Яланғоч иқтисодиёт. Чарльз Уилан
рухсат берилса, бу ижобий оқибатларга олиб келади: биринчидан, савдодан йиғилган маблағ қашшоқ ҳукуматларга браконьерликка қарши курашишга ёрдам беради; иккинчидан, бу ҳолат ноқонуний овлардан келган товарларнинг бозор нархини пасайтиради ва оқибатда браконьерларнинг ҳайвонларни ўлдириш истаги маълум даражада камаяди.
Ҳар қандай мураккаб сиёсий масалада бўлгани каби бу ерда ҳам ягона тўғри жавоб мавжуд эмас, аммо муаммони ҳал қилишнинг нисбатан самаралироқ йўллари бор. Хулоса шуки, қора каркидонни тур сифатида сақлаб қолиш табиий фанларга қанчалик алоқадор бўлса, иқтисодиётга ҳам шунчалик алоқадор. Биз қора каркидонлар қандай кўпайиши, нима ейиши ва қаерда яшашларини биламиз. Вазифамиз эса одамларни қора каркидонларни ўлдиришдан тўхтатишдир. Бунинг учун қора каркидонларнинг хулқ-атвори ва хатти-ҳаракатларини эмас, балки одамларнинг қай тарзда фикрлаши ва ҳаракат қилишини тушуниш талаб этилади.
Рағбатлар муҳим. Бизга қилган ишимиз ҳажмига қараб тўлашса, кўпроқ ишлашни бошлаймиз. Бензин нархи кўтарилса, камроқ машина ҳайдаймиз. Агар мен талабаларимдан ўқишга берилган адабиётлар бўйича тест олсам, улар айтилган китобларни ўқиши эҳтимоли кўпроқдир. Адам Смит ўзининг “Халқлар бойлиги” асарида келтирган фикрлардан бири айнан шу эди: “Қассоб, пиво ишлаб чиқарувчи киши ёки новвой бизга бўлган хайрихоҳлиги туфайли эмас, балки ўз манфаатларини кўзлаб иш тутгани учун ҳам кечки овқати миз тайёрланишига ҳиссасини қўшади”. Билл Гейтс Тинчлик Корпусига қўшинларга қўшилиш учун эмас, балки “Microsoft”ни ташкил этиш ва сайёрадаги энг бой одамлардан бирига айланиш учун Ҳарвард университетини тарк этган. Шу билан бирга, у шахсий компьютерлар оламида инқилоб ясади, бу инқилоб эса барчамизнинг фаровонлигимизни юксалтирди. Дунёни ҳаракатга келтириб турган нарса айнан шахсий манфаатдир. Бу ғоя бемаъни туюлса-да, аслида бу кундек равшан. Шунга қарамай, уни доим ҳам эътиборга олишмайди. “Ҳар ким ўз қобилиятига кўра ишлайди, ҳар ким ўз эҳтиёжига кўра олади” деган эски шиор ўз вақтида яхши халқ қўшиғига айлангандир, аммо уни иқтисодий тизимда қўллаш нафақат самарасизлик, ҳатто оммавий очарчиликларга ҳам олиб келган. Бозор иқтисодиёти асосида қурилмаган ҳар қандай тизимда рағбатлар ва самарадорлик ўзаро алоқадор бўлмайди. Бундай тизимларда компаниялар ва ишчилар янгилик қилгани ҳамда меҳнатсевар бўлгани учун мукофотланмайди, дангасалик қилиб, суст ишлагани учун эса жазоланмайди.
Бу каби ёндашув натижалари қанчалик ачинарли бўлиши мумкин? Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Берлин девори қулаган пайтга келиб Шарқий Германиядаги баъзи автомобиль ишлаб чиқарувчилари амалда катта зарар билан ишлаган. Ишлаб чиқариш жараёни шу қадар самарасиз ва тайёр маҳсулот шунчалик яроқсиз эдики, заводлар ишлаб чиқариш учун сарфланган маблағдан ҳам арзонроқ бўлган машиналарни ишлаб чиқарарди. Аслида, улар мукаммал пўлатни олиб, удан расво нарса ишлаб чиқариш билан шуғулланарди холос! Иқтисодиётнинг йирик тармоқлари