Ёзувчи учун атир. Неъмат Арслон

Ёзувчи учун атир - Неъмат Арслон


Скачать книгу
кечада уйига қайтди Тиркаш Бешим. Боз боягисидек ёритиб турарди тўлин Ой. Орадан шунча кун ўтди нега ҳамон ўша ҳолатда турибди Ой? Бу давр ичида камая бориши ва яримта ҳолатда кўриниши керак эди… Шундай хаёллар билан чўнтагидан калит олиб қулф тирқишига тиқди, калит айланмади, не кўз билан кўрсинки, эшик қулфи очиқ. Қандайдир хатар борлигини ҳис этди унинг бродикардияга ошно юраги. Эшик очилди. Остона ҳатлаб хонага кирди ва электр чироқ тугмачасини пайпаслади. Топди, босди. Хона ёришди ва тўшакда ётган номаълум жонзот ҳаракатга келди, қаддини ёстиқдан кўтариб қаради.

      – Кимсан?! – хириллади Тиркаш.

      – Кўриб туриб талмовсирайсиз, Кимёман.

      – Қачон келдинг?

      – Қаердан?

      – “Дарранда”дан!

      – Дарранда деганингиз нимаси? Ким айтди сизга бу гапни?

      – Милиция. Капитан Аллабоев…

      – Ҳеч қаёққа борганим йўқ. Ўрнингиздан отилиб турдингизу ўқдай учиб чиқиб кетдингиз ўзингиз. Бир соатдан бери нима қилдингиз ташқарида?

      – Бир соат деганинг нимаси? Беш кундан бери сени қидираман, – деди тушкун қиёфада Тиркаш Бешим ва ҳолсизланганча каравотига ўтириб қолди. Бироздан кейин унинг йиғламсираган овози эшитилди:

      – Шафқат қилсанг бўларди менга, Кимё…

      Шу гапдан кейин оҳиста ўрнидан турган аёл яқинлаб келди ва кафтини эрининг пешонасига босди. Бу ҳолат узоқ давом этишини, мангуликка бориб туташувини истарди Бешим. Оловдек қизиб кетган пешонасига малҳамдек ёқди аёлининг кафти.

      … Муздек эди Кимёнинг бармоқлари.

Чирчиқ. 2020 йил, декабрь

      ЕТИМ

      Бир дона дўлана тушиб қолди подачининг сумкасидан. Чақил эди ер. Ғўрашак тупроқ тагида хўмрайиб ётарди бадқовоқ ва шафқатсиз палахса тошлар. Инсоннинг қаерда туғилиши ўз ихтиёрида бўлмаганидек, дўлана ҳам илдиз отди ана шу лаънат тамғаси билан муҳрланган ерда. Узоққа кетолмади унинг томири ва нимжон бўлиб ўсди ниҳол. “Ўсди” деган калима унинг ҳаётини тўлиқ ифодалай олмайди. Йиллар ўтса ҳамки, сира моннимади. Лафзимизда шундай сўз бор. Адабий тилимизда учрамайдиган бу сўз чақил ерда дийдираб турган дўлана ниҳолининг кўринишини аниқ ифодалайди.

      Ноилнинг ҳаётини ана шу дўланага ўхшатаман. Атрофга жовдираб қарарди унинг кўзлари. Қўрқув аломати бу. Боланинг юрагини қамраб олган ҳиссиёт умрининг охиригача кетмади унинг вужудидан. Беш ёшлигида бегона бир одам пайдо бўлди ғарибгина хонадонда ва эшик олдига тақаб қўйилган каравотга ётди. Қандайдир қўшиқни хиргойи қиларди у беўхшов овоз билан. Айвончада турарди бу пайтда Ноил. “Эй қизча, бу ёққа кел!” деган чорловни эшитди Ноил, бўйсунди ва каравот олдига яқинроқ борди. Билмасди аслида: бу одам ким? Қаердан келган? Нима қилади бу ерда? Ҳирс билан қаради одам ва сира мумкин бўлмаган, китобларда ёзиш ёки бировга айтиш имкони йўқ бир нарса беришни талаб қилди боладан. Хушсувратгина бола эди Ноил. Елкасига тушиб турарди икки ўрим кокили. Ўғил болаларда ҳам кокил бўларди ўша даврларда. Кўзлари бўталоқларникидек катта-катта, юзи оппоқ, қошлари


Скачать книгу