ҚИРОЛ ЧЎҚҚИСОҚОЛ. Коллектив авторов
кекса маслаҳатчилар ҳам қоринларини ушлаб, икки букилиб қолгунларича роса мириқиб кулибдилар.
Фақатгина малика куладиган аҳволда эмас экан. Малика хўрликдан ва уятдан ерни ёриб кириб кетишга ҳам тайёр эди. У қўллари билан юзини беркитганча хонадан отилиб чиқибди ва зинадан пастга қараб югурибди.
Аммо кимдир унга етиб олиб, қўлидан тутибди ва ортига қайтишга мажбур қилибди. Малика бошини кўтариб қараса, кўрибдики, бу яна ўша − қирол Чўққисоқол экан.
У мулойимлик билан шундай дебди:
− Қўрқма, азизам! Наҳотки мени танимаётган бўлсанг? Мен сен билан шаҳар четидаги вайрона кулбада ғарибона кун кечираётган қашшоқ машшоқман-ку! Бозорда барча сополларингни синдириб, ер билан битта қилган ўша суворий ҳам менман. Ҳеч қандай асоссиз ва сабабсиз сен отангнинг қасридан шарманда қилиб ҳайдаган куёв ҳам мен бўламан. Сенга бўлган кучли муҳаббатим туфайли мен шоҳона либосларимни қашшоқнинг жулдурларига алмаштиришга мажбур бўлдим. Шу туфайли сени хорлик ва зорликлар йўлидан олиб ўтдим. Чунки
камситилган ва таҳқирланган инсоннинг қанчалар азият чекишини бошингдан ўтказишинг шарт эди: бусиз сенинг тошқотган қалбинг юмшамас ва оппоқ юзларинг каби соф бўлолмас эди.
Малика шу сўзлардан кейин аччиқ кўз ёш тўкибди.
− Оҳ, мен айбдорман, шу қадар айбдорманки, сизнинг хотинингиз бўлишга нолойиқман, − деб пичирлабди у.
Аммо қирол уни ортиқ гапиргани қўймабди.
− Қайғурманг! Барча кўнгилсизликлар энди ортда қолди, – дебди у. − Келинг, энди тўйимиз тантаналарини нишонлайлик!
Сарой хонимлари ёш маликани олмос ва марваридлар қадалган либослар кийдириб ясантиришибди ва саройдаги энг ҳашамдор ҳамда мислсиз даражада гўзал хонага бошлаб борибдилар. У ерда маликани номдор ва машҳур меҳмонлар кутиб олишибди. Меҳмонлар орасида кекса қирол − маликанинг отаси ҳам бор экан.
Барча йиғилганлар ёш келин-куёвларни қутлаб, уларга бахт ва тотувлик тилашибди. Шундан сўнг тенгсиз тантаналар бошланиб кетибди. Афсус, сен билан мен ўша тўйда бўлмадик. Кўрганлар, тўй жуда зўр ўтди, дейишди…
* * *
ОЛТИ АКА-УКА
(Италия)
Бир отанинг олти ўғли бор экан. Бештаси аҳмоқ, олтинчиси ғирт тентак. Отаси уларни жуда яхши кўраркан. Бир куни у ўғилларига шундай дебди:
− Шаҳарга бориб, ўзларингга ёққан нарсани сотиб олинглар.
Оғайнилар шаҳарга тушиб дўконга киришибди. Уни-буни харид қилишибди. Беш ака-ука бештп қўндоқсиз милтиқ сотиб олишибди, олтинчи милтиқда ҳатто қўндоқ ҳам йўқ экан. Милтиқларни елкага ортиб, уйга қайтибдилар.
Бир пайт аллақаёқдан олтита қуён пайдо бўлиб, улар томонга югуриб қолибди. Бешта қуённинг қулоқлари диккайган, биттасиники эса осилиб
турганмиш. Оға-иниларни кўргач, бешта қуён қочиб қолибди, охиргиси эса жуфтакни ростлабди.
Ака-укалар милтиқларини елкадан олиб, нишонга тўғрилашибди. Бештаси кўзини қисиб олса, олтинчиси юмиб олганмиш. Ҳаммалари бирваракайига ўқ