Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов
нохуш эдики, шунинг учун овул оқсоқоллари бошчилигида кўпчилик бўлиб боришганига қарамай, Чингиз аввал ўша тилда, иккинчи марта эса энди таржима ҳам қилиб совуқ хабарни билдирганида қалби ниҳоятда эзилар эди. Бу етмаганидек, овулнинг баъзи бир хурофотчилари уни ёмон хабарнинг элчисидай кўриб қолишган, шундайлардан бири бир сафар жаҳл билан олдига келиб “Эй сен, хосиятсиз, биздан узоқроқ юр!” дея айтади ҳам… Мусибатзада одамлар ваҳимачи, бидъатчи бўлиб қолишган, бундан Чингизнинг кўнгли қанчалик вайрон бўлар эди.
Унинг юраги одамларга очиқ эди. Одам фақат умид билан, меҳр-муҳаббат билан яшашга чорлаш кераклигини ўша қора кунлардан ҳам, яхшилардан ўрганган ва дилига туккан эканки, ҳар бир кўз очажак асари ўқувчига умид беради, ҳаётда курашишга ўргатади, мусибатда сабр-тоқат қилишга чақиради; мардлик, шижоат, бағрикенглик, холислик, ҳамдардлик инсоннинг олий сифати эканлигини ҳаётий тасвирлари, руҳият чизгилари билан кўрсатади.
Бироқ адолатсизликларга сабр-тоқат қилишнинг ҳам чегараси бор. Қоронғидан қоронғи 1943 йилнинг эрта баҳорида Чингизлар оиласи бошига кулфат тушади. Биттаю битта сигирларини “ана туғади, мана туғади”, деб туришганда ўғирлаб кетишади. Ўзларида жой йўқлиги боис колхоз молхонасида сақланар эди. Буни биринчи бўлиб билиб қолган Чингиз теварак дашту далаларда телбаларча чопиб сигирни қидиради, касал ётган Темурбек тракторчидан милтиғини сўраб олиб, ўғриларни отиб ташлаб, ўзича жазо бермоқчи бўлади. (Бу воқеа детали икки қиссасида икки хил тарзда келади…) Шу хаёлларда олов бўлиб Жамбул томонга кетаётган ўспиринни бир донишманд қария икки оғиз таъсирчан гапи билан тўхтатиб қолмаганда, у ёмонлардан ўч оламан, деб билмасдан жиноят кўчасига кириб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди.
Чингиз бу вазифалардан ташқари овул оқсоқоллари нима иш буюришса қочмади: станцияга дон ташиди, тракторчиларга ёрдамчилик қилди ва ҳоказо. Оила юкини кўтарди. Наимахонимнинг фарзандларидан, айниқса, Чингиздан умиди катта, шунинг учун биринчи навбатда уни чуқур билим олишга ундарди. Уруш тугаши билан яшаб турган Жийдалида рус мактаби йўқлиги учун 1945–46-йилларда Талас дарёсининг нариги соҳилидаги Пакровка қишлоғидаги мактабга қатнашаркан, укаси Ильгиз билан ўрталарида бир жуфт этик бўлиб, навбат билан кийиб боришар, аммо этикни асраш учун дарёдан оёқяланг кечиб ўтишга тўғри келар эди…
Жамбул, Фрунзеда ўқиб юрганда ҳам ўзидан кўра кўпроқ укаларига ғамхўрлик қилди. Орадан йиллар ўтиб, ўша йилларни кичик синглиси Розахоним Айтматова шундай хотирлайди: “Институтда аъло баҳоларга ўқиган Чингиз Сталин стипендианти бўлади. Ўқув юртида олиб қолишмоқчи бўлишади. Аммо кимдир кўролмаганидан “халқ душмани”нинг ўғли нега доҳий нафақасини олиши керак, дея аноним хат ёзади, стипендиядан маҳрум этишади, аспирантурада қолиши ҳам йўққа чиқади. У эса чекинмайди. Дам олиш кунлари темир йўл вокзалида вагонлардан юк тушириб, чойчақа топар, уларни ҳам йиғиб қўйиб, ёзги таътилга келганда менга пальто олиб берди, бу