Буюк Гэтсби. Фрэнсис Скотт Фицджеральд
бирида қўшнимнинг вилласидан қўшиқ овози эшитилди. Эркак ва аёллар меҳмонга келгандилар. Улар қўлларига май қуйилган қадаҳ ушлаб олганларича юлдузлар ёғдуси остида капалак мисол учаётгандек боғда сайр қилиб юрар эдилар. Кундуз кунлар сув тўлқинланаётган вақтда меҳмонлар сол устига қурилган минорачадан сувга калла ташлаётганларини ёки қум устида қуёшда тобланиб ётганларини, икки моторли кема Лонг-Айленд бўғозида ўқдек учиб юрганини ва улар ортидан кўпикли тўлқинлар ҳосил бўлиб қолишини томоша қилишнинг ўзгача гашти бор эди. Шанба ва якшанба кунлари унинг “роллс-ройс” русумли машинаси эрталабдан то ярим тунгача меҳмонларни шаҳарга олиб борар ёки у ердан олиб келарди. Унинг кўп ўринли “форд”и ҳар бир поезднинг келиш вақтига қараб гўё учар қўнғиз каби станцияга ошиқарди. Душанба куни эса саккиз нафар хизматчи, шу жумладан, махсус ёлланган боғбон ҳам латта, чанг артгич, болға ва боғ қайчисини қўлларига олиб шанба, якшанба кунлари топтаб кетилган ерларни йиғиштириш ва тартибга солиш билан овора бўлар эдилар.
Ҳар жума куни Нью-Йорқдан олтита саватда пўртаҳол ва лимонлар келтириларди. Ҳар душанба куни шу пўртаҳол ва лимонларнинг қовжираган пўстлари орқа эшикдан ташқарига чиқариб ташланарди. Ошхонада ярим соат ичида икки юзта пўртаҳолнинг шарбатини сиқиб оладиган машина турарди. У тинмай шарбат чиқарарди.
Виллага ҳар ойда икки ёки уч маротаба кўплаб таъминотчилар қатнардилар. Улар ўзлари билан бир неча юз ярд 5 брезент ва Гэтсбининг боғида катта байрам арчасини ясатмоқчи бўлгандек жуда кўп миқдорда ранг-баранг лампочкалар олиб келар эдилар, гўёки стол устида турли хил газаклар: зираворлару сон гўштлари, салатлар, хамир ичига солиб пиширилган чўчқа гўштлари, олтин каби товланиб турувчи қовурилган куркалар қатор қилиб териб қўйилганди. Кираверишдаги катта хонага қурилган жавонда хилмахил ичимликлар – жин ва ликёрлар, қандайдир истеъмолдан аллақачон чиқиб кетган ва келган меҳмонларнинг кўпчилиги номини ҳам билмайдиган қандайдир қадимий ичимликлар қатор териб қўйилган эди.
Соат еттиларда олти нафардан иборат мусиқачилар, саксофон ва найга ўхшаш соз ҳамда катта ва кичик ноғоралардан иборат тўлиқ оркестр ўз жойини эгаллаб ўтирар эди. Чўмилишдан қайтиб келганлар эса, тепада кийинаётган эдилар. Кираверишдаги йўлакнинг ҳар икки томонида Нью-Йорқдан келган меҳмонларнинг машиналари бештадан саф тортиб турарди. Камалақдек жилоланиб турган муҳташам хоналарда ва айвонларда сочлари сўнгги услубда олинган каллалар ва кастиль хонимларининг тушига ҳам кирмаган шолрўмоллар кўзга ташланарди. Ошхонадагиларнинг кўли-кўлига тегмасди, боғнинг у ер-бу ерида хизматкорлар кўтариб юрган патнисдаги коктейлнинг хушбўй ҳиди ҳавони тутиб кетганди. Боғдаги меҳмонлар аста сайр этиб юришаркан, бир-бирлари билан суҳбатлашишар, мулозамат қилишар, ғийбатлашишар, бир-бирларининг исмларини билмасалар-да, назокат-ла таъзим қилиб сўрашиб, ўтиб кетардилар. Атрофни қоронғулик чулғаб олганди. Ёқилган чироқлар нури боғни чароғон қилиб юборганди; машшоқлар ажойиб куй чала бошладилар. Қўшиқчиларнинг овозлари бир парда юқори кўтарилди.