АСАРЛАР (II жилд). Сирожиддин Саййид
* *
Беш вақт намоз гўё мусулмоннинг дарвозаси олдидан оқиб турган дарё, унда ҳар куни беш марта ювиниб турса, баданда кир қоладими?
БЕШ ВАҚТ НАМОЗ
Беш вақт намоз гўё бешта дарёдир
Дарвозанг олдидан оқиб ўтгувчи.
Жисму жон ғусли шу, шудир аслида
Кўнгил кўзгусини чарақлатгувчи.
Сенинг шукронанг шул эҳсонларига,
Қалбинг ҳам бир гўзал нурларга тўлгай.
Ҳар куни беш маҳал покланиб турсанг,
Кавсар сувлари ҳам насибинг бўлгай.
* * *
Умматларим бамисоли ёмғир кабидирким, ёмғирнинг бошланиши ҳам, охири ҳам фойдалидир.
ФОЙДАЛИ ЁМҒИР
Оламда одам кўп ҳар тил, ҳар турлик,
Оламда гоҳ тошқин, гоҳи ёнғиндир.
Менинг умматларим бамисли найсон,
Менинг умматларим мисли ёмғирдир.
Улар тупроқ узра эзгулик сочиб,
Очиқ юз, софдил, нур дийдали бўлур.
Фойдалидир ёмғир бошланиши ҳам,
Унинг охири ҳам фойдали бўлур.
* * *
Замоннинг ўтиши киши учун панду насиҳат, ўлим эса ҳаммани бир-биридан ажратувчидир.
ЎЛИМ
Умр фароғатми ёки азият?
Умр – бу гоҳи сув, гоҳи ўт иши.
Дунёда яшовчи кимсалар учун
Панду насиҳатдир замон ўтиши.
Ҳаёт чеҳраларга гоҳида севинч,
Гоҳида шабнамлар сачратувчидир.
Фақат ўлим бордир. Ҳаммани фақат
Ўлим бир-биридан ажратувчидир.
* * *
Кимки отасининг вафотидан кейин ҳам унга яхшилик қилишни истаса, унинг ёру биродарлари билан алоқани узмасин.
САВОЛ
Яхши одам эди отанг раҳматли.
Бу дунё азалдан мунг бирлан алам.
Тирик юрган пайти – майли, отангга
Яхшилик қилдингми ўлгандан сўнг ҳам?
Яъни ундан кейин дўстлари қолмиш,
Ярим кўнгилларин йўқлаб бир сафар,
Бирор-бир яхшилик қилолдингми ё
Аларнинг ҳолидан олдингми хабар?
* * *
Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу одобдан улуғроқ мерос беролмайди.
МЕРОС
Отадан фарзандга не юқар бир кун?
Молу давлатими – у тугар бир кун.
Қасру айвонлари топгайми эъзоз?
Қандай мерос яхши, қайси мерос соз?
Билсанг, ҳеч бир ота ўз фарзандига,
Ўзидан сўнг қолар жигарбандига
Мерос беролмагай чиройли ва хос
Хулқу одобдин ҳам улуғроқ мерос.
* * *
Садақанинг афзали чанқоқ одамларга сув улашмоқликдир.
САДАҚА
Дунёнинг ишлари, ўйласанг агар,
Дилни чулғаб ташлар кўҳна мотамга.
Умринг ўтиб кетмиш сувдай, бир коса
Сув тута олдингми чанқоқ одамга?
* * *
Ёмон улфатдан яккалик яхши, яккаликдан яхши улфат яхши, жим ўтиргандан фойдали гап яхши, бефойда гапдан сукут сақлаган яхши.
НИМА ЯХШИ?
Яккалик яхшидир ёмон улфатдан,
Яккаликдан кўра бир