Ёзувчи учун атир. Неъмат Арслон
хилқатларнинг нималигини билиб олишга улгурганимиз йўқ, айримларининг номи эса жисмига ва хусусиятларига мос эмас. Қўзиқорин-чи? Уни номлаган одам жуда кузатувчан киши бўлгани аниқ. Бу антиқа гиёҳнинг ташқи кўриниши қўзининг ёки қўйнинг қатқоринига жуда ўхшайди. Аммо қўзиқориннинг бошқа бир хусусияти ҳайратлантиради. Баайни Радар, худди шундай, қўзиқоринлар ҳаводаги титроқларни нозиклик билан илғайдилар. Момақалдироқ уйғотиб юборади уларни, уйқуси бузилган қўзиқоринлар гумбурлаётган садо сирини билиш учун ердан бош кўтариб чиқади. Бундан ташқари улар радиацияни ва нурлар оқимини ҳам бошқа гиёҳларга нисбатан аниқ ҳис этадилар. Нима бўлганда ҳам бағоят лаззатли улар. Ёғда қовуриб еса ҳам бўлади, баъзилар сутда қайнатиб истеъмол қиладилар. Тиззасидан нам ўтиб кетаётганлигини пайқаб ишни тезлатди. Костюмининг чўнтаклари қаппайиб қолди. Табиат неъматлари Кимёнинг туғилган кунига яхши совға бўлишини ўйлаб, қовурилган қўзиқориннинг беқиёс таъмини оғзида ҳис этганча йўлда давом этаркан, нимадир ялтираб кетганини пайқади ногоҳ ва бир қадам орқага қайтиб ерга тикилганча туриб қолди. Ўтлар орасида нимадир чўғдек ёниб турарди. Олди, сув томчилари ва ёмғирда сачраган лой зарраларини артиб, тозалаб чўнтагига солди.
…Хотинини излаб том ортига ўтаркан, ой нурида ялтираб турган нарса ўша тақинчоқ – ўн тўққиз кўзли брошка – эканлигини англади. Кимёнинг ярим тунда ўрнидан туриб қочиши ва унинг ғайритабиий ҳолатини баҳолашга, хулоса чиқаришга ожиз эди ақли. Тақинчоқни ердан олиб, иситмоқчи бўлгандек кўксига босди. Муздай эди анор донасидек тизилган мунчоқлар.
2
Қишлоқда қариндош-уруғлари йўқ эди бу оиланинг. Кимёнинг иккита дугонаси бор, холос. Медицина ҳамшираси бўлиб ишлайди ҳар иккаласи ҳам. Кимё уларнинг бошлиғи, яъни катта ҳамшира. Қишлоқ шифохонаси чамаси икки километр нарида жойлашган. Шомир Халтаев деган одам бош врач. Аслида, унинг фамилияси Холтоев… исмларни русча талаффуз билан айтиш урф бўлган замонларда паспортига “Халтаев” деб ёздириб олган. Бу одамнинг қўшша ияги, чўтиртоб юзи ва бироз кўкимтир чағир кўзи… кўзининг оқи… ва кўз остида осилиб турадиган халтача… буларнинг ҳаммаси нохуш таассурот уйғотади. Хотини изсиз йўқолган туннинг эртасиёқ бош врачнинг олдига борди. Катта ҳамшира Кимё Шоҳазратовнанинг йўқолиб қолганини айтди:
– Нечун менга дарди ҳол қиласиз?
– Кимга айтай дардимни, сиз бошлиғисиз… – деди ялинганнамо бир қиёфада Тиркаш Бешим.
– Ўзингиздан ва ўзингизга, – деган фалсафий жавоб бўлди. Уч кун кутди ва тўртинчи куни милиция идорасига борди. Дунёдаги энг совуқ идора – милицияхона. Саратоннинг жазирамасида келган кишининг ҳам бутун вужуди қалтирайди. Ана шундай алфозда тиззаларида титроқ туриб, навбатчи милиция ходимига рўпара бўлди. Елкасида тўрт дона майда юлдузча, демак, капитан. Унга мурожаат қилди:
– Ўртоқ командир, хотиним йўқолиб қолди.
– Фамилияси?
– Шоҳазратова.
– Исми?
– Кимё.
– Ёши?
– Қандай