамиздан кимлардир ўшанда “Ғалаба” сигаретидан бир мартагина тортиш учун виждонидан ҳам кечишга тайёр эди.
Сигаралардан ташқари унинг яна қайси иши ўхшамади?
У урушларни ниҳоятда севарди. 1945 йилдаги сайловларгача орамиздаги кўпчилик олти йилдан бери форма кийиб юрарди. Биз ҳаммасини ташлаб, ҳақиқий ҳаётга қайтишни (айримларимиз ҳатто бошлашни) хоҳлардик. Черчилль эрта демобилизациянинг21 хатарли оқибатлари ҳақида сафсата сотди. Шарқий Европага темир парда туширилди: рус иттифоқдоши ўзининг аввалги большевистик таҳдид ролига ўтди. Биз оддий аскарлар янги ташқи сиёсий жараёнлар – йўналишларда тўсатдан юзага келган танаффуслар борасида ҳеч нарсани тушунмадик. Биз русларни фашистик диктатурага қарши курашдаги буюк оғайниларимиз, деб ўйлардик. Бироқ, тўсатдан Россия душманга айланди. Биз катта давлат арбоблари сингари фикрлаш учун анчагина содда эдик. Катта амалдорлар каби бизлар учун ҳам уруш зарурат бўлса-да, оғриқли интерлюдия22дек эди. Катта сиёсий арбоблар учун уруш сиёсатнинг одатий жиҳати эканлигини билмасдик. Черчиллнинг биздан кўнгли тўқ эди. Юз ўгирганимизда эса у йиғлади.
Аммо Оруэлл унга яққол мафтун эди. Акс ҳолда ўз қаҳрамонини унинг шарафига номламаган бўларди. Шундай эмасми?
Йўқ, йўқ ва яна йўқ. “1984”нинг кўплаб америкалик ўқувчиларига Уинстон Смит номи абадиян бой берилган олижаноб эркин қадриятларнинг тимсолидек туюлади. Лекин ҳеч қандай ўхшашлик йўқ эди. Бу ерда яна комедия. “Уинстон Смит” номи кулгили ва инглиз ўқувчиларида табассум уйғотади. У аллақандай ноаниқ ҳамда замонавий профессионаллар олдида ҳеч қандай имконияти бўлмаган сиёсий ҳаваскорликка шаъма қилади.
Ахир Уинстон Черчиллнинг рақиблиги социализмнинг 1945 йилдаги ғалабасига энг кичкина сабаб-ку! Уруш йилларида асосий ҳисобланган фуқаролик ҳуқуқи масаласи билан шуғулланилмади, шундайми? Айнан шу нарса ҳарбий хизматчиларнинг ҳукуматни алмаштиришга бўлган
21
Демобилизация – уруш тугагач, аскарларни уйларига қайтариш.
22
Интерлюдия – мусиқа асарларининг айрим қисмларини боғловчи кичик парча ёки пьеса.