Япон зобити. Леонид Чигрин
хулоса қилсангиз бўлади, – давом этди Савелий Парфёнов. – Соғлом ва бақувват эркакларимизнинг қанчасидан айрилдик? Қанчадан-қанча оилалар боқувчисиз, етим қолишди? Балиқ тутиш ва ов нималигини қарийб эсдан чиқардик, ерларимиз шудгорсиз қолди, очлик ва касаллик ҳар бир хонадонга жойлашиб олгандек бўлди. Оғир, жуда оғир бўлди! Лекин ростакам ҳаётни қуришимиз ўзимизга боғлиқ. Келинглар, оқларни охиригача урайлик, уларнинг отряди қолдиқлари ўрмонларимизда, олис қишлоқларимизда яшириниб ётибди, қароқчилик ва талончиликни давом эттиряпти. Охиригача уришайлик, сўнг барча бузилганларни тиклаймиз…
Ютаро Тода ҳам бу сўзларни аралаш ҳиссиётлар билан тинглади. Уруш поморларга қандай кулфатлар келтирганини у ўз кўзлари билан кўрди. Гарчи офицерлик бурчини бажарган бўлса-да, ушбу воқеаларда ўзининг ҳам маълум даражада айби бор эди. Аммо буни ўз бурчини бажаргани билан оқлаб бўладими? Чунки поморлар Японияга эмас, балки унинг ўзи уларнинг ерига қўлида қурол билан кириб келган. Тўғри, мана, икки йилдан буён шимолликларга машаққатли жанговар курашида кўмаклашмоқда, лекин унинг бу кўмаги қонли тўқнашувлар оловини сўндириш учун етарлимиди?
Парфёнов унга бир неча марта ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчи вазифасини таклиф қилди, чунки унга ўқув юртида поручик ўзлаштирган махсус билимлар етишмаётганди. Лекин Ютаро Тода ҳар доим рад этар ва “Бир-бирига қарши курашаётган ҳар икки тарафнинг ўзига яраша ҳақиқати бор” деб ҳисобларди. Энди у оқ гвардиячилар гуруҳларини сиқиб чиқаришда поморларга фаол кўмаклашишга аҳд қилди. Эшитгани – фуқаролар урушидаги халқ йўқотишлари уни даҳшатга солди. У қизиллар тарафида ҳам, оқлар тарафида ҳам эмас (қолаверса, бу Россия аҳолисининг ички иши), фақат урушга қарши эди. Поручик ҳар бир мамлакатда армия бошқа бир давлат ерига бостириб кириш учун эмас, балки ўз ерининг ҳимояси учун кераклигига ишонч ҳосил қилди.
Ўша кундан бошлаб поручикнинг ҳаёти бошқача аҳамият касб эта бошлади. У суткалаб партизан бир лашмаси штабида қолиб кетадиган бўлди. Харитада отрядлар ҳаракатини белгилар, қаерда пистирмалар қуриш кераклиги, душманни қандай қуршовга олиш ва қаршилик кўрсатишни тўхтатишга мажбурлашни тушунтирарди. Парфёнов ўзининг ақлли маслаҳатчисидан кўнгли тўқ эди. “Калланг яхши ишлайди, ошна, – дерди у гумбурлаган товуш билан. – Тез илғайсан. Сизнинг Япониянгизда ақл билан ўргатишаркан.”
Нима ҳам дердик, Ютаро Тодага бу сўзлар ёқиб тушарди. У душманнинг шаҳарга қўққисдан ҳужумига қарши архангельскликлар ковлаган мудофаа иншоотларини кўздан кечиргач, уларни танқид қилди.
– Мана, қаранг, – деди у Савелий Парфёновга, – ҳар бир жангчи учун окоп қазигансиз, лекин улар бир-бири билан боғланмаган. Агар кимдир яраланса, унга ёрдам бериш учун олдига қандай ўтасиз? Окопларни хандақлар билан бир-бирига боғлаш зарур. Бу – бир. Қолаверса, ҳар бир окопнинг олдида ўқ ва бомба парчаларидан ҳимоя қилиш учун ясама дўнглик қилинган. Эҳтимол, тўғридир, лекин бу тепачалар узоқдан кўзга ташланиб турибди