Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
Бу ер авлодлар томонидан она макон деб эъзозланади. Бу ерда хоки қўйилиши шараф ҳисобланадиган бўлади. Зеро, “байт” сўзи арабчада уй, хонадон маъносини билдиради. Бизда эса “Аҳли байт” деб пайғамбар хонадонига нисбат берилган, динимизнинг ёйилиши билан кириб келгани учун ҳам жуда азиз жой маъносида тушунилган. Романда ҳам она мозори, она хонадони, онанинг мангу уйи, дея улуғ урғу берилган. Бу жой борми ёки, йўқ кўпчилик билмайди, аммо у Айтматовнинг дурдона асарининг энг ғамгин ва жон жойининг рамзи сифатида бутун жаҳон кўнгил харитасига кирди…
1995 йил. Ниҳоят отасининг васиятини бажо келтириш учун, албатта, мустақилликдан кейин Бубуйра опа Қирғизистон Хавфсизлик хизмати идорасига мурожаат қилади. Отаси билган сирни очади, кўрсатган жойни маълум қилади. Кўрсатилган жой очилганда эса 137 кишининг бош чаноғи ва суяклари топилади. “Айтматов. Ҳа ўша топилма – отамнинг устидан чиқарилган ўлим ҳукми қалбимни остин-устин қилиб юборди. Ўша ҳукмнома 137 марҳумнинг суяклари орасидан топилди. …Орадан 53 йил (57 йил бўлиши керак. В.Ф.) ўтгач, ҳатто марҳумнинг суяклари ҳам тупроққа қўшилиб кетар экан. Лекин, қандай мўъжиза туфайли отамнинг кўкрак чўнтагидан уч варақ ҳукмнома бутунлай чириб кетмагани кишини ҳайрон қолдирмайдими? Аллоҳнинг барқарорлигига иймон келтирмоқ керак.” 1995 йилнинг 25 ноябрида Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳам марҳумларни қайта дафн қилиш учун Люксембургдан етиб келади. Отасининг қабрига бир сиқим тупроқ ташлаш унга ҳам насиб қилади ва ушбу жой “Ота байит” қабристони деб аталади. Менимча, “Отанинг (мангу) макони” – Ота байит қабристони номини бу ерга буюк ёзувчи Чингиз Айтматов бергани шубҳасиз. Бу заминда улуғ оналар чин дунёда ётган мангу макон, хонадонни – Она байит деб аждодлар атаган, у асарида буни абадиятга муҳрлаган экан, энди ғанимлар томонидан буюк оталар қатл қилиниб, кўмиб ташланган жой қайтадан эъзоз топдими, шафқатсиз тузумни унутмаслик, шу кунлар учун фидо бўлган қаҳрамонлар хоки зиёратгоҳ бўлиши учун ҳам Ота байит деб аталишга ҳақли-да!
2008 йил 14 июнь. Отасининг қабри топилганидан ўн уч йил ўтиб Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳам шу ерда мангуга қўним топди. Буюк отаси ёнидан ўрин олди. Ўзи ардоқлаган, бир умр азиз ёди билан яшаган инсонига етди. Бу не улуғ шарафки Аллоҳ севимли бандаларини ўзи эъзозлаган, яхши кўрган кишилари қабатида Қиёматда тирилтирар ва Охиратда жаннатида бирга мангу фароғатда бўлишини таъминлар экан. Аллоҳ таоло улуғларни ўз раҳмати билан сийлаган бўлсин.
Азиз ўқувчи! Сизга жуда ҳам ҳавасимиз келаётир. Зеро, Чингиз Айтматовнинг улуғ қиссалари мутолааси ҳар сафар қалбларни янгидан сурурга тўлдиради!
Юзма-юз
СЎЗБОШИ
Ўз ижодий тажрибамда илк бор анча илгари нашр этилган асаримга қайтмоқчиман. “Юзма-юз” қиссаси ўттиз йиллар муқаддам ёзилганди. Сирасини айтганда, ушбу чоғроққина асар билан менинг ижодий йўлим бошланган. Агар у ҳозирги китобхон учун азиз бўлган қандайдир