ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ. Коллектив авторов

ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ - Коллектив авторов


Скачать книгу
лишер САЪДУЛЛА

      ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ

      (Олмония)

      Бир қиролнинг гўзал қизи бўлиб, унинг ҳусн-жамоли бутун оламга овоза бўлган экан. Аммо у ҳаддан зиёд даражада чиройга эга бўлгани билан ниҳоятда манман, такаббур экан. Жуда кўп шаҳзодалар, қироллар унга уйланиш учун совчи юборсалар-да, қиролнинг қизи куёвларнинг бирортасини ҳам ўзига муносиб кўрмасмиш. Ким унга уйланиш учун оғиз солса, ўшанга рад жавобини берар ва бу ҳам етмагандай, бирорта нолойиқ сўз айтиб ёки лақаб тўқиб, ўша одамнинг нафсониятини топтаб жўнатаркан. Аввалига кекса қирол арзанда қизининг бундай қилиқларини кечириб юрибди, аммо охири унинг тантиқликлари ва инжиқликлари ҳатто отанинг ҳам жонига тегибди.

      Бир куни қирол катта зиёфат уюштириб, олис ўлкалар ва яқин-атрофдаги шаҳарлардан маликага ёқиш умидидаги ва унинг лутф-марҳамати илинжида бўлган ёш подшоҳлар, шаҳзодалар ва бекзодаларни шу базмга таклиф этишни амр қилибди.

      Зиёфатга анчагина куёвлар – қаллиқликка талабгорлар тўпланишибди. Уларни бўй-бастига, мавқеига, насл-насабию, оладиган даромадларига кўра саф-саф қилиб тизиб қўйибдилар. Биринчи сафдан қироллар ҳамда валиаҳд шаҳзодалар ўрин олибдилар, кейин − герцоглар, уларнинг ортидан − князлар, графлар, баронлар ва ниҳоят оддий зодагонлар ҳам ўз жойларини эгаллашибди.

      Шундан сўнг, қиролнинг қизи сафлар бўйлаб юриб кела бошлабди. У куёвлар орасидан ўзига ёққанини танлаб, муносибига турмушга чиқиши учун бу энг сўнгги имконият эди.

      Аммо бу сафар ҳам ҳеч ким унинг кўнглига ўтиришмабди.

      Куёвтўралардан бири маликага жуда ҳам семиз кўринибди.

      − Бўрдоқи! – дебди у ўйлаб ҳам ўтирмасдан.

      Кейингиси ботқоқликдаги турна сингари новча ва узунтумшуқ бўлиб туюлибди:

      − Турнага ўхшаш найнов,

      Бўлолмас менга куёв!

      Учинчиси маликанинг наздида жудаям пакана эмиш:

      − Ҳой, тўнкача, калтабақай,

            Пастда ҳаво раъйи қалай?

      Тўртинчисининг гўё юзи қонсиз − оппоқмиш:

      − Рангинг ўхшайди қорга,

      Буён кепсан бекорга.

      Бешинчисининг икки бети қип-қизил экан:

      − Башаранг мисли анор,

      Сенга бунда нима бор?

      Олтинчисининг қаддиқомати маликага ёқмабди:

      − Оёққўлингиз, барон,

      Тарвақайлаган ҳар ён.

      Белингиз ҳам букчайган,

      Кўзларингиз чақчайган!

      Хуллас, ҳеч ким унинг ҳақорату, камситишларидан бенасиб қолмабди.

      Аммо куёвлар қаторида энг эътиборли-нуфузли жойни банд этиб турган нуфузли бир қиролнинг шаънига энг аччиқ сўзларни айтибди.

      Очиғи, айнан мана шу қиролнинг ҳеч қандай нуқсони ҳам, камчилиги ҳам йўқ эди. У ҳар қандай қизга ёқиб қолган бўларди, лекин фақат бизнинг маликамизга эмас. Тантиқ қизга қиролнинг соқоли ёқмабди, унинг соқоли гўё тик ва учли чўққисимон ўсганмиш. Уни масхаралаб кулиш учун маликага шунинг ўзи етарли бўлибди.

      − Воҳ! – хитоб қилибди у ва ҳоҳолаб кула бошлабди. − Қаранглар! Манави жанобни кўринг! Унинг соқоли худди лайлакнинг тумшуғига ўхшаркан! Тоғнинг чўққиси каби тикка ва учли! Чўққисоқол! Қирол − Чўққисоқол! Чўққисоқол қирол!

      Қўшнисининг устидан кулиш учун доим баҳона излаб юрадиган қўшнилар ҳам дунёда кам эмас. Шу лақабни ҳамма тўпланганлар дарров ўзлаштириб олишибди ва ёш қиролни эрмак қилиб, такрор-такрор «Қирол Чўққисоқол», дея мазаҳ қила бошлашибди.

      Аммо ҳар қандай эрмакнинг ҳам ниҳояси бўлади.

      Кекса қирол − гўзал маликанинг отаси, кўрибдики, унинг қизи асло ўзига қаллиқ танламоқчи ҳам, турмушга чиқмоқчи ҳам эмас. Фақатгина унаштириш маросимига таклиф этилган меҳмонларнинг устидан кулиш билан овора. Шунда қиролнинг чинакамига жаҳли чиқиб кетибди ва ўзининг елкасидаги боши ва бошидаги тожи билан онт ичиб, қизини биринчи эшик тақиллатиб келган кишига, агар у ҳатто ялангоёқ тиланчи бўлса ҳам, узатиб юборишга сўз берибди.

      Орадан икки кун ўтибди. Сарой деразалари остида соз торларининг садоси эшитилиб, аллақандай дайди бир машшоқ мунгли қўшиқ куйлай бошлабди. Куй жуда ғамгин, қўшиқ ҳам шунга яраша маъюс экан. Албаттада, ахир бу мусиқа кўнгилхушлик қилиш учун эмас, балки кишиларда раҳм-шафқат ҳиссини уйғотиб, бир-икки танга садақа ундириш мақсадида чалинаётган эди, ахир.

      Қирол бир оз вақт машшоқнинг нағмасини тинглаб турибди–да, уни ўз ҳузурига келтиришларини буюриб, хизматкорларини тиланчининг олдига жўнатибди.

      − Уни чақиринглар! Буёққа кирсин! − дебди у.

      Кир-чир, увада кийинган қашшоқ машшоқ саройга кирибди-да, қирол ва маликанинг ҳузурида ўзи билган барча ашулаларни куйлаб берибди. Кейин эса чуқур таъзим қилиб, истеъдоди учун эмас, тиришиб қўшиқ куйлаб беришга ҳаракат қилгани учун хайр-садақаларини аямасликларини сўрабди.

      Қирол шундай дебди:

      − Сени шу тиришқоқлигингга яраша тақдирлайман. Менга сенинг


Скачать книгу