АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ

АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ


Скачать книгу
бобо куёви Абдуллоҳга қаради. У ўғлининг гапларини тасдиқлаб жилмайиб турар эди. Ҳусайн рухсат сўрамоқ мақсадида бобосига мулоҳазасини айтди:

      – Олавойнинг оёғини тахтакачлаб қўймоқ лозим. Шунда суяк тўғри битади?

      – Ихтиёринг, ўғлим! Яна неларни ўрганаётирсен?

      – Бобожон, ҳинд ҳисобини ўрганмоққа киришдим. Бу илм ҳам уммон каби беҳадду ғоятдур14. Айни пайтда мустақил китоб кўрмоқдамен. Ҳар турли илмларда мумтоз бир устозга эҳтиёжим бор.

      – Бухоро илмкишлар15 шаҳридур. Отанг сенга бир аллома устоз топгай, албатта. Илмга рағбатинг шуни тақазо этади. – Амрилло бобо меҳр билан неварасининг бошини силади.

      Абдуллоҳ икки отли аробани дарвозадан олиб кирди. Отларни шотидан чиқариб, сайисхонага етаклаб кетди.

      Ҳусайн билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди. У ҳовлининг шох-шаббалар уйиб ташланган бурчагига келиб, иккита равон чўп топди. Уйдан пичоқ олиб чиқиб, чўпларнинг қирраларини йўниб силлиқлади. Бир парча эски матони чўпларга ўради. Шундан сўнг Олавойнинг оёғини тахтакачлашга киришди. Ит аввал инжиқлик қилди. Оёғини тутқазмай ангиллади. Кейин кичик хўжайиннинг нияти эзгулигини тушунгандек жимиб қолди.

      * * *

      Тарихдан маълумки, ҳижрий 260 йил, муборак рамазон ойининг ўн иккинчиси, душанба16 кунида Бухоро Сомонийлар қўлига ўтгач, амир Исмоил ибн Аҳмад давлат бошқарувини девонлар орқали амалга ошира бошлаган. Кирим-чиқим ишларини юритиш, солиқларни назорат қилиш Девони муставфий зиммасида эди. Солиқдан озод қилинмаган деҳқон ерлари ана шу девон назоратида бўлди. Бундай давлат бошқаруви, орадан юз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам, ҳамон давом этиб келарди.

      Абдуллоҳ ибн Ҳасан Афшонадан қайтган ҳамон хирож – ер солиғи ишларига жалб қилинди. У қўл остидаги мулозимларни роботдаги қишлоқларга йўллади. Кузда пахта, ғалла, қовун-тарвуз эккан деҳқонлар шошилинч ҳосил йиғмоққа киришадилар Уларнинг кўпчилиги “муқосама” солиғига шартлашган бўлиб, бунда ҳосилнинг учдан бир қисмини солиқчилар ихтиёрига топширишар эди.

      Хирож тўплаш бошланганига ўн кун бўлар-бўлмас Абдуллоҳ ибн Ҳасанни тонг саҳарлаб қози17 чақиртирди. Зармуҳаммад ибн Юсуф исмли бу қози билимдонлиги, ҳақгўйлиги билан Бухорода танилган. Абдуллоҳ унинг ҳузурига кирганида қозининг кайфияти ёмонлигини сезиб, ҳушёр тортди. Қози унинг саломига базўр алик олди.

      – Хурмитанга хирож тўпламоққа кимни йўллаган эдингиз? – деди дабдурустдан.

      Абдуллоҳнинг юраги бир қалқиб тушди. Хурмитанга юборган мулозимидан ўзининг ҳам кўнгли тўлмай юрган эди.

      – Жаббор ибн Азларни, – деди оҳиста.

      – Хурмитанлик деҳқонлар норозилик билан Девони муставфийга келганлар! Бунга не дейсиз?!

      Абдуллоҳ нима деб жавоб қилишни билмасдан кўзини ерга тикди.

      – Биламен, сиз ҳалол иш олиб борасиз, – Зармуҳаммад ибн Юсуфнинг гап оҳанги бироз юмшади. – Шу боисдан энг одил қарорга келдик. Хурмитанга ўзингиз бориб, ҳақни қарор топтирурсиз. Зудлик билан йўлга тушинг!

      Абдуллоҳ ибн Ҳасан олиму фозил, халқнинг ҳурматига сазовор қозининг таънасини


Скачать книгу